сентябр 10, 2019 16:47 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  22-23-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  22- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَفَمَن شَرَحَ اللَّـهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَىٰ نُورٍ مِّن رَّبِّهِ ۚ فَوَيْلٌ لِّلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُم مِّن ذِكْرِ اللَّـهِ ۚ أُولَـٰئِكَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ ﴿٢٢﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар. (22)

Қуръони карим ва самовий ваҳий қалблар заминига ёғилувчи ҳаётбахш ёмғир қатраларига ӯхшайди. Ёмғир муносиб ерга тушганида уни яшнатгани каби Қуръон ва ваҳий ҳам қабул қилишига лойиқ ва илҳақ қалбларга таъсир ӯтказади.

Бу ояти каримада иймоннинг инсон ҳаётидаги мавқеига тӯхталиб, буюрилади: Дунёда фақатгина моддий нарсаларни кӯрадиган одамнинг дунёқараши ҳам чекланган ва жуда тор бӯлади. Аммо ғайб оламига ишонадиган худопараст мӯмин киши дунё ҳаётини охират ҳаётининг бошланиши деб билади ва унинг руҳи кенг қамровлидир.

Аллоҳга иймон келтириш инсоннинг лаёқатларини кенгайтириб, унинг кӯзларини очади. Бундай инсоннинг нигоҳи фақат 70-80 йиллик қисқа умр билан чегараланиб қолмайди. Бундай кишининг руҳи қотиб қолган эмас. Биргина ишора ёхуд бир яхши маънавий суҳбат билан у уйғониши мумкин. Аллоҳ китобидан олинган Илоҳий нурнинг зиёсида у ҳаётнинг қоронғу ва ӯта муаммоли босқичларида ҳам тӯғри йӯлни топиб, ҳавас қиларли бир тарзда умргузаронлик қилади.

Бундай инсонларнинг акси ӯлароқ жамиятда яна шундай одамлар гуруҳи ҳам борки, уларга энг қатъий далиллар ва жозибали маъвизалар ҳам таъсир ӯтказолмайди. Уларнинг руҳ ва зеҳнияти ӯта чегараланган. Улар қалбларига Илоҳий ҳидоят йӯл тополмаган нурсиз ва тошбағир одамлардир.

Аллоҳни инкор қилувчи ёхуд уни унутувчи кишилар доимий равишда изтироб ва стресс ҳолатидалар. Зеро, ӯлим улар учун ҳамма нарсани қӯлдан бериш ҳисобланади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳга иймон келтирган кишининг қалби очилиб, унинг нигоҳи уфқлари жуда кенгаяди. Иймон кишининг лаёқатларини юксалтиради. Иймонли киши доимий равишда Аллоҳга таслимдир.
  2. Мӯмин инсон ҳаётнинг баланд-паст йӯлларини Илоҳий нур кӯмагида босиб ӯтади. Унга ҳаётнинг хатарли жарликларига ағдарилиш хавфи камроқ таҳдид солади.
  3. Ширк, куфр ва ҳақни инкор қилиш қалбни қорайтиради. Қалб қорайдими, унда Илоҳий нур акс этмайди . Натижада инсон гумроҳлик ва зулумот қаърига чӯкиб кетади.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   23-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

اللَّـهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُّتَشَابِهًا مَّثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَىٰ ذِكْرِ اللَّـهِ ۚ ذَٰلِكَ هُدَى اللَّـهِ يَهْدِي بِهِ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُضْلِلِ اللَّـهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ ﴿٢٣﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ. (Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.) (23)

Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада аввалига Қуръони каримнинг бир неча ӯзига хос хусусиятларига ишора қилиниб, сӯнгра мумин ва кофирларнинг ҳолати ӯзаро қиёсланади.

Қуръони каримнинг бирор ояти бошқа оятига қарама-қарши эмас. Худди холиқ ва махлуқни  бир-бирига қиёслашнинг имкони бӯлмаганидек, Яратувчининг сӯзини  ҳам яратилмишнинг сӯзи билан қиёслаб бӯлмайди. Қуръон Яратувчининг сӯзи бӯлиб,  энг олий сӯздир.

Қуръони карим пайғамбарга нозил бӯлган ва уни мусулмонлар пайғамбарнинг тилидан эшитишган бӯлсада, аммо Қуръон оятлари ва Аллоҳ расулининг ҳадислари ӯртасида катта фарқ мавжуд.

Қуръони карим оятларининг ӯзига хос хусусиятларидан бири самовий оятларнинг бир мавзунинг ӯзаро зиддиятли икки томонини акс эттиришидир. Бу ҳар бир нарсани унга зид бӯлган нарса билан қиёслаб ӯрганиш мумкин, деган қоиданинг ифодасидир. Қуръони каримда одамлар уларни қиёслаб, яхшисини танлашлари учун ҳақ ва ботил йӯлнинг натижаси тасвирланади.

Масалан Қуръоннинг айрим оятлари иймон ва муминлар ҳақида бӯлса бошқа бир гуруҳ оятлар куфр ва кофирлар ҳақидадир. Айрим оятлар Илоҳий мукофотлар ҳақида бӯлса, бошқа оятлар Илоҳий жазо ва азоб ҳақида. Айрим оятлар ҳалол ва фарз амалларни бажариш учун илоҳий буйруқлар бӯлса, бошқа оятлар одамларни ҳаром ва нолойиқ ишлардан қайтаргувчи Илоҳий қайтариқлардир. Айрим оятларда ҳидоят ва унинг заминалари ҳақида гапирилса, бошқа оятларда гумроҳлик ва унинг заминалари тасвирланади.

Аллоҳнинг китоби бу услубда инсонларни ҳар бир нарса ва воқеа-ҳодисаларнинг мусбат ва манфий томонларини англаб, энг тӯғри йӯлни танлашга тарғиб қилади.

Иккинчи муҳим нукта шулким, мумин кишилар хавф ва ражо ҳолатида умргузаронлик қилишади. Улар ӯз хато ва камчиликларини ӯйлаб, Аллоҳнинг азобидан қӯрқувга тушадилар. Худонинг лутфу марҳаматини эслаганда унинг  раҳмат ва мағфиратидан умидвор бӯлишади, қалблари ором олади.

Шубҳасиз, Қуръон оятлари барча одамлар учун нозил бӯлгандир. Аммо Ҳақнинг ҳидоятига ташна одамларгина унинг ҳидоятидан баҳраманд бӯлишади. Ҳақни инкор қилувчилар эса Илоҳий ҳидоятдан маҳрум қолиб, гумроҳликка гирифтор бӯлишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръон энг яхши ва самимий баёндир.
  2. Қуръон оятлари бир-бирига зид эмас, уларнинг барчаси бир мақсадга қаратилгандир.
  3. Иймон аҳли азоб оятларини тиловат қилган чоғи  қӯрқувга тушиб, раҳмат оятларини тиловат қилганда  умидвор бӯлишади.
  4. Аллоҳ ҳидоят сабабларини барча учун муҳайё айлаган. Қуръон фақат бир гуруҳ хос одамларни ҳидоят қилиш учун нозил бӯлган эмас. Қуръон барчанинг ҳидоят китоби ва барча инсонлар учун очиқдир. Аммо фақат  ҳақпараст одамларгина унинг ҳидоят нуридан баҳраманд бӯлишади.