май 16, 2018 14:13 Asia/Tashkent

Озиқ-овқат таъминоти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги  сони  яна эфирда. Айрим мухлисларимиз озиқ-овқат масаласига оид кўпроқ маълумот беришни сўрашган. Уларнинг талаблари асосида бугун  “Озиқ-овқат таъминоти –халқаро муаммо”  мавзуи бобида  суҳбат қиламиз. Бизни тинглаб  борасиз деган умиддамиз.

Олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, бугунги кунда сайёрамиз аҳолиси тезлик билан  кўпайиб бормоқда. Айни дамда ер юзида 7 миллиард инсон истиқомат қилмоқда. БМТ таҳлилчиларининг сўзларига қараганда, яна 40 йилдан сўнг сайёрамиз аҳолиси 9 миллиард 300 миллион кишидан ошиб кетади. Асримиз охирига бориб эса аҳоли сони 10 миллиард кишидан ортиб кетиши мумкин. Бироқ туғулиш кўпайгудек бўлса бу рақам 15 миллиард кишига етиши эҳтимоли бор.   Бу ҳақда БМТнинг Aҳолишунослик фонди маълум қилди.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизи тўйиб овқат емайди. Жаҳонда болалар ўлимининг 55 фоизи тўйиб овқатланмаслик оқибатида юз бермоқда. Сайёрамизда тўйиб овқат емаётганлар сони йил сайин ошиб бормоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, бугун дунёда 815 миллион киши тўйиб овқатланмайди. Уларнинг аксарияти қашшоқ мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Шу рақамнинг ўзи ҳам бугун озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги масаласи қанчалик глобал тус олаётганидан далолат беради.

Бугун озиқ-овқат тақчиллигини бартараф этиш, хавфсизлигини таъминлаш масаласи дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган муаммолардан бири экани ҳеч кимга сир эмас.  БМТ ҳар йили 16 октябрни Жаҳон озиқ-овқат куни сифатида нишонлаши ҳам бунинг исботидир. Бугун ушбу муаммога ечим топиш мақсадида ташкилот муайян ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг 25 сентябрида Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида ўтказилган ташкилотнинг Бош Ассамблеясида аъзо давлатлар “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривож­ланиш соҳасидаги кун тартиби” деб номланган ҳужжатни қабул қилди. Мазкур ҳужжатда бир қатор муҳим масалалар қаторида дунёда ҳар қандай шаклдаги қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, овқатланиш сифатини яхшилаш каби мақсад-вазифалар ҳам ўрин олди.

“БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) 1947 йилдан буён ҳар йили “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар ҳолати” бўйича ҳисобот тайёрлайди, — дейди ташкилот бош директори Жозе Грациану да Силва Жаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан йўллаган бу йилги мактубида. — Ўша вақтдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқлар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда самарали натижаларга эришиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, дунё аҳолисининг бундай маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини бермоқда. Шунга қарамай, ҳисоб-китоблар шуни кўрсат­яптики, дунёда 815 миллион одам ҳали-ҳамон сурункали очарчиликдан азият чекмоқда, миллионлаб одамлар қашшоқликда кун кечирмоқда. Кенг қамровли иқтисодий ўсишга эришилмас экан, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда 2030 йилга қадар очарчиликни бутунлай йўқотишдек глобал миқёсдаги мақсадларимизга эриша олмаймиз. Бунинг учун эса жаҳон ҳамжамиятининг бирлашиши, ягона мақсад сари интилиши талаб этилади”.

Қадрли мухлислар,  сиз  ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи”  рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.

 Эслатиб ўтамиз,  сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com / uz ва  электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com  ҳамда мобайл апликешн орқали   бизга юборишингиз мумкин.

Биз билан ушбу телефон рақами  орқали ҳам боғланишингиз  мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,

Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

Эшиттиришимиз давом этади.

  Исрофгарчилик ҳам озиқ-овқат тақчиллигини келтириб чиқараётган омиллардан саналади. Айтиш лозимки, ҳар йили дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизи истеъмол қилинмай, ташлаб юборилади. Бунинг учун қанчадан-қанча куч, энергия, ер, сув ва бошқа ресурслар сарфланмоқда. Аслида эса бунча миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини тежаш орқали Ер юзида очарчилик билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш мумкин.  Гарвард универститетининг тадқиқотлари шуни кўрсатяптики, биргина АҚШда ҳар йили умумий қиймати 165 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юбориляпти. Бу эса, ўз навбатида, мазкур мамлакат фуқароларида ортиқча вазн, семизлик билан боғлиқ муаммоларни юзага келтиряпти.

Бугун ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёждан ортиқ миқдорда ишлаб чиқариш, уларни ташлаб юбориш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилаётган бир пайтда айрим иқтисодиёти заиф мамлакатлар аҳолиси тўйиб овқат емаслик, очарчилик билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётир. Масалан, Шарқий Африкада очарчилик билан боғлиқ муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Мазкур минтақада 124 миллион аҳоли тўйиб овқат емайди.

Шимолий Африкада сиёсий беқарорлик ҳукм сураётганига қарамай, очарчиликка барҳам бериш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Таҳлилларга кўра, мазкур минтақада очарчилик яқин йиллар ичида 5 фоизгача камайиши кутиляпти. Минтақанинг етакчи мамлакатлари Жазоир, Миср, Марокаш ҳамда Тунисда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ижобий кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Дунёда нарх-наво кўтарилиб бораётган бир пайтда, минтақа мамлакатларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг арзон ҳолатда сақланаётгани мавжуд муаммоларга қисман ечим бўляпти.

Ҳозир эса радиомиз сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз  Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.

Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.

Энди эса радиомизнинг эшиттиришлари борасида доимий     тингловчиларимиздан бири Хуршеджоннинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.

Тингловчимиз Хуршиджоннинг билдирган фикрлари эди.

Қадрли   мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам  Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг.  Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.