Биз ва тингловчи
Интернет одоби
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Унда “ Интернет одоби” мавзуси борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
“Интернет” сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, ўзбек тилида “халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди.
Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Ҳаво йўли билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон оддийгина чипта олиш учун чиптахонага бориши, навбатда туриб чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса, жуда кўп фойда кўрилади. Бунда инсон уйида ўтириб чипта сотиб олади. Вақти келганда аэропортда учишдан олдин автоматдан чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштириб кўрилса, вазият аён бўлади. Чиптахонага бориб овора бўлинмайди. Навбатга турилмайди. Устига-устак арзонга тушади. Чунки чиптахона биноси, чиптачи, бинони иситиш, совутиш, ёритиш учун кетадиган, йўлкира ва шунга ўхшаш харажатлар тежаб қолинади.
Бу жуда ҳам оддий мисол, бунга ўхшаш фойдалар жуда кўп. Шунинг учун ҳозирда ҳамма халқлар интернетни ривожлантириш борасида қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Бу ишга тўғаноқ бўлувчи омиллардан халос бўлиш йўлларини ахтармоқда. Интернетдан фойдаланувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳамма ушбу осонлик ва қулайликдан баҳраманд бўлишга ошиқмоқда.
Аммо шу билан бирга интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақидага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказолар. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.
Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса, динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.
Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита эканидан олдинлари мусулмон уламоларнинг бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозир эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳам қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди. Қуйидаги саҳифаларда эътиборингизга тақдим этилаётган маълумотлар мазкур соҳадаги изланишларда камтарона бир уриниш бўлишидан умид қиламиз.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
– Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади.
– Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли экани, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур. Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрнинг тансиқ кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак.
– Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Ҳар бир ишдаги каби интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилиаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур.
Ҳозир эса радиомиз сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.
Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.
Энди эса радиомизнинг эшиттиришлари борасида доимий тингловчиларимиздан бири чимкенлик Абдухолиқнинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Тингловчимиз Абдухолиқнинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.