июл 14, 2019 19:19 Asia/Tashkent

« Саффот " муборак сураси  69-78-ояти карималарининг шарҳи.

 Дастлаб “Саффот” муборак сураси  69-71- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّهُمْ أَلْفَوْا آبَاءَهُمْ ضَالِّينَ ﴿٦٩﴾ فَهُمْ عَلَىٰ آثَارِهِمْ يُهْرَعُونَ ﴿٧٠﴾ وَلَقَدْ ضَلَّ قَبْلَهُمْ أَكْثَرُ الْأَوَّلِينَ ﴿٧١﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сўнгра, бунинг устига, улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирма ҳам бор. (67) Сўнгра, албатта, уларнинг қайтар жойи жаҳаннамга бўлур. (68) Чунки улар ўз оталарини адашган ҳолда топдилар. (69) Энди эса, улар ўшаларнинг изидан чопмоқдалар. (70) Батаҳқиқ, улардан олдин аввалгиларнинг кўплари адашганлар. (71)

  Ӯтган суҳбатимизда кофир ва гунаҳкорларнинг дӯзахдаги оғир аҳволи баён этилди. Бу ояти карималар уларнинг дӯзахий бӯлиш далилини шундай баён айлайди: улар соғлом ақлга тӯғри келмаслигини билган ҳолди тафаккур қилиб ӯтирмасдан ота-боболарининг эътиқодига кӯр-кӯрона эргашиб,  уларга тақлид қилишди.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Афсуски,  тарих давомида турли қавмлар орасида ана шундай кӯр-кӯрона тақлид давом этиб келган. Кӯпгина одамлар ота-боболарининг расм-русум ва удумларини  дуруст деб ӯйлашади. Ҳатто айрим ҳолатларда бу расм-русумларнинг хурофот эканлигини пайқашсада, уни эълон қилишга журъат қилишолмайди.

Ӯтганлар меросини асраб-авайлаш, деганда уларга кӯр-кӯрона эргашиш ва тақлид қилиш тушунилмайди. Мисол учун, аҳли башар фақат ӯтганларнинг билим ва тажрибасига тақлид қилиб юраверса, илм-фанда бирор-бир муваффақиятга эришолмас эди. Бошқача қилиб айтганда ӯтганлар меросини асраш деганда ота-боболаримизнинг яхши расм-русум, ахлоқ ва удумларини асраб-авайлаш тушунилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Диний таълимотда эътиқодга тақлид жоиз эмас. Хоҳ ота-боболарга, хоҳ диний олимларга бӯлсин. Ҳар бир киши ақл-тафаккур юритиб, мантиқий далиллар асосида  эътиқодига яқин ҳосил қилиши керак.
  2. Кӯр-кӯрона тақлид инсонни дунё ва охиратда ачинарли қисматга гирифтор айлайди.
  3. Ӯтганларнинг расм-русум, ақида ва удумлари  ақл ва мантиқ меъёрида ӯлчаниши керак, қавм-қариндошчилик, қабила ва уруғчилик ӯлчовлари билан эмас.
  •  

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا فِيهِم مُّنذِرِينَ ﴿٧٢﴾ فَانظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُنذَرِينَ ﴿٧٣﴾ إِلَّا عِبَادَ اللَّـهِ الْمُخْلَصِينَ ﴿٧٤﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Биз ичларига огоҳлантиргувчилар юбордик. (72) Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол. (73) Магар ихлосли бандаларимизгина ҳалокатга учрамадилар. (74)

Гумроҳларнинг дӯзахга гирифтор этилганини баён этган оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Бу гуруҳ самовий ҳидоятчилари бӯлмагани учун адашган эмас. Зеро, Аллоҳ таъоло турли қавмлар орасига ҳидоят қилувчи ва дунё ва охиратдаги аянчли қисматдан огоҳлантирувчи кишиларни юборган .

Китоб соҳиби бӯлган пайғамбарлар сон жиҳатидан оз бӯлишсада, аммо улуғ пайғамбарлар шариатини таблиғ қиладиган таблиғий пайғамбарлар сони кӯп эди. Айрим манбаларда уларнинг сони 124 минг нафар дея келтирилган.

Пайғамбарларнинг вазифаси одамларни огоҳлантириш ҳамда уларни хурофот чангалидан қутқариб, ширкдан, куфр ва зулмдан узоқлаштиришдан иборат эди. Аммо афсуски, кӯпчилик одамлар бу меҳрибон муаллимларнинг огоҳлантиришларига эътибор қаратмай,  дунё ва охиратдаги аянчли қисматга гирифтор бӯлишади.

Албатта, барча амалларида Аллоҳнинг ризосини қӯлга киритишга ҳаракат қиладиган Худонинг хос бандалари саодатга эришишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Адашган кишиларни қиёматда дӯзах оловидан асраб қолиш учун огоҳлантириш худи ёнғин туташган хонадон аҳлини огоҳлантириш каби зарурий ҳолдир.
  2. Жамиятнинг аксарият қисми тӯғри йӯлдан адашса, уларга эргашиш ярамайди. Балки уларни тӯғри йӯлга қайтариш ҳаракатида бӯлиш керак.
  3. Ӯтганлар тарихини ӯқиб-ӯрганиш ва уларнинг саргузаштига таважжуҳ қилиш инсон учун ибрат ва такомиллашув заминалари бӯлиб, ҳақ ва ботилни ажратишда унга кӯмаклашади.
  4. Аллоҳга бандалик қилишдаги ихлос кишини ёмон оқибатдан асраб қолади.

Энди  “Саффот” муборак сураси   75-78- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَقَدْ نَادَانَا نُوحٌ فَلَنِعْمَ الْمُجِيبُونَ ﴿٧٥﴾ وَنَجَّيْنَاهُ وَأَهْلَهُ مِنَ الْكَرْبِ الْعَظِيمِ ﴿٧٦﴾ وَجَعَلْنَا ذُرِّيَّتَهُ هُمُ الْبَاقِينَ ﴿٧٧﴾ وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ ﴿٧٨﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, нақадар яхши ижобат қилгувчимиз. (Нуҳга ўхшаб илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз.) (75) Ва Биз унга ва унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик. (76)Ва унинг зурриётларини, ўзларини боқий қолгувчилар қилдик. (77) Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик. (78)

Ӯтган оятларда Аллоҳ таъоло ӯтмиш қавмлар орасидан пайғамбарлар мабъус этгани таъкидланган эди. Бу ояти карималарда ана шундай улуғ Илоҳий пайғамбарлардан бири ҳазрат Нуҳ алайҳиссаломга  ишора қилиниб, буюрилади: Нуҳ алайҳиссалом йиллар давомида ӯз қавмини даъват қилиб, уларни ширк ва куфрдан огоҳлантириб келган бӯлсада, аммо қавмининг аксарияти унинг гапларига эътибор қаратмай, пайғамбарни ёлғончига чиқаришди.

Охир-оқибат ҳазрат Нуҳ қавмини ҳидоят қилишдан маъюс бӯлиб, Аллоҳдан кофирларни йӯқ қилиш ва мӯминларга нажот беришини сӯраб дуо қилди. Аллоҳ пайғамбарининг дуосини мустажоб айлади. Ҳамма ёқни тӯфон ва даҳшатли сел босиб кетди. Кофирлар ҳалок бӯлишди. Нуҳ алайҳиссаломнинг ваъдаларига иймон келтирган муминлар эса у билан биргаликда кемага чиқиб, омон қолишди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Дуо Аллоҳдан кӯмак олишнинг йӯлидир. Қайд қилиш жоизким, Аллоҳнинг дӯстлари энг оғир вазиятларда дуо билан Худога юзланиб, муаммоларни бартараф этишади.
  2. Ҳаёт ва мамот Аллоҳнинг ихтиёридадир. У Нуҳ алайҳиссалом ва унинг ёронларини даҳшатли тӯфонда ҳам қутқариб қолди, гумроҳларни эса ҳалок этди.
  3. Дунё ва охиратда охир-оқибат поклар, парҳезкорлар ва солиҳлар чӯнг бало ва машаққатлардан нажот топиб, оқибатлари хайрли бӯлгай.