Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун сешанба Ҳижрий- шамсий 1397-чи йил урдибиҳишт ойининг 25-чиси: Ҳижрий- қамарий 1439-чи йил шаъбон ойининг 28-чиси: Ва милодий ҳисоб билан 2018-чи йил май ойининг 15-чи кунидир.
Бугун урдибеҳешт ойининг 25 куни дунёнинг машҳур эпик шоири Ҳаким Абулқосим Фирдавсийни эъзозлаш куни эълон қилинган. Устод Фирдавсий ҳижрий-шамсий 319 ё 320 йилда Эрон шимол –шарқида жойлашган Тўс шаҳрида таваллуд топган. Улуғ Фирдавсийга халқаро шуҳрат келтирган унинг безавол китоби “Шоҳнома”-дир. Ушбу машҳур китобни у ёшлик давридан бошлаб, умрининг поёнигача ёзиб, қайта-қайта кўздан кечириб, ниҳоясига етказади. “Шоҳнома” Эрон халқи ва юртининг бир неча минг йиллик тарихини ўз ичига олган бебаҳо хазинадир. Устод Фирдавсий “Шоҳнома” ёзишда кўплаб ёзма ва оғзаки манбалардан фойдаланган. Шоирнинг ўзи ушбу китобни ёзишда ўттиз йилдан кўпроқ вақт кетганини таъкидлайди. Буюк Фирдавсийнинг барҳаёт “Шоҳнома”-си дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Бундан 809 йил муқаддам ҳижрий-қамарий 630-йил шаъбон ойининг 28-куни машҳур муҳаддис ва тарихчи Ибн Ҳожиб оламдан ӯтди. У ҳижрий-қамарий 593-йили Димишқда туғилди. Улғайгач дунёнинг турли мамлакатларига сафар қилиб, замонасининг улуғ олимларидан ҳадис илмини ӯрганди. Ибн Ҳожибдан бугунгача 5-та асар етиб келган. Уларнинг 3- таси чоп этилган бӯлиб, 2- таси ҳамон қӯлёзма шаклидадир.
Бундан 99 йил олдин шу куни, милодий 1919 йил 15 майда Туркиянинг энг кўҳна ва муҳим шаҳарларидан бири бўлмиш Измир қонли ва талафотли жангдан сўнг давлат асосчиси Мустафо Камол Пошо тасарруфига ўтди ва шу тариқа юнонликларнинг бу шаҳардаги ҳукмронлиги якунланди. Измир Туркиянинг ғарбида ва Эгей денгизи қирғоқларида жойлашган. Туркия жумҳурийчилар ҳаракати ҳам ана шу тарихий шаҳардан бошланди.
Бугунги кундан 25 йил муқаддам, 1993 йили БМТ Бош Ассамблеяси 15 майни Халқаро Оила куни деб эълон қилди. Бундан мақсад жамиятнинг биринчи ядроси бўлган муқаддас оила идорасини ташқи ва ички салбий таъсирлардан ҳимоя этиш эди, токи ушбу идора ижтимоий ҳаётда ўз вазифасини ижобий ижро этсин. Оила идораси инсон пайдо бўлган даврдан бошлаб мавжуд бўлган ва жамиятнинг асосий рукнларидан ҳисобланган. Эр, хотин, фарзандлар ва гоҳида бува ва бувилар ҳаётнинг ушбу иссиқ ўчоғини ташкил этишади. Оила ота-она ҳамда фарзандларнинг тарбияси ва улғайиши учун тинч макон ва оила аъзоларининг ўзаро алоқалари учун соғлом муҳит ҳисобланади. Буларнинг барчасига қарамай, оила муҳитида айрим муаммо ва қийинчиликлар юзага келади. Шу сабабдан БМТ оиланинг мустаҳкамланиши учун қатор тадбирларни амалга оширмоқда.