Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил баҳман ойининг 7-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил жамодиул аввал ойининг 9-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 27-январь
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил баҳман ойининг 7-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил жамодиул аввал ойининг 9-си ва милодий ҳисоб билан 2018 йил 27-январь.
Бундан 459 йил муқаддам, ҳижрий-қамарий 980 йил жумодиул аввал ойининг 9-куни улуғ ориф ва файласуф "Мулло Садро" ва "Садрул мутааллиҳин" лақаблари билан машҳур бӯлган Садриддин Муҳаммад бин Иброҳим Шерозий Шероз шаҳрида дунёга келди. У аввалига Сафавий сулоласининг пойтахти Қазвин шаҳрига бориб, замонасининг улуғ олимлари Шайх Баҳойидан фиқҳ ва риёзийни, аллома Мирдомоддан мантиқ, фалсафа ва ирфонни, Мир Финдирискийдан эса нужум илмини ӯрганди. Давлатнинг пойтахти Исфаҳонга кӯчирилгач, Мулло Садро ҳам янги пойтахтга борди ва шогирдлар тарбияси билан шуғулланди. Аммо кӯп ӯтмай айрим олимлар билан ораларига ихтилоф тушиб, Қум шаҳрининг яқинидаги қишлоқлардан бирига бориб, узлатни ихтиёр этди. Ана шу пайтда ёзилган "Асфор арбаъа" асарида Мулло Садро ақл ва фалсафанинг дин ва ваҳий билан алоқасини баён қилди. У фалсафанинг ирфоний йӯналиши "Ҳикмати мутаъолия"нинг асосчисидир.
Мулло Садро умрининг охирги ӯн йилини Шероз ҳокими томонидан қуриб берилган мадрасада шогирдларга таълим бериш билан ӯтказди.
Буюк олимдан арзирли маънавий мерос қолди. Ёзган китобларининг сони 40 дан ортиқдир. "Мабдо ва маъод", "Зодал мусофир" ва "Муташобиҳот ал Қуръон" асарлари унинг қаламига мансуб.
Мулло Садро ҳижрий-қамарий 1050 йили еттинчи маротаба яёв ҳажга бориш пайти оламдан ӯтди.
Бундан 262 йил олдин, яъни милодий 1756 йилнинг 27- январида австриялик машҳур бастакор Волфганг Моцарт Зальцбург шаҳрида таваллуд топди. У болалик чоғидан бошлаб мусиқага қизиқиш зоҳир этди ва композитор ҳамда мусиқачи бўлган отасининг олдида бу санъатнинг сир-асрорларини ўрганди. Моцарт 5 ёшида куй басталади ва 6 ёшида эса оркестрни бошқариш ва концертларни ижро этиш билан шуғулланди ва бир неча муддат ўтганидан кейин ўзининг биринчи симфониясини ёзди. У 25 ёшга кирганидан сўнг ўз умрининг кўп қисмини Австриянинг пойтахти Вена шаҳрида ўтказди. Моцарт ҳаракатчан композитор эди ва қисқа умр кўрганига қарамасдан ўзидан кўп шоҳ асарларни боқий қолдирди. Машҳур опералардан "Фигаронинг уйланиши" ва "Сеҳрли най" асарлари шулар жумласидандир.Моцарт милодий 1791 йилда 35 ёшида вафот этди.
Бундан 45 йил олдин, милодий 1973 йилнинг 27-январида Парижда тўрт йиллик музокаралардан кейин Америка ва Шимолий Вьетнам ўртасида оташкесим битими имзоланади. Париж битими билан танилган ушбу келишув асосида Америка Жанубий Вьетнамдан ҳарбий кучларини чиқаришга рози бўлади. Мазкур оташкесим битимидан кейин Америка ва Шимолий Вьетнам ҳарбий кучлари ўртасида ўт очишлар тўхтамаган бўлсада, бироқ 1975 йилда Америка кўплаб талафотлар бериб, Жанубий Вьетнамни тарк этишга мажбур бўлади. Париж битими Американинг Вьетнамдаги дахолат қилиш ва экспансионистик сиёсатлари заминасидаги катта мағлубияти эди. Ушбу дахолатлар 1964 йили бошланган эди. Ниҳоят 1975 йилнинг 29 апрелида Жанубий Вьетнам Шимолий Вьетнам қуролли кучлари орқали озод этилади ва Вьетнам ягона юрт бўлиб, қайтадан бирлашади.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.