апрел 07, 2018 15:05 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Тожикистон ва Россия авиакомпаниялари ўртасидаги баҳс-мунозаралар якунланди;
  2. Туркманистонда ўғирлик ва қотиллик содир этган мактаб ўқувчиларидан иборат тўда ушланди;
  3. Атамбоев: "Адолатли ҳукмдорнинг қариндош-уруғи бўлмайди";
  4. Нурсултон Назарбоев нефтни қайта ишловчи янги завод қурилиши устувор масала эканлигини айтди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ўтган сешанба куни Россия билан авиақатновлар йўналишидаги келишмовчилик ҳақида муносабат билдириб, Россия авиакомпанияларининг босимларини ноконструктив дея атади. 

Ирна агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Россия авиаташувчи ширкатлари томонидан кўрилаётган чоралар оқибатида икки томон ҳам зарар кўриши ҳақида ўзининг хавотирини билдирди. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Тожикистон ҳаво йўллари ширкатлари ўртасида келиб чиққан ихтилофларни музокара ўтказиш орқали ҳал этилишини истади. 

Тожикистоннинг Somon Air хусусий компанияси тўққиз йўналиш бўйича Россияга парвозларни мажбурий равишда тўхтатди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди. Компания "Росавиация" телеграммасига мувофиқ шундай қарор қабул қилишга тўғри келган.

Бундан ташқари, 5 апрелда Somon Air'нинг Хўжанд  — Москва — Хўжанд йўналишидаги вақтинчалик рейслари муддати ҳам тугайди.

Тожикистон ва Россия авиаҳукуматлари ўртасидаги можаро Тожикистон томоннинг Урал авиалинияларига 26 мартдан баъзи йўналишлардаги (жумладан, Пермь ва Челябинскдан Душанбега) парвозларга рухсат бермагани туфайли юзага келди.

Тожикистонда бу маҳаллий авиакомпанияларнинг Россиянинг ушбу шаҳарларига парвоз қилмаслиги билан изоҳланди. Россия Транспорт вазирлиги ҳам тожикистонлик ҳамкасбларини шу йўналишда музокара бошлашга чақирди.

Россиянинг Транспорт вазирлиги  Россия ва Тожикистон авиакомпаниялари ўртасидаги музокаралардан кейин  олдин жорий этилгган ушбу таъқиқлар олиб ташланиб, келиб чиққан можаролар ҳам ҳал этилди деб эълон қилди.

Туркманистоннинг Лебап вилояти марказида март ойи охирида полиция юқори синф ўқувчиларидан иборат тўдани ушлади, бу шахслар одамларга уларнинг квартираларида босқинчилик билан ҳужум уюштирган. «Альтернативние новости Туркменистана» нашри хабарига кўра, маълумот ўта махфий ҳолда сақланмоқда.

Тўдага Туркманободдаги уч мактабдан бўлган 11-синфнинг олти ўқувчиси кирган: ўн иккинчи ва ўттизинчидан бир киши ҳамда 32-мактабдан тўрт шахс. Улардан бири «Учпункт» миттитуманида яшаган. У билан таниш бўлган одамларнинг сўзларига кўра, йигит яхши кийинган, ўзига қараб юрган. У мактабга кўп ҳам бормаган, ота-онаси бунга ўғиллари пул ишлаб топаётгани билан изоҳ берган.

Ушбу шахслар бир неча ой давомида шаҳарликларнинг квартирасига бостириб кирган ҳамда, пичоқлар билан таҳдид қилиб, пул ва заргарлик буюмларини ўмарган. 27 декабрь куни тўда ногирон қизи бор кекса ёшли аёлнинг уйига бостириб киради. Она ва қиз шаҳарнинг қайси туманида яшаши – номаълум. Жиноятчилар 20 марта пичоқ билан зарба берган, умуртқа поғонасини синдирган, шундан сўнг квартирадан пул ва баъзи қимматликларни олиб чиқиб кетган.

Ҳаммаси бўлиб бир нечта шундай қотиллик юз берган. Ҳолатлардан бирида тўда ёш болани қийноққа солиб, унда уйида пуллар қаерда сақланишини кўрсатишни сўрашган.

Жиноятчилар тасодифан қўлга олинди. Манбаларнинг айтишича, спиртли ичимлик таъсирида бўлган ёш йигитлар бильярдхонадан чиқаверишда полиция патрули томонидан тўхтатилган. Йигитлар бири полицияга олиб борилганида, машинада пуллар, тилла узук ва занжирлар топилди. Манбалар хабарига кўра, ходимлар тергов тадбирларини ўтказишган, улар давомида йигитлар жиноятларни қандай амалга оширганликлари ҳақида батафсил маълумот беришган.

26 мартдан прокуратура шаҳардаги барча мактабларда текширувлар ўтказмоқда. Директорлар ўқитувчилар билан мажлислар ташкиллаштирмоқда.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 2010 йилнинг 7 апрелидаги Апрель халқ инқилобининг саккиз йиллиги муносабати билан қирғизистонликларга мурожаат қилди.

"Биз озодлик ва адолат учун ўз ҳаётини тиккан қаҳрамонлар номини доим ёдда тутамиз. Бугун яна уларни хотирлаймиз. Ўша куни 87 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган. Юзлаб кишилар жароҳат олишган, уларнинг 45 нафари соғлиғини тиклай олмай, ўтган 8 йил ичида ҳаётдан кўз юмди. Халқ ҳеч қачон икки сулолавий режимнинг қонли курашини ёддан чиқармайди. Шу боис Қирғизистон ҳукумати доим асрлар оша синалган донишмандликка риоя қилиши лозим: адолатли ҳукмдорнинг қариндош-уруғи бўлмайди, фақат ўз наслини севувчи ҳукмдорнинг эса - ғурур ва виждони!", - дейилади хабарда.

"2002 йилнинг 17 мартидаги Оқсой воқеалари, 2005 йилнинг 24 мартидаги ва 2010 йилнинг 7 апрелидаги ҳодисалар - бу халқимизнинг озодлик ва адолат учун кураши тарихини ўзаро боғлаган ҳодисалар".

"Бу бир оғир йўлнинг уч довонидир. Ушбу саналарнинг ҳар бири жуда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ халқ 7 апрелдагина ҳал қилувчи ғалабага эришди. Шунинг учун 7 апрель — халқ байрами", - дейилади мурожаатда.

Алмазбек Атамбоев Қирғизистон халқи 2010 йилнинг 7 апрелида мамлакатнинг қайта туғилишига, озодлик ва адолатпарварликка йўл очиб берган оддий одамлар ва ҳалок бўлган қаҳрамонларни доим ёдда тутишини таъкидлаб, қирғизистонликларни табриклади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда нефтни қайта ишловчи янги завод қурилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтди. У бу ҳақда “Тенгизшевройл” нефть-газ компаниясининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирдаги нутқида айтиб ўтди.

“Нефть ва газ нархларининг тез ўзгараётгани, муқобил технологиялар ривожланиши сабабли нафақат нефтни сотиш, балки нефть ва газни чуқур қайта ишлаш масаласи турибди. Қозоғистон бундан манфаатдор. Chevron бу йўналишда катта тажрибага эга. Ишончим комилки, Chevron ҳар доимгидек бу йўналишдаги ишни қўллаб-қувватлайди”, деб айтган Назарбоев.

“Бугунги учрашувда ҳукуматга Chevron билан бирга нефтни қайта ишлаш корхоналарини қуриш масалаларини кўриб чиқиш зарурлигини айтдим. Қозоғистонни импорт нефть маҳсулотлар олиб кириш тобелигидан чиқариш учун биринчи ўринда нефтни қайта ишловчи янги завод қурилиши масаласи туради”, деб айтган Қозоғистон президенти. 

“Тенгизшевройл” компанияси 1993 йилда Қозоғистон ҳукумати ва Chevron компания ўртасидаги келишувга кўра Тенгиз конини ўзлаштириш учун ташкил этилган.

Қозоғистонга доир бошқа хабаримиз шундан иборатки,

Қозоғистонлик сенатор Дархон Калетаев Қозоғистон Республикаси президентининг қарори билан Дин ва фуқаролик жамияти ишлари бўйича вазир этиб тайинланди. Бу ҳақда Ақорда Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, турли йилларда Қозоғистон президенти девонида ишлаган Дархон Калетаев "Нур Отан" халқ-демократик партия раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият олиб борган.

Янги вазирнинг Қозоғистон Сенатидаги фаолияти тўхтатилди, шунингдек, ушбу вазирликни бошқариб келаётган Нурлан Ермекбаев Президент ёрдамчиси этиб тайинланган. У бир пайтнинг ўзида Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ҳисобланади. 

Маълумот учун, Дин ва фуқаролик жамияти ишлари вазирлиги 2016 йилнинг сентябрида давлат раҳбарининг қарори билан ташкил этилган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ