декабр 22, 2019 15:15 Asia/Tashkent

«Ғофир" муборак сураси  38-42-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  38-40- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُونِ أَهْدِكُمْ سَبِيلَ الرَّشَادِ ﴿٣٨﴾ يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَـٰذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَإِنَّ الْآخِرَةَ هِيَ دَارُ الْقَرَارِ ﴿٣٩﴾ مَنْ عَمِلَ سَيِّئَةً فَلَا يُجْزَىٰ إِلَّا مِثْلَهَا ۖ وَمَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَـٰئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُرْزَقُونَ فِيهَا بِغَيْرِ حِسَابٍ ﴿٤٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Иймон келтирган киши: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан. (38) Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир. (39) Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар. (40)

Ӯтган суҳбатларимизда Фиръавн ҳазрат Мусо алайҳиссаломни қатл қилиб,  ундан қутулмоқчи бӯлди. Ҳазрат Мусога иймон келтирган, аммо бу амалини сир сақлаб юришга мажбур бӯлган Фиръавн дарборининг мулозимларидан бири Фиръавнни бу фикридан қайтариш учун аввалига золим шоҳ ва дарбор аҳли билан суҳбатлашди ва Фиръавннинг қатл режасини кечиктиришига эришди. Золим подшоҳ вазирига баланд минора қуриш буйруғини берди. Фиръавн бу минорадан теппага кӯтарилиб, ҳазрат Мусо иддао қилаётган худонинг осмонда бор-йӯқлигини текширмоқчи бӯлди, деб айтдик.

Фиръавн дарборидаги мӯмин киши халққа юзланиб, подшонинг бу ишлари ҳийла-найрангдан бошқа нарса эмаслигини тушунтиради.

У одамларга қарата айтган гапларида икки нуқтага эътибор қаратади:

Биринчидан: Инсоннинг умри бу дунё ҳаёти билан тугаб қолмайди. Дунё ҳаёти зудлик билан ӯтиб кетадиган юмушдир.Дунё ҳаёти сӯнгида ажал барча инсонларнинг ёқасидан тутади. Ӯлимдан сӯнг эса абадият дунёсига сафар қиламиз.

Иккинчидан: У дунёда инсоннинг бу дунёда қилган яхши амаллари асқотади. Зеро,  бу дунё иш ва амал, у дунё эса сарҳисоб ва жазо саройидир. Одамга яхши ва ёмон ишига қараб мукофот ва жазо берилади. Бу мавридда аёл ва эркак орасида бирор-бир фарқ йӯқ. Яъни иккиси ҳам гуноҳ ва савобига яраша мукофот олади ёхуд жазога лойиқ деб топилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мӯмин киши доимо бошқаларни ҳидоят қилиш ҳаракатидадир. Бу масъулият ҳеч қачон унинг зиммасидан соқит бӯлмайди.
  2. Дунё вақтинчалик, қиёмат эса абадийдир. Шундай экан инсон қиёматда манфаати тегиши учун бу дунёда эзгу амалларни бажариши лозим.
  3. Камолот ва саодатга етиш инсоннинг жинсига боғлиқ эмас, бу масалада аёл ва эркак тенгдир.
  4. Амалсиз иймон ноқисдир. Иймонсиз эзгу амал эса шу дунёда қолади, охиратгача етиб бормайди. Демак,  иймон ва амал якка тартибда нажот воситаси бӯлолмайди.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   41-42-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَيَا قَوْمِ مَا لِي أَدْعُوكُمْ إِلَى النَّجَاةِ وَتَدْعُونَنِي إِلَى النَّارِ ﴿٤١﴾ تَدْعُونَنِي لِأَكْفُرَ بِاللَّـهِ وَأُشْرِكَ بِهِ مَا لَيْسَ لِي بِهِ عِلْمٌ وَأَنَا أَدْعُوكُمْ إِلَى الْعَزِيزِ الْغَفَّارِ ﴿٤٢﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?! (Мен сизни Аллоҳга, Унинг юборган Пайғамбарига иймон келтириб, нажотга эришишга чорласам, сиз мени куфрга чақирмоқдасиз, куфрга чақиришингиз дўзахга чақиришингиздир.) (41) Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз. Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман. (Сиз мени Аллоҳни инкор этиб, унга ибодат қилмасликка, худолигини билмаганим нарсани унга ширк келтириб, ўшанга ибодат қилишимга чақирмоқдасиз. Бу чақириғингиз асоссиз ва фойдасиздир.) (42)

Бу ояти карималардан маълум бӯлишича Фиръавн дарборидаги мӯмин киши бундан ортиқ ӯз иймонини сир сақлай олмади ва тавҳид ҳамда ширк тӯғрисидаги ӯзининг ақидасини ошкора баён қилди.

Шу сабабли унга ӯз фикрларидан воз кечишини тавсия қилган қавмнинг улуғларига қарата деди: сиз ширкка гирифтор бӯлгансиз. Оламнинг яратилишида умуман ҳиссаси бӯлмаган Фиръавнни тақдирингизнинг соҳиби деб биласиз. Уни сиз ҳақингизда ҳар қандай қарор қабул қилишга ҳақли, ӯзингизни эса унинг айтганларини бажаришга  бурчли деб биласиз. Сиз бирор-бир мантиқий далилсиз, фақат нотӯғри ишонч ва гумонингиз орқали бу бемаъни хурофотга асосланган ақидага маҳкам ёпишиб олгансиз.

Сиз мени якка-ягона Худога кофир бӯлишга даъват қиляпсиз. Сиз мендан ботил ва нотӯғри ақидангизни қабул қилишимни талаб қиляпсиз. Ваҳоланки, мен бу ширкка қоришган ақида ва амалингизнинг ҳосили дӯзах эканлигини яхши биламан. Мени ҳам ӯзингиз билан жаҳаннам қаърига тортмоқчи бӯляпсиз.

Сиз мени даъват қилаётган йӯл қоронғу, хавфли ва хатодир. Аммо мен сизларни нурли, яъни азиз ва қудратли, шу билан бирга меҳрибон ва кечиргувчи  Аллоҳнинг йӯлига даъват қиламан. Мен сизларни хоҳ инсон бӯлсин хоҳ бошқа нарса ҳеч ким ва ҳеч нимани Аллоҳга шерик деб билмасликка чақираман. Қудрат ва ҳокимияти бутун дунёни қамраб олган, меҳр-муруввати барчага тегишли бӯлган Аллоҳгагина итоат қилишингизни сӯрайман.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Одамларни Аллоҳга даъват қилишда ёлғизман, дея андиша қилмаслик, балки далил ва мантиқ ила ҳақни ошкор қилиш керак. Адашганларнинг кӯплиги инсонни умидсизлантирмаслиги  лозим.
  1. Тавҳидга иймон келтириб, солиҳ амал қилиш орқали инсон нажот топади. Аллоҳга ширк келтириш эса инсонни дунё ва охиратда қийинчиликларга гирифтор этади.
  2. Ширк ҳеч қандай ақлий ва мантиқий асосга эга эмас. У инсоннинг нафсоний орзуларига етишиш учун хаёлотида чарх урган ҳаво-ҳавасларининг натижасидир.
  3. Аллоҳ таъоло ӯта буюк ва қудратли бӯлиш билан бирга бандаларига раҳм-шафқат қилувчи улуғ зот ҳамдир.