декабр 27, 2017 15:42 Asia/Tashkent

Тингловчиларнинг талабларига мувофиқ

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Унда “Оят ва белгилар” номланган янги туркум эшиттиришлар  борасида сўз юритамиз.    Бизни тинглаб  борасиз деган умиддамиз.

Ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” унвонли эшиттиришнинг ушбу сони тингловчиларимиз талаблари асосида  тайёрланган. Улар биздан Ўзбекистон Халқ артисти Ҳалима Носирова ҳақида маълумот беришимизни сўрашган.

Ўзбек қўшиқчилиги ва опера санъатига бебаҳо ҳисса қўшган санъаткорлардан бири Ҳалима Носировадир. Ҳалима Носирова айниқса ўзбек опера санъатида алоҳида мактаб яратди ва бу ноёб санъат риво­жига улкан ҳисса қўшди.

          Ҳалима Носирова 1913 йилда Қўқон яқинидаги тоғлик қишлоғиларда таваллуд топди. Отаси Муҳаммадносир ака косиб бўлсада, қўшиқ ва шеърлардан хабардор бўлиб, ёш Ҳалима қалбида санъатга ҳавас уйғотди. Отасининг бевақт вафотидан сўнг қийин аҳволда қолган оила онаси Хосиятхон ва опалари Ҳожар ва Ойишалар билан Қўқон шаҳрига кўчиб келишади. Ёш Ҳалимани болалар уйига топширишади. 1929 йилда Тошкентдаги хотин-қизлар билим юртига ўқишга қабул қилинади. Шу ерда Али Ардобус раҳбарлик қилаётган бадиий ҳаваскорлик тўгарагига дугоналари Шоҳида Махсумова, Назира Алиевалар билан қатнай бошлайди. Тезда устозларнинг назарига тушган Ҳалима Носирова 1925 йилда бир гуруҳ ёш санъаткорлар билан Бокудаги театр билим юртига ўқишга юборилади. Иш фаолиятини ҳозирги миллий академик театрда бошлайди. Қатор образларни яратади. Сўнгра Москва Давлат конcер­ваторияси қошидаги ўзбек опера студиясида таълим олади. 1929-1939 йиллар мобайнида ўзбек мусиқали драма театрида ижод қилди ва хилма-хил образларни яратди. 1939 йилдан бошлаб то кучдан қолгунга қадар А. Навоий номидаги ўзбек опера ва балет академик театрида ижод қилди ва ушбу қутлуғ даргоҳда ўз ижрочилик мактабини яратди. «Лайли ва Мажнун», «Гулсара», «Кармен», «Бўрон», «Майсаранинг иши», «Зайнаб ва Омон», «Хоразм қўшиғи», «Улуғбек» сингари ўнлаб опералардан бош образларни қўшиқларини куйлади. Ҳалима Носирова ўзбек миллий ашула ва қўшиқларини бетакрор ижрочисидир. Унинг ижросида «Ушшоқ», «Чоргоҳ», «Баёт», сингари халқ ашулалари алоҳида ўзига хос услуб билан ижро этилади.

          Мен ўзбек куй ва ашулаларини, мақомларини севимли ҳофизларимиз ва устоз созандаларимиз Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Ҳожи Абдулазиз, Муҳиддин Қори Ёқубов, Домла Ҳалим Ибодов, Юсуфжон Қизиқ, Уста Олим Комилов, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умурзоқов, Мадраҳим Шерозийдан ўргандим, - дейди Ҳалима Носирова. Санъаткор тушунчасида қўшиқ инсоннинг меҳнатида, ҳаётида, тақдирида доимий йўлдошидир. Халқнинг севимли санъаткори Ҳалима Носирова катта Фарғона, Тошкент, Лоғон, Чирчиқ каналлари, Каттақўрғон сув омбори, Фарҳод ГЭС қурилишларида. Мирзачўл, Қарши, Жиззах, чўлларини ўзлаштиришда, даҳшатли уруш йилларида халқ руҳини кўтаришда ўз санъати билан фаол қатнашди.

     Қадрли мухлислар,  сиз  ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи”  рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.

 Эслатиб ўтамиз,  сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com / uz ва  электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com  ҳамда мобайл апликешн орқали   бизга юборишингиз мумкин.

Биз билан ушбу телефон рақами  орқали ҳам боғланишингиз  мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,

Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

Эшиттиришимиз давом этади.

 Ҳалима Носирова «Ўзбекфилpм» киностудиясида суратга олинган «Асал», «Фронтга совға», «Мафтунингман», фильмларида образлар яратди ва кино соҳасига ҳам ҳисса қўшди. Ҳалима Носированинг ёрқин санъати ва истеъдодидан таъсирланган бир қанча хорижий танқидчилар унинг санъатига юксак баҳо берганлар. Сурияда чиқадиган «Лисон аш шааб», ва Ҳиндистонда босиладиган «Стейстмен» газеталари ўзбек қўшиқчисини ниҳоятда ёқимли ва жозибадор, дилларни ром қилувчи овози ҳақида 1956 йилда самимий сатрларни ёзган. Унинг булбулсифат овози ўзбек санъаткори тимсолида Ҳиндистон, Бирма, Ливан, Миср, Эрон, Хитой, Канада каби ўнлаб мамлакатларда ёйилган. Ҳалима Носирова ҳаётлигидаёқ икки ажойиб нарсаси билан ўзига ҳайкал ўрнатди. Бири чинакам халқчил санъати, иккинчиси шогирдлари, издошлари билан улуғ бахтга эришганлигидир.

          Унинг санъатдаги хизматлари муносиб баҳоланган бўлиб, «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди. Мустақиллик шарофати билан «Буюк хизматлари учун» орденини кўкрагига тақиш бахтига муяссар бўлди.

          Ўзбек санъатининг улуғ намояндаси, бетакрор овоз соҳибаси Ҳалима Носирова 90 ёш умр кўриб 2002 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

Ҳозир эса сирдарёлик  мухлисларимиздан бири Абдулҳамиднинг радио эшиттиришлари  борасидаги суҳбати ва талабини эътиборингизга ҳавола этамиз. Тингловчимиз Абдулҳамиднинг қилган суҳбати  эди.

Радиомизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.

Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.

Қадрли   мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам  Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг.  Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг