Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақасига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштирмайдиган бўлди;
- Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг раҳбари: Марказий Осиёга кириш Афғонистондаги террорчиларнинг стратегик мақсадидир;
- Жанубий Қозоғистон вилояти Туркистон деб қайта номланди;
- МДҲнинг энг камдаромадли давлати номи маълум қилинди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер сув масалалари бўйича Душанбеда бўлиб ўтган анжуман чоғида берган интервьюсида банк бошқа бир йирик ГЭС қурилишини молиялаштиришини маълум қилди.
Тожикистон Роғун ГЭСини қуриш учун Жаҳон банкидан молиявий ёрдам олмасликка қарор қилди, деди Жаҳон банки мулозими Рейтер агентлигига.
"Тожикистон 3,9 миллиард долларлик ГЭС қурилишини молиялаштириш учун ўтган йили 500 миллион долларлик дастлабки еврооблигацияларни чиқарганди, бироқ энди ГЭС қайси маблағлар эвазига молиялаштирилиши номаълумлигича қолмоқда", — дейилади агентлик хабарида.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер сув масалалари бўйича Душанбеда бўлиб ўтган анжуман чоғида берган интервьюсида банк бошқа бир йирик ГЭС қурилишини молиялаштиришини маълум қилди.
"Ҳукумат билан келишган ҳолда биз Норак электр станциясининг таъмирланишини молиялаштиришга қарор қилдик ва бу бизнинг энергетика тизимидаги йирик инвестициямиз бўлади", — деган Мюллер.
Шу билан бирга, Мюллернинг айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши электр энергияси экспорти учун янги истиқболларни яратади.
Хабарда айтилишича, Тожикистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг тўртдан уч қисми Норак ГЭСига тўғри келади.
Мазкур республикага доир бошқа хабаримиз шундан иборатки, Тожикистон исломий уйғониш партияси раиси, Тожикистон давлати билан турли гуруҳлар ва партиялар ўртасида эришилган тинчликни Эроннинг муҳим ютуқларидан деб атади.
Муҳиддийн Кабирий ўтган чоршанба куни Тасним ахборот агентлиги билан қилган суҳбатида, Тожикистон давлати ва мухолифатдаги гуруҳлар ўртасида сулҳ муросаси бўйича келишувнинг имзоланишига 22 йил бўлиши арафасида ушбу тинчлик келишувининг тақдири ҳақида шундай деди:
Тожикистоннинг ички муаммоларини бир томонлама ёндашиш билан ҳал этиб бўлмайди, балки мамлакатдаги элитага таяниб ва Эрон ислом жумҳурияти сингари хорижлик дўстларга суяниб ҳал этилади.
Тожикистон давлати Исломий уйғониш партиясининг фаолиятини 2015 йилда амалга ошмаган давлат тўнтаришида иштирок этиш айби билан тақиқлаб қўйди.
Лекин, Тожикистон исломий уйғониш партияси мазкур республика ҳукуматини тўнтаришга қаратилган ҳар қандай уринишларда иштирок этишга доир айбловларни инкор этади.
Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг терроризмга қарши кураш форумида Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг раҳбари Марказий Осиёга кириш Афғонистондаги террорчиларнинг стратегик мақсади эканлигини баён қилди.
Форс ахборот агентлигининг хабар беришича, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг терроризмга қарши кураш форуми аъзо давлатлар хавфсизлик кучларининг иштирокида Қирғизистон пойтахтида бӯлиб ӯтди.
Форумда сӯзга чиққан Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг раҳбари Дамир Сагинбаев деди: коллектив хавфсизликнинг ягона тизими амал қилмаса, барча иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар таҳдидга юзланиши мумкин.
У Афғонистондаги ӯзгаришларга ишора қилиб деди: Марказий Осиёнинг жанубий чегараларида жанг минтақасини вужудга келтирган террорчилик ташкилотларининг стратегик мақсади Мустақил Давлатлар Ҳамдӯстлиги ҳудудларига бостириб киришдан иборат. Бу мақсадга эришиш заминаларини яратиш учун террорчи гуруҳларнинг раҳбарлари ӯз кучларини Россия, Марказий Осиё ва Покистон ҳудудларига киритмоқдалар.
Сагинбаев, шунингдек илова қилди: биз россиялик касбдошларимиз билан ҳамкорликда тӯртта террорчилик ҳужумини қайтариб, 11 нафар жангарини қӯлга олдик.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Жанубий Қозоғистон вилоятини Туркистон деб қайта номлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Фармонга мувофиқ, Туркистон шаҳри вилоят маркази ҳисобланади.
Назарбоев Туркистон шаҳри асрлар давомида Қозоқ хонлиги ва бутун турк дунёсининг сиёсий ва маънавий юраги бўлиб келганини айтган.
Бир вақтнинг ўзида Чимкент шаҳрига республика аҳамиятига молик шаҳар мақоми берилмоқда.
Қозоғистон раҳбарига кўра, аҳолиси 1 миллиондан ошган Чимкент сармояларни жалб этувчи янги марказга айланмоқда.
"Чимкент нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида сармоялар, технологик ва интеллектуал захираларни ўзига жалб этаётган марказга айланади. Бунинг учун барча шароит ва салоҳият мавжуд", - дея Назарбоевдан иқтибос келтирмоқда қозоқ нашрлари.
Туркистон шаҳри 16-18 асрларда Қозоқ хонлиги пойтахти бўлган.
Ундан аввал Ясси номи билан билинган шаҳар Ипак йўлининг асосий савдо марказларидан бўлган.
12-асрда бу ерда вафот этган буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий қабри турк ва мусулмон дунёсининг муҳим зиёратгоҳларидан саналади. Ушбу республикага доир бошқа хабаримиз шундан иборатки,Қозоғистон жанубида йўловчи поездининг рельслардан чиқишига йўлларнинг қийшайиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Республика Инвестициялар ва ривожланиш вазирлигининг Транспорт қўмитаси шу ҳақида хабар берди.
Остона-Олмаота йўналишидаги поезднинг қулаши 17 июн куни маҳаллий вақт билан соат 13:25 да Жамбул вилоятининг Шу туманида рўй берган. ЙТҲ натижасида 1 ўсмир йигит ҳалок бўлган, 3 катта ёшли киши турли жароҳатлар билан шифохонага жойлаштирилган. Қолган йўловчилар Шу станциясига бошқа поездда жўнатилган. "Фавқулодда ҳолат машинист йўлларнинг қийшайганини кўриб, шошилинч тўхтатиш тугмасини босганидан кейин рўй берган", - дейилади Транспорт қўмитасининг Facebook'даги саҳифасида.
"Казахстан темир жолы" ("Қозоғистон темир йўллари") миллий компанияси ЙТҲ сабабларини аниқлаш учун махсус комиссия тузди.
МДҲнинг давлатлараро статистика қўмитаси навбатдаги мониторинг натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда Azon.uz сайти хабар тарқатди.
Унга кўра, МДҲ мамлакатлари орасида иқтисодий жиҳатдан энг қолоғи деб Тожикистон топилди. Бу ердаги 30,3 фоиз аҳоли камбағалликда яшаб келмоқда.
Ундан кейинги ўринда 25,4 фоиз кўрсаткич билан Қирғизистон қайд этилди.
Бу борада юқори ўринларни Қозоғистон (2,6 фоиз), Украина (3,8 фоиз), Беларуссия (5,7 фоиз) ва Озарбайжон (5,9 фоиз) давлатлари эгаллаб турибди.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.