июл 15, 2019 19:09 Asia/Tashkent

« Саффот " муборак сураси   93-101-ояти карималарининг шарҳи.

 Дастлаб “Саффот” муборак сураси  93-96- ояти карималарининг тиловатига қулоқ  тутамиз:

فَرَاغَ عَلَيْهِمْ ضَرْبًا بِالْيَمِينِ ﴿٩٣﴾ فَأَقْبَلُوا إِلَيْهِ يَزِفُّونَ ﴿٩٤﴾ قَالَ أَتَعْبُدُونَ مَا تَنْحِتُونَ ﴿٩٥﴾ وَاللَّـهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ ﴿٩٦﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади. (93) Улар у томон шошиб, бир-бирларини туртиб кела бошлади. (Мушриклар Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келишди.) (94) У: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?! (95) Ҳолбуки, сизни ҳам, қолган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деди. (96)

Ӯтган суҳбатимизда Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом бутпарастларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун пайт пойлаб юрганди,  деб айтдик. У одамларга бу бутларнинг қӯлидан ҳеч нарса келмайди. Жонсиз махлуқлар қандай қилиб сизнинг қисматингизни ӯзгартира олади?—каби тушунчаларни англатмоқчи эди.

Шу сабабли одамлар байрамни нишонлаш учун шаҳар ташқарисига чиқиб кетган чоғи у касаллигини баҳона қилиб шаҳарда қолди. Муносиб фурсатдан фойдаланган ҳазрат Иброҳим қӯлига болта олиб шаҳарнинг бутхонасига борди ва улкан бутдан бошқа барча катта-кичик бутларни синдириб ташлади.

Шаҳарга қайтган аҳоли ажабтовур манзарадан даҳшатга тушишди: не кӯз билан кӯришсинки уларнинг катта-кичик худолари синдириб, чилпарчин қилинган. Муқаддас деб билган бутларининг парчалари оёқ остида ётарди.

Шаҳарда   бутларини доимий равишда танқид қиладиган Иброҳим қолганлиги учун  гумонсираб, ғазаб билан унга юзланишди. Аммо ҳазрат Иброҳим уларнинг қаҳр-ғазабига парво қилмай, саволларига мантиқ ила жавоб қайтариб, деди: Ақлли одам ӯз қӯли билан ясаган нарсага сиғинадими? Ясалган нарса маъбуд бӯладиган бӯлса, уни ясаган киши табиий равишда маъбудларнинг маъбуди бӯлиши керак. Бутлардан воз кечиб, ӯзингиз ҳам, бутларингиз ҳам унинг махлуғи бӯлган оламларнинг ягона яратувчисига сиғининг.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Хурофотга олдиндан тайёргарлик кӯриб, муносиб фурсатда мувофиқ зарба бериш йӯли билан курашиш керак.
  2. Хурофотга қарши кураш жараёнида Илоҳий пайғамбарлар огоҳлантириш ва эслатиш билан бирга ӯрни келганда амалий ишга ҳам қӯл урганлар.
  3. Инсон яратган оддий ва мураккаб нарсалар аслида Аллоҳ томонидан яратилган. Зеро, барча ихтиро ва кашфиётларнинг манбаси бӯлган ақл ва истеъдод инсонга Аллоҳ томонидан ҳадя этилгандир.

Энди  “Саффот” муборак сураси   97-98- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قَالُوا ابْنُوا لَهُ بُنْيَانًا فَأَلْقُوهُ فِي الْجَحِيمِ ﴿٩٧﴾ فَأَرَادُوا بِهِ كَيْدًا فَجَعَلْنَاهُمُ الْأَسْفَلِينَ ﴿٩٨﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Улар: «Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!» дедилар. (97) Бас, улар унга макр-ҳийлани ирода қилишди. Биз уларни тубан қилдик. (98)

Мушриклар ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг  мантиқли сӯзларига қулоқ солиш ӯрнига  уни бошқаларга ӯрнак бӯлиши учун ӯлдирмоқчи бӯлишди. Шу мақсадда ӯтин тӯплаб, улкан гулхан ёқишди.

Мушриклар ҳазрат Иброҳимни ланғиллаб ёнган оловга ташлашди. Аммо олов Аллоҳнинг пайғамбарини куйдириб, кулга айлантириш ӯрнига уни бағрига олган гулзорга айланди, салқин ва роҳатбахш бӯлди.

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом душманларини ҳайратда лол қолдириб, гуриллаб  ёнаётган оловдан соғ-саломат чиқиб келди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Куфр ва ширк мантиқ-далилсиз пуч бир нарсадир. Шу сабабли мушриклар тавҳидга қарши курашган чоғи иложсиз қолиб,  куч ишлатишади.
  2. Аллоҳнинг дӯстлари зулм ва куфрни тугатиш йӯлидаги ӯз рисолатларини бажариш чоғи хавф-хатарни писанд қилишмайди. Улар ҳатто гуриллаб ёнаётган оловга киришдан ҳам тап тортишмайди.
  3. Аллоҳнинг иродаси табиат қонунлари устидан ҳукмронлик қилади.  Ул зот ирода қилган чоғи табиат ҳодисаларини ӯзгартириши мумкин. Худди табиати куйдириш бӯлган олов ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломга гулзор бӯлгани каби.

Энди  “Саффот” муборак сураси   99-101- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ إِنِّي ذَاهِبٌ إِلَىٰ رَبِّي سَيَهْدِينِ ﴿٩٩﴾ رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ ﴿١٠٠﴾ فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ ﴿١٠١﴾ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур. (99) Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди. (100) Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. (101)

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом улкан гулхандан соғ-саломат чиқиб келгач, Бобул шаҳрини тарк этди. У тарих давомида Аллоҳнинг пайғамбарлари ва поктийнат азиз-авлиёларининг юрти бӯлган Шом минтақасига ҳижрат қилди. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан рисолатини бажаришда унга кӯмаклашишини илтижо қилди.

У шунингдек Аллоҳ таъолодан унинг ишини давом эттириши учун солиҳ фарзанд ато айлашини ӯтиниб сӯради. Парвардигори карим унинг дуосини мустажоб айлади ва унга нубувват даражасига етган Исмоил ва Исҳоқ каби солиҳ ва пок фарзандларни ато айлади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг мардлари Аллоҳга талпинишади. Улар қай бир ишга қӯл уришмасин сӯнгги мақсадлари Аллоҳнинг ризосидир. Улар бу йӯлда ҳидоят қилишини Аллоҳдан илтижо қилишади ва Унга таваккул қилганча қадам босишади.
  2. Аллоҳнинг йӯлида қадам ташлаган киши Ул зотнинг лутфу карами ва кӯмагига ишониши керак.
  3. Солиҳ фарзанд тилаб дуо қилиш пайғамбарлар дуосидир. Бу нарса солиҳ ва пок фарзанднинг нақадар муҳимлигидан далолат беради. Зеро, пок ва солиҳ фарзандлар жамиятни ҳам ислоҳ қилишади.