апрел 28, 2018 14:22 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Тожикистонда энг юқори ва энг кам иш ҳақи маълум қилинди;
  2. Қирғизистоннинг янги бош вазири лавозимга тасдиқланди;
  3.  Туркманистон президенти Ўзбекистонга борди;
  4. Чимкентда 13 ёшли қиз 4,2 кг'ли фарзандни дунёга келтирди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Кун.уз сайтига кўра, Тожикистон иқтисодиётининг реал секторидаги энг паст иш ҳақи жорий йилнинг февраль ойида қишлоқ хўжалиги, овчилик, ўрмон хўжалиги ходимлари ҳисобига тўғри келди: тахминан 600 сомоний (67,5 доллар)га тенг бўлди, деб хабар бермоқда Тожикистон Статистика бўйича агентлиги.

Тожикистонда энг юқори иш ҳақи - тоғ-кон саноати ва конларни ўзлаштиришда. Бу ерда 2,2 минг сомоний (247 АҚШ доллари), қурилишда эса 2 минг сомонийдан бироз кўпроқ (225 АҚШ доллари) олишади.

Кейинги ўринлардан электр энергетикаси ва сув таъминоти жойлашган. Ушбу соҳа ходимлари 1,6 минг сомоний (180 доллар) олади.

Жорий йилнинг февраль ойида Тожикистон иқтисодиётининг реал секторида ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 минг сомоний (169 доллар)ни ташкил қилди ва ўтган йилга нисбатан 8,9 фоизга ошди.

Тожикистонда хизмат кўрсатиш соҳасида энг кўп пулни молия воситачилари олади – 3 минг сомоний (337 доллар), транспорт, сақлаш ва алоқа соҳасида – тахминан 2 минг сомоний (225 доллар), кўчмас мулк, ижара ва тижорат фаолияти билан боғлиқ соҳаларда – 1,5 минг сомонийдан бироз камроқ (169 доллар), дея хабар қилмоқда тожик ОАВ.

Тожикистонга доир бошқа хабаримиз шундан иборатки, мазкур мамлакат ва Ўзбекистон  ҳукуматлари ўртасида «Фарҳод»​ ГЭС объектидан самарали фойдаланиш бўйича эришилган келишувлар Тожикистон Республикаси парламенти томонидан ратификация қилинди. Бу ҳақда парламент раиси Шукуржон Зухуров журналистларга маълум қилган.

Хабар берилишича, жорий йилнинг март ойида икки давлат раҳбарлари учрашувида ҳам муҳокама этилган масалага оқилона ёндашув бўлган. Унга кўра, объектдан фойдаланиш, ГЭСга техник хизмат кўрсатиш ва молиялаштириш ҳуқуқи Ўзбекистонда сақланиб қолган ҳолда, объект жойлашган ҳудуд Тожикистон ери деб тан олинади.

Маълумот учун, Фарҳод ГЭС — Сирдарё вилоятида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри яқинида жойлашган гидроэлектростанция бўлиб, у электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга қатор суғориш каналларини сув билан таъминлайди.

 «Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков Абилгазиев Муҳаммадкали Дуйшекеевични Қирғизистон Республикаси бош вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонини имзолади. Шу фармон билан у аввалги лавозимидан озод этилди», дейилган хабарда. Президент Абилгазиев томонидан таклиф этилган номзодларни Вазирлар Маҳкамаси аъзолари сифатида тасдиқлаган. Жума куни Қирғизистон парламенти Абилгазиевни мамлакат бош вазирлиги учун маъқуллади. Янги бош вазир таклифига кўра, ҳукуматнинг аввалги аъзоларининг кўпчилиги ўз ўрнини сақлаб қолган.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига Кубатбек Боронов (Собиқ ФВВ вазири) тасдиқланган. «Республика - Ата-Журт» партияси депутати Олтиной Омурбекова Чолпон  Султонбекова ўрнига ижтимоий масалалар бўйича бош вазир ўринбосарига айланган.

Шунингдек, Мудофаа вазирлигига республика қуролли кучларининг собиқ бошлиғи Эрлис Тердикбаев раҳбар бўлган. Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ўз жойини сақлаб қолган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигига Космосбек Чолпонбаев келган, Иқтисодиёт вазирлигига Олег Панкратов қайтган, ИИВ раҳбарлигини бир неча ой олдин тарк этган Кашкар Жунушалиев қайта эгаллаган. Нурболот Мирзахмедов ФВВга раҳбар бўлган. Абилгазиев Сооронбай Жээнбеков бош вазирлигида унинг биринчи ўринбосари бўлган.

Жээнбеков президент бўлгач, 2017 йил кузида у президент маслаҳатчисига айланган, кейинроқ Қирғизистон президенти аппарати раҳбари бўлганди. У мустақилликка эришганига 27 йил бўлган республиканинг ҳисоб бўйича ўттизинчи бош вазири ҳисобланади. Ундан аввалги бош вазир Сапар Исаков (Қирғизистон тарихидаги энг ёш бош вазир) бу лавозимда 7 ойдан кўпроқ вақт бўлди.

Гурбангули Бердимуҳамедов 2018 йил 23-24 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди.

Икки томонлама учрашувлар ва олий даражадаги музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида пойтахтдаги Ашхобод сайилгоҳи очилди.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, Махтумқули кўчасида барпо этилган мазкур парк 10 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Сайилгоҳ олди ва ҳудудида фавворалар қурилган. Туркманистоннинг рамзи бўлган ахалтеки отларининг ҳайкаллари ўрнатилган. Замонавий аттракционлар, хушманзара дарахтлар, ўриндиқлар, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай шароит яратган. 

Кўксаройдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзолашган.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо уйлари очиш, ишбилармонлар кенгаши ташкил этиш бўйича, шунингдек, транспорт, транзит, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, касаба уюшмалари, спорт ва бошқа соҳаларга доир 17та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларида 15та ҳужжат қабул қилинди. 

Туркманистон президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон-Туркманистон бизнес форуми ва Туркманистон миллий саноат кўргазмаси якунлари бўйича 250 млн долларликдан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида иштирокчилар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қуватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, ташкил этилган ва фаолият юритаётган ЭИЗда инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Чимкентда 13 ёшли қиз фарзандли бўлди, дея хабар беради BNews.kz.

Жанубий Қозоғистон соғлиқни сақлаш бошқармасида вояга етмаган қиз ўз фарзандини 22 апрель куни 1-сонли перинатал марказда дунёга келтиргани маълум қилинган.

Манбага кўра, 2005 йилда туғилган қиз 4,2 килограмм вазнли соғлом болани ҳеч қандай қийинчиликларсиз ва жарроҳлик аралашувисиз дунёга келтирган.

Вояга етмаган она Жанубий Қозоғистоннинг Сариагаш туманидаги Қаратўбе қишлоғида ўз ота-онаси билан яшайди. У қишлоқ мактабининг 7-синфида ўқийди.

Полицияда қайд этилишича, мазкур иш юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ