Нур томон йӯл-772
772-қисм« Сабо " муборак сураси 38-41-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Сабо " муборак сураси 38-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَالَّذِينَ يَسْعَوْنَ فِي آيَاتِنَا مُعَاجِزِينَ أُولَـٰئِكَ فِي الْعَذَابِ مُحْضَرُونَ ﴿٣٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир. (Кимки, Аллоҳ таолонинг дини таъсирини тўсишга уринган бўлса, гарчи молу дунёси ва бола-чақаси кўп бўлса ҳам, азобга дучор қилинадилар.) (38)
Ӯтган суҳбатимизда шарҳланган охирги ояти каримада мол-дунё ва фарзандлар инсон саодатли яшаши учун восита бӯлолмайди, балки иймон ва солиҳ амаллар кишини икки дунёдаги бахт-саодатга етказади, уни Аллоҳнинг анбарсиришт жаннатига дохил айлайди деган фикр илгари сурилган эди.
Бу ояти каримада эса иймон аҳлига мухолиф бӯлган гуруҳга ишора қилиниб, буюрилади: улар Ҳақни таниш ва унга эргашиш ӯрнига доимо ҳақни инкор қилиш ва унга қарши курашишга ошиқадилар. Улар қӯлларидаги бойлик ва қудрат воситасида Илоҳий қудратга чап бериб, азобдан қутулиб қоламиз, деб ӯйлашади.Бундай кишилар ӯйлаган фикрлари ботил эканлигини билиб қӯйишсин. Улар, албатта қиёмат маҳкамасига келтирилиб, гуноҳларига яраша жазога тортиладилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ӯз ихтиёрларидаги бойлик ва қудратни Ҳаққа қарши кураш йӯлида сарфлайдиган бой-бадавлат кишилар ҳеч қачон Аллоҳ иродасидан ғолиб келолмайдилар.
- Ислом душманлари Қуръони каримнинг одамлар орасидаги мавқеини заифлаштиришга ҳаракат қилишади. Шу сабабли барча мусулмонлар, биринчи навбатда диний уламолар пухта ӯйланган дастурлар билан душманларнинг бу қилмишларини йӯққа чиқаришга ҳаракат қилишлари керак.
Энди «Сабо" муборак сураси 39-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ ۚ وَمَا أَنفَقْتُم مِّن شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ ۖ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ ﴿٣٩﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир». (Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва ҳоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.) (39)
Мол-дунё ва бойликлари билан ӯзларини бошқалардан афзал деб биладиган кимсаларни танқид остига олган олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади : Инсонларга ризқ-руз берадиган, Илоҳий ҳикмати асосида ризқни кам-кӯп қиладиган ёлғиз Аллоҳдир. Шу сабабли ризқнинг кӯпайиши кибр-ғурурга, унинг камлиги эса ғам-ғусса ва умидсизланишга сабаб бӯлмаслиги керак.
Ояти кариманинг давомида буюрилади: ҳар қандай ҳолатда инсон имконияти даражасида йӯқсил ва мискинларга инфоқ қилиши керак. Зеро, ризқ Аллоҳнинг қӯлида у бошқаларга қилинган инфоқни ортиғи билан қайтариш ваъдасини берган. Шу сабабли садақа қилсам, ризқим камаяди, деб воҳимага тушмаслик керак.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Бандалардан бирига кӯп, бошқасига кам ризқ-руз берилиши, худди улар вужудидаги истеъдоднинг фарқли эканлиги каби Аллоҳ таъолонинг ҳикматига боғлиқ.
- Инсон ва барча мавжудотларга ризқ-руз берадиган Аллоҳ таъоло бошқаларга қилинган инфоқни ортиғи билан қайтариш ваъдасини берган.
Энди «Сабо" муборак сураси 40-41-ояти карималаринингтиловатига қулоқ тутамиз.
وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ جَمِيعًا ثُمَّ يَقُولُ لِلْمَلَائِكَةِ أَهَـٰؤُلَاءِ إِيَّاكُمْ كَانُوا يَعْبُدُونَ ﴿٤٠﴾ قَالُوا سُبْحَانَكَ أَنتَ وَلِيُّنَا مِن دُونِهِم ۖ بَلْ كَانُوا يَعْبُدُونَ الْجِنَّ ۖ أَكْثَرُهُم بِهِم مُّؤْمِنُونَ ﴿٤١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Уларнинг барчаларини жамлайдиган, сўнгра У зот фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилган эдиларми?» дейдиган кунда. (40) Улар: «Сен поксан! Сен бизнинг валиймизсан! Улар эмас! Йўқ! Улар жинларга ибодат қилар эдилар. Кўплари ўшаларга иймон келтиргувчидирлар», дерлар. (Араблар ичида жинларга ибодат қиладиганлар кўп эди. Шунинг учун ҳам суранинг аввалида Сулаймоннинг алайҳиссалом жинларга муносабати келтирилди.) (41)
Мушрикларнинг янглиш эътиқодларидан бири уларнинг қиёмат куни фаришталар шафоатига ишонишлари эди. Шу сабабли фаришталарга сиғинишар, уларнинг мавқеини улуғлашарди. Ваҳоланки, фаришталарнинг ӯзлари ҳам бундай мақом-мартабани иддао қилишмасди.
Қуръони карим қиёмат маҳкамасини шундай тасвирлайди: фаришталар мушрикларнинг ботил даъволарини рад қилиб дейишади: улар шайтонга эргашишарди. Шайтон зеҳнларида бутпарастликни гӯзал бир тарзда жилвалантириб, уларни ботил фикрларга мубтало айлаган эди. Улар ягона Аллоҳ ӯрнига шайтонга сиғинишар, унинг бандасига айланишган эди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Мушриклар фаришталарни улуғлашар, улар бизни қиёмат кунида шафоат қилишади, деган ишончда эдилар. Шу сабабли турли услубда уларга сиғинишарди.
- Шайтоннинг ҳийлаларига алданмаслик учун эҳтиёт бӯлишимиз керак. Шайтон жуда кӯп ёвуз ишларни назаримизда гӯзал бир тарзда жилвалантиради.