Январ 30, 2020 18:13 Asia/Tashkent

«Фуссилат" муборак сураси  8-12-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Фуссилат” муборак сураси  8- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ أَجْرٌ غَيْرُ مَمْنُونٍ ﴿٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга битмас-туганмас ажрлар бор», деб айт. (8)

Ӯтган суҳбатимизда шарҳланган охирги  оят закот бермайдиган, хайр иш қилмайдиган ва охират кунига ишонмайдиган  мушриклар ҳақида эди. Бундай кишилар хайр амални бажаришсада охират кунига иймон келтирмаганлари учун қиёматдаги ажрдан баҳра ололмайдилар.

Бу ояти каримада буюрилади: Аммо Худо ва қиёмат кунига иймон келтирган, ӯз имкониятлари ва жамиятдаги мавқеига яраша хайр ишларни бажарадиган  кишиларга Аллоҳ таъоло қиёмат куни битмас-туганмас ажр-савоб ато этади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1.Иймон ва солиҳ амал бири биридан айри эмас. Шу сабабли қиёмат куни улар якка ҳолда арзирли ҳисобланмайди.

2. Дунёда ҳатто энг арзирли мукофот ҳам чекланган бӯлади, аммо Аллоҳнинг қиёматдаги ажри чексиздир.

Энди  “Фуссилат” муборак сураси   9-10-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ أَئِنَّكُمْ لَتَكْفُرُونَ بِالَّذِي خَلَقَ الْأَرْضَ فِي يَوْمَيْنِ وَتَجْعَلُونَ لَهُ أَندَادًا ۚ ذَٰلِكَ رَبُّ الْعَالَمِينَ ﴿٩﴾ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَاسِيَ مِن فَوْقِهَا وَبَارَكَ فِيهَا وَقَدَّرَ فِيهَا أَقْوَاتَهَا فِي أَرْبَعَةِ أَيَّامٍ سَوَاءً لِّلسَّائِلِينَ ﴿١٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку! (9) У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир», деб айт. (Ернинг ризқи, яъни ер, аҳлининг ризқи ўлчовли, белгили қилиб қўйилган. Ҳаммаси ўлчовли, ҳаммаси тақдир қилинган.) (10)

Бу ояти карималарда  кофир ва мушрикларга қарата буюрилади:

Сиз Ерни икки кунда яратган зотга куфр келтирасизми? Унинг шериги бор деб ӯйлайсизми? Қандай бемаъни гап ва қанчалик улкан хато?!

Аслида сиз юзида яшаб юрган ер ягона  Аллоҳ томонидан яратилган бӯлиб, бу ишда ҳеч ким унга шерикчилик қилмаган. Ул зот нафақат ернинг яратувчиси, балки бутун оламнинг парвардигоридир. Яъни бу оламни яратган зот унинг барча ишларини ҳам тадбир қилади. Шу сабабли оламнинг яратувчиси, эгаси, тадбир ва ҳукумат  қилувчиси бӯлган ӯша ягона зотгина сиғинишга лойиқ.

Ул зот ерни яратгач, гиёҳ ва ҳайвонларга зарур бӯлган нарсаларни муҳайё айлаган. Фалакка бӯй чӯзган адл тоғлар, чексиз уммонлар, ер юзидаги улкан ӯрмонлар ва ер қаъридаги ҳисобсиз қазилма бойликлар ҳамма-ҳаммаси ер аҳлининг эҳтиёжини бартараф этишга қаратилган. Ерда бутун мавжудотнинг ҳаётини давом эттириш учун зарур бӯлган барча нарсалар яратилгандир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Оламнинг яратувчиси ва тарбиячиси яккаю-ягона Аллоҳдир. Мушрикларнинг хатоси шулки,  Худони яратувчи, бошқа ашё ёхуд шахсни эса оламни бошқаришда унга шерик деб билишарди.
  2. Оламнинг яратилиши босқичма-босқич амалга ошган, бирданига эмас.
  3. Аллоҳ барча инсон ва ҳайвонларнинг эҳтиёжини қондирадиган даражада ер юзига баракот нозил қилган. Аммо адолатсиз тақсимот, исроф ва золимларча сиёсат бугунги кунда дунё аҳлининг аксарияти қашшоқ ҳаёт кечиришига олиб келган.

 

Энди  “Фуссилат” муборак сураси  11-12-ояти

карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ وَهِيَ دُخَانٌ فَقَالَ لَهَا وَلِلْأَرْضِ ائْتِيَا طَوْعًا أَوْ كَرْهًا قَالَتَا أَتَيْنَا طَائِعِينَ ﴿١١﴾ فَقَضَاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ فِي يَوْمَيْنِ وَأَوْحَىٰ فِي كُلِّ سَمَاءٍ أَمْرَهَا ۚ وَزَيَّنَّا السَّمَاءَ الدُّنْيَا بِمَصَابِيحَ وَحِفْظًا ۚ ذَٰلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ ﴿١٢﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар. ( Ўша вақтда осмон тутун-газ ҳолида эди. (Дунёнинг яратилиши юзасидан илмий изланиш олиб борган олимлар ҳам шу натижани такрорламоқдалар). Шунчалар улкан, мустаҳкам, кучли бўлишларига қарамай, Аллоҳнинг иродаси кетиши билан итоаткорликларини дарҳол изҳор этдилар.) (11) Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Биз, у яқин осмонни чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик. Бу азизу ўта илмли зотнинг ўлчовидир. (Шундай қилиб, осмонлару ер олти кунда барпо қилинди. У кунлар қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Уламоларимиз, агар Аллоҳ таоло хоҳласа, буларни кўз очиб юмгунча яратар эди, лекин бандаларига пухталикни ўргатиш учун шошилгани йўқ, дейдилар. Ахир ҳажмини, ичларидаги нарсаларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп ва катта бўлган етти осмоннинг ҳар бирида Аллоҳнинг ваҳийси асосида иш кўрилса-да инсон Аллоҳга куфр келтириб ўтирса, шу тўғри бўладими?! Аллоҳга ширк келтирса, жоизми? Ўзига келган ваҳийни афсона, ёлғон, сеҳр, тўқилган уйдирма дейиши ақлданми?! Бу ваҳийни эскириб қолди, замонга тўғри келмайди, дейиши тўғрими?! Аллоҳ ваҳий қилган дастурни қўйиб, ўзи тўқиб чиқарган дастур асосида яшаши жоизми?! Инсонга яқин осмонга юлдузларни зийнат қилиб яратдик. Ўша юлдузлар осмонни жину шайтонлардан қўриб турадилар) (12)

Ерни ва унда яшовчи барча махлуқларга зарур бӯлган нарсаларни яратишдаги Аллоҳнинг лутфу карамига тӯхталгач, бу ояти карималарда осмонларнинг яратилишига ишора қилиниб, буюрилади: Яратилишнинг илк даврида осмонлар тарқоқ газ мисоли эдилар. Сӯнгра Аллоҳ таъоло уларни шаклга келтириб, тартиб-низом жорий қилди.

Аллоҳ етти осмон яратгандир. Биз бошимиз узра кӯриб турган нарса биринчи осмоннинг бир қисми, холос. Бошқача қилиб айтганда яратилиш олами етти мажмуа(комплекс)дан иборат бӯлиб, фақат биттасини биз инсонлар кӯриш қобилиятига эгамиз. Ҳали инсон яратган қудратли телескоплар ҳам биринчи осмондан нарига нуфуз қилишолмаган.

Яна бир нукта: тунда юлдузлар нурли чироқ каби  осмонни безатишади. Уларнинг ҳар бири ӯзининг яратилиш сир-синоатига эга бӯлиб, инсонни тафаккур қилишга ундайди. Аллоҳ осмонни хавф-хатар нуфузидан маҳфуз сақлайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Яратилишнинг илк босқичида осмон тутун ва газ шаклида бӯлган.
  2. Бутун борлиқ Аллоҳ буйруғига бӯй сунади. Борлиқ олам низомига қарши ҳаракат қилувчи бӯлиб қолмаслик учун интилишимиз лозим.
  3. Борлиқ олами бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган даражада муҳташамдир. Биз кӯриб турган ёхуд келажакда кашф қилинадиган юлдузлар ва галлактикаларнинг барчаси биринчи осмоннинг ашёларидир. Инсоният бошқа осмонлар ва Аллоҳнинг борлиқ кенгликларида яратган бошқа нарсаларидан маълумотга эга эмас. Борлиқ олам  маълум меъёрлар асосида яратган, уни тадбир айлайдиган Аллоҳ  таъолонинг илм ва қудрати кӯргазмасидир.