Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони билан сизни таништирамиз.Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Қозоғистон ҳукумати Ливанга ҳарбийлар юбориш бўйича таклифни маъқуллади;
- Йирик ҳибсга олишлардан сўнг Атамбоев сиёсий баёнот берди;
- Туркманистон миллий хавфсизлик вазири эгаллаб турган вазифасидан озод этилди;
- Имомали Раҳмон Россия бош вазирини қабул қилди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Қозоғистон парламенти сенати ва мажлиси депутатлари президент Нурсултон Назарбоевнинг Ливанга, БМТ миссиясида иштирок этиш учун 120 нафар ҳарбий хизматчини юбориш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаб чиқишди.
«Қозоғистон қуролли кучлари тинчликпарварлик бўлинмасини Ливандаги БМТ миссиясига юбориш масаласи ишлаб чиқилди ва ўрганилди», - дея мамлакат президенти таклифига изоҳ берган республика мудофаа вазири Сакен Жасузаков.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон қуролли кучлари бу амалиётда иштирок этиб, «коалицион гуруҳ доирасида қўшинлардан фойдаланишни режалаштириш ва ўзаро алоқалар масаласини ишлаб чиқиш, жанговар кўникмаларга эга бўлиш, тинчликпарварлик ҳамда гуманитар амалиётлар бўйича тажриба тўплаш» имконига эга бўлади.
Ушбу республикага оид бошқа хабаримиз шундан иборатки,
Қозоғистоннинг гербини ўзгартириш таклиф қилинди.
Остонада Қозоғистон сенатининг конституциявий қонунчилик, суд тизими ва ҳуқуқ-тартибот идоралари қўмитаси йиғилишида “Қозоғистон Республикасининг баъзи конституцион қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Жумладан, “Давлат рамзлари ҳақида”ги қонунга тузатишларда Қозоғистон гербини ўзгартириш кўзда тутилган. Унга кўра, гербдаги “Қазақстан” сўзини лотинча ҳарфлар билан ёзиш таклиф қилинмоқда.
Сенаторлар шунингдек бир қатор бошқа ҳужжатларни кўриб чиқишган. Улар орасида Бюджет кодекси, Маъмурий қоидабузарликлар ҳақидаги кодекс, сайловлар, маҳаллий давлат бошқаруви, сиёсий партиялар ва давлат хизмати ҳақидаги қонунлар бор.
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев сукутни бузди ва бугун сиёсий баёнот берди. Бу ҳақда 24.kg хабар қилмоқда.
«Мамлакат собиқ бош вазири, ҚСДП раиси ўринбосари Сапар Исоқов ва Давлат божхона хизмати собиқ раиси Кубаничбек Кулматовнинг қўлга олиниши - бу коррупция билан кураш эмас. Коррупция билан курашган одамларнинг айнан ўзи коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди. Сапар Исоқов ҳукумати жорий йилнинг 4 ойи давомида 5 млрд сўмлик бюджет профицитини таъминлади. Бу мустақил Қирғизистон тарихида илк бор кузатилди», - дейилади матнда.
«Давлат арбобларини ҳибсга олиш ҳақидаги қарор - бу дўстларнинг қасоси. Бу ҳолат Раим-миллионга алоқадор бўлиши мумкин, унинг ишдан бўшатилганидан сўнг ижобий вазият кузатилди ҳамда божхона тўловлари кескин ортди», - дейди Атамбоев.
Шунингдек, унинг фикрича, ҚСДП бошқа аъзолари, жумладан Жалолобод собиқ ҳокими Салайдин Авазов ва Жогорку Кенеш депутати Осмонбек Ортиқбаевнинг жиноий таъқиб этилишига ҳам сиёсий сабаб бордир.
Атамбоевнинг сўзларига кўра, жавобгарликка Сапар Исоқовни эмас, балки ИЭСнинг эски қисмида авария юз беришига ҳамда Бишкек аҳолисининг совуқда ўтиришига сабабчи бўлганларни тортиш керак.
«Баъзи шахслар президент Сооронбай Жээнбековни хавфли йўлга бошламоқда. Мен уни бу ҳақда огоҳлантиргандим. Қирғизистон халқи барибир бу жиноий ишларни қўзғатишга нима сабаб бўлганини билиб олади ва бу жараённинг барча иштирокчиларига баҳо беради», - деган Атамбоев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда Сапар Исоқов қўлга олингани хабар қилинган эди.
Қирғизистонда кучли ёмғирлар сабабли фавқулодда вазият тартиби киритилди.
Қирғизистонда селга олиб келган кучли ёмғирлар сабабли фавқулодда вазият тартиби киритилди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.
Ёмғирлар сабабли 5 та қишлоққа сел келган. Оқибатда 16 та уй, болалар боғчаси, 30 кмга яқин автомобил йўли, 6 та кўприк ҳамда ирригацион каналларга шикаст етган. Айни вақтда воқеа жойида 100га яқин қутқарувчи ишламоқда.
Шунингдек, аҳолини вақтинчалик чодирларга эвакуация қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Туркманистон президенти мамлакат миллий хавфсизлик вазирини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақидаги Фармонни имзолади.
Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистон миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилишида Туркманистоннинг хавфсизлик, мудофаа ва чегара соҳасидаги юқори мартабали расмийларнинг бир нечтасини эгаллаб туган вазифаларидан бўшатди.
Ушбу хабарга биноан, Туркманистон президенти Туркманистон миллий хавфсизлик вазири Давронгулди Байрамовни ушбу вазирлик ишларида масъулиятсизлик ва бефарқлиги туфайли ўз лавозимидан озод этган.
Шунингдек олдин Мудофаа вазири бўлган Ярлим Бердиевни миллий хавфсизлик вазири этиб тайинлади. Бундан ташқари, Бердимуҳаммедов ушбу йиғилишда чегара қўшинлари бошлиғи вазифасида бўлган Биганч Гундогдиевни Мудофаа вазири этиб тайинлаган.
Туркманистон чегара хизмати раиси этиб, Мудофаа вазирлигининг олдинги ўринбосари тайинланди.
Ўтган ҳафталарда Тожикистон президенти ва Россия федерацияси бош вазири ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ҳамкорликлари, хусусан хавфсизликни тамъминлаш ҳамда терроризмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форс ахборот агентлигининг хабар қилишича, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Имомали Раҳмон ва Дмитрий Медведов мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги манфаатли ва дўстона алоқаларнинг ҳозирги ва истиқболли вазияти юзасидан фикр алмашилди.
Тожикистон президенти бу учрашувда Душанбе ва Москва ҳамкорликларининг стратегик аҳамиятига эътибор бериб, дедики, Россия билан ўзаро ҳамкорликларни кенгайтириш Тожикистон давлатининг ташқи сиёсатининг энг асосий принсипларидандир.
У икки мамлакат ўртасидаги савдо -иқтисодий ва тижорат соҳасидаги муносабатларини муҳим стратегия сифатида тилга олди.
Томонлар ушбу мулоқот жараёнида миграция масаласи хусусан тожик ишчи муҳожирларини Россия ҳудудларида бўлиши қонунини енгиллаштириш ва уларнинг ижтимоий хавфсизлигини яхшилаш ҳамда Россиянинг иш бозорида уларнинг фаол қатнашиши масаласини муҳокама қилишди.
Раҳмон ва Медведев хавфсизлик соҳасидаги Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни икки томонлама ҳамкорликларининг нозик ва муҳим нуқтаси эканлигини эълон қилишди.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.