Ҳаётий муаммолар калиди
Меҳмон деб аслида, бошпана, егулик ва ичгулик билан таъминлашингиз учун уйингизга мусофир ҳолда вақтинча нозил бўлувчи кишига айтилади.
Меҳрибон ва раҳмли Алл.. номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.
Меҳмон деб аслида, бошпана, егулик ва ичгулик билан таъминлашингиз учун уйингизга мусофир ҳолда вақтинча нозил бўлувчи кишига айтилади.
Зиёфат, яъни меҳмоннавозлик ва меҳмон кутиш олийжаноб хулқлардан бўлиб, фозил кишилар бу нарсага қадим-қадимдан бери амал қилиб келадилар. Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлса. “Меҳмон – отангдан улуғ”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан”, “Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема” каби мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.
Ислом дини севимли пайғамбари ҳазрат Муҳаммад (с) буюрмишлар:
“Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, бас, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қариндош уруғлар билан силаи раҳм қилсин. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхшиликдан сўйласин, ёки жим турсин”.
Ушбу ҳадис меҳмонни иззату икром қилишга гўзал равишда тарғиб қилади. Унга кўра, ўзини комил иймонлилардан деб ҳисоблаган ҳар бир киши меҳмонини икром қилмоғи лозим. Акс ҳолда иймони ҳали комил бўлмаган ҳисобланади. Ҳадис замирида шундай маънолар ҳам ётадики, меҳмонни икром қилиш иймоний хислатлар сирасидан экан.
Демак, меҳмонни икром қилганлиги учун киши дунёю охиратда ажру савобларга эга бўлади. Меҳмонни иззат қилиш яхши ишлар, маъруф ишлар қаторига киради. Набиййи Муҳтарам (с) ўз ҳадисларида وكل معروف صدقة яъни “ҳар бир маъруф иш садақа (яъни савоб)дир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, меҳмон кутган инсон бу иш учун ажру савобларга эга бўлар экан. Шу боис, ҳам халқимизда қадимдан: “Меҳмон атойи Худо” деган нақл мавжуд.
Меҳмонни икром қилиш боби жуда кенг бўлиб, у кўплаб ишларни ўз ичига олади. Жумладан, меҳмон ташриф буюрганда, уй соҳиби қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, меҳмонни очиқ чеҳра ва шодлик билан кутиб олмоғи керак. Бу вақтда уй эгаси қандайдир бошқа ишларни режалаштириб турган бўлса ҳам уларни кечиктириб, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш билан овора бўлиши мақсадга мувофиқ ишдир.
Меҳмон кутишга тайёргарлик кўраётганда, хоналарнинг озодалигига алоҳида эътибор беринг. Жумладан, ваннахонага тоза сочиқ, янги совун, атир ва ҳоказолардан қўйинг. Бошқа майда-чуйдаларгача қараб чиқинг. Меҳмоннинг кўзи дорда осилган ич кийим, чақалоқларнинг иштонлари ва ҳоказоларга тушиб қолмайдиган бўлсин.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили [email protected]
Меҳмондустлик ажойиб ҳислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади.
Меҳмондўстлик мусулмон кишининг фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди. Бой-камбағал деб ажратмасдан, ҳамма баравар меҳмон қилинади. Бир уйдан меҳмонга таклиф этилса, унинг катта ўғли ёки меҳмони ҳам қўшиб чақирилади. Айтилган жойга албатта борган маъқул.
Хуллас, меҳмонни икром қилишда ҳам кишиларнинг мавқеъларига ва урф-одатга қараб иш тутиш айни муддаодир. Баъзан уйингизга қавмнинг обрўли кишиларидан, олиму фозиллардан бўлган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин.
Шундай одамларни ўзига муносиб тарзда кутиб олинади. Бордию, хонадонингизга ота-онангиз ташриф буюришса, уларни ҳам алоҳида эҳтимом билан кутиб олмоқ лозим. Хуллас, ҳар доим ҳам келавермайдиган ноёб меҳмонларни, кунда шунда бўлган жиян ёки укаларингизга кўрсатган икромингиздан ўзгачароқ бир иззат билан кутиб олиш керак бўлади.
Ҳурматли тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.