Эрон бозори
Эрон бозори
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Эрон бозори” рукни остидаги эшиттиришларнинг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда мамлакат ва жаҳон бозорларида Эронда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлиги борасида сўз юритилади. Бугунги суҳбатимиз “Эрон заъфарони ” мавзуига бағишланган. Эшиттириш поёнигача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Турли хил ва қулай бўлган иқлим, яхши ҳосил берувчи ерлар, ҳаракатчан ва ғайратли халқ Эронни кўплаб неъматларга эга юртга айлантирган. Эронда турли гиёҳ ва ўсимлик мавжуд ва уларнинг айримлари жаҳон бозорларида катта шуҳратга эгалар. Заъфарон ўсимлиги шулар жумласидандир. Мазкур гиёҳни экиш ва ундан фойдаланиш тарихи милоддан олдинги йилларга бориб тақалади. Айтилишича, ушбу фойдали ва муҳим бўлган гиёҳни биринчи бўлиб эронликлар таниб, қайтадан экиб ва парваришлаб, ундан кенг кўламда фойдаланишган.
Ҳамадондаги Алванд тоғлари этаклари ва Кирмоншоҳ милоддан олдинги 728-549 йилларда ҳукмронлик қилган Мидиялар сулолалари даврида Эроннинг заъфарон гиёҳи ўсадиган муҳим минтақаларидан бўлган. Заъфарон мазкур минтақалардан нафақат Эроннинг бошқа минтақаларига йўл топади, балки асрлар ўтиши билан бошқа хорижий юртларга ҳам сотилади.
Тадқиқотчиларнинг ёзишича, милоддан олдинги 334 йилда Искандарнинг Эронга қилган ҳужумидан кейин заъфарон гиёҳини Юнон, Рим ва кейинчалик Хитой халқлари ҳам таниб олишади ва ундан истеъмол қилишни бошлашади.
Буларнинг ҳаммасидан қатъий назар, ҳануз ҳам жаҳон бозорларида заъфарон гиёҳи Эрон номи билан боғланиб қолган. Ҳозирги кунда дунё бозорларини эронликлар сифати олий бўлган заъфарон билан таъминлаб келишмоқда.
Заъфарон (Crocus sativus – лотин.) –сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Ёввойи ҳолда учрамайди. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Пиёзининг диаметри 1-2 сантиметр. Барги 5-15 та, оч сариқ рангда; эни 2 мм, туксиз. Гули 1-4 та, гултожи оқиш, пастки қисми (ташқи томондан) бинафша ранг, узунлиги 2-4 см. Чангчилари гулқўрғондан қисқа. Кўсаги чўзиқ, эни 6-7 мм. Февраль-июлда гуллайди, апрель—августда мева беради. Таркибида эфир мойи бўлгани учун ҳиди жуда ўткир ва ёқимли. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Заъфарон гулининг қуритилган тумшуқчалари мураббо, тортлар ранги ва таъмини яхшилаш, озиқ-овқат (пишлоқ, сариёғ, ликёр ва бошқаларда ранг бериш учун), парфюмерия (атир-упа) саноатида ишлатилади. Табобатда дори-дармон сифатида қўлланилади.
Бу зираворнинг номи деярли ҳамма тилларда арабча “сариқ” маъносини берадиган “za’faron” сўзидан олинган бўлиб, қадимда мазкур ноёб ўсимликдан бўёқлаш моддаси сифатида фойдаланилганидан далолат беради. Ҳозирги даврда заъфарон ўзининг азалий аҳамиятини йўқотиб, асосан пазандаликда ишлатилади ва олтин билан тенг баҳоланади. Ер юзида бугунги кунда йилига фақат уч юз тонна заъфарон етиштирилади.
Маълумки, заъфарон инсониятга зиравор сифатида истеъмол қилиниши тўрт минг йилдан кўпроқ тарихга эга бўлиб, бўёқ сифатида неолит даврида тоғларда қоя тошларига расм чизишда ишлатилган. Қадимги Месопотамияда уни таомда ишлатилган излари археологлар томонидан аниқланган. Ёзувларда у ҳақда биринчи эслатмалар Шумер цивилизацияси қолдиқларида кузатилади. Эронда эрамиздан аввалги X асрда заъфарон толаларини қурбонлик ўраладиган матоларни бўяшда ишлатилган, ундан шунингдек кучли томизғи сифатида фойдаланиб, атторлик моллари ва лаззатли ёғлар тайёрлашган. Искандар Зулқарнайн армиясида жароҳатларни даволашда ишлатилган. Қадимги Аҳдда (Тавротда) заъфарон қурбонлик қилишда ёрдамчи восита, бўёқчилик ва атторлик моддаси сифатида ишлатилиши ҳақида битилган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда “Эрон бозори” рукни остидаги янги эшиттиришларнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Қадимги Хитой манбаларида шифобахш дори воситаси сифатида эслатилган. Шарқда будда монахлари либосларини бўяш учун ишлатилган. Европада уни ишлатган бойлар жамиятда киборлар табақасига мансублигини ифодалаган. Рим аркони давлати заъфаронни дори сифатида, тери ва матоларга бўёқ, атторлик моддаси сифатида ишлатган. У – энг мазали зиравор, сифатли табиий бўёқ моддаси ва қимматбаҳо атторлик воситаси, ҳамма дардларга даво бўлувчи моддадир.
Шарқда илгарилари у “қизил олтин” деб номланган. Заъфарон қимматбаҳолигининг сабаби иккита: биринчидан, уни етиштириш жуда машаққатли иш, иккинчидан, хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусиятлари бўйича заъфарон зираворлар орасида тенгсиздир. Заъфарон – йилига бир марта 10-15 кун оммавий гуллайдиган, ҳар бир гул очилишининг давомийлиги фақат 2-3 кун бўлган қирмизи “крокус” (лотинча номи) оналик гули тумшуқлари-нинг қуритилганидир.Заъфарон гуллари ва хусусан оналик гулларини қайта ишлаш фақат қўл меҳнати билан амалга оширилади. Оналик гуллари тумшуғи фақат гулларнинг биринчи очилган куни қирқиб олиниши лозим. Унинг сифати терим ва уни қуритишнинг тезлиги билан боғлиқдир. Бир килограмм заъфарон йиғиш учун тонгда қуёш ҳали оналик гулларини қуритиб улгурмасидан, 150 минг дона атрофидаги гули териб олиниши лозим. Бир гектар ер майдонидан теримчиларнинг маҳорати ва об-ҳавонинг муносиб шароитига қараб 8-12 килограмм заъфарон йиғиб олиш мумкин.
Заъфароннинг кимёвий таркиби 10-12 % сув, 5-7 % минерал моддалар, 5-8 % мой ва мўм , 12-13 % оқсил ва энг оз миқдорда ёғ экстрактидан иборат ўзига хос ва хушбўй ёқимли моддалардан таркиб топган.
Қадимги замонлардан маълумки, у нодир ва бемисл хусусиятларга эга. У оғриқни қолдирувчи, қувонч ва хурсандчилик бахш этувчи, тушкунликдан чиқарувчи, қувонч гормони – серотонин ишлаб чиқариш хусусиятига эгадир. Шундай қилиб, заъфарон – инсон доимий истеъмол қилишга ўрганиб қолмайдиган, енгил психотроп моддадир. Ҳаким Аюрведа заъфаронни ҳазм таомни яхшилашга, сезги ва нафас олиш органларини мустаҳкамлашга, жигар, буйраклар, лимфа безларини тозалашга, титроқни босишга, томирларда тўхтаган қонни юргизишга, юз рангини тиниқлашга, жинсий қувватни фаоллаштиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлаган. Қадимда киборлар жамиятига мансуб аёллар туғиш олдидан оғриқни енгиллаштириш мақсадида заъфарон эритилган сувни ичишган.
Замонавий тиббиётда у кўзга томизиладиган дори тайёрлашда ва умумий қувватлантирувчи турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Заъфароннинг антиканцероген ва антимутаген хусусиятларга эгалиги исботланган. Уни қайноқ сут билан ичилса, бош мия фаолиятини мустаҳкамлаб, хотирани кучайтиради. Агар асал билан истеъмол қилинса, буйракдаги тошларни майдаланишига ёрдам беради. Заъфарон гули тумшуқлари эритмаси инсон организмига зарур бўлган каротин, тиамин, рибофламин, флавоноидлар, кальций, фосфор каби моддаларга ва турли витаминларга бой.Тўрт минг йиллик ишлатиш тарихида унинг тўқсон хил турли касалликларни даволашда қўлланиши аниқланган.
Қадрли тингловчилар, “Эрон бозори” рукни остидани янги эшиттиришларнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.