Ҳаётий муаммолар калиди
Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсада, бу мавзу ҳамон ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаётган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва дунё тургунча шундай давом этаверади. Зеро, ўқитувчи ва муаллим тоифасининг жамият салоҳияти, келажак авлод тарбияси ва эл-юрт тинчлиги ҳамда ривожидаги ўрни беқиёсдир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.
Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсада, бу мавзу ҳамон ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаётган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва дунё тургунча шундай давом этаверади. Зеро, ўқитувчи ва муаллим тоифасининг жамият салоҳияти, келажак авлод тарбияси ва эл-юрт тинчлиги ҳамда ривожидаги ўрни беқиёсдир.
Муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Ахир, устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки, унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди.
Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлди. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг сарҳил меваларини тақдим қилади.
Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.
Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир жиноят саналади. Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади. Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Аллоҳ ҳурматларини баланд қилган тоифага мансубдирлар.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили [email protected]
Қуръони карим Ҳаж муборак сурасининг 30 ояти каримасида бу мавзуда келган:
“(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида илмга тарғиб қилар эканлар, илмни умумий маънода ишлатганлар.
Лозим бўлган ўринда диний билмларни номлаб айтганлар. Ўзларининг ҳаётлари мобайнида саҳобаи киромларни, уларнинг иқтидорларига қараб, ўша даврдаги илмнинг турли соҳаларига йўналтирганлар. Шу боис, ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билимларни ўрганиши лозим.
Шу билан бирга, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухровий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафининг устун келиши эса, инсоннинг ўзига, ниятига боғлиқдир.//// Ҳурматли тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.