Нур томон йӯл - 909
"Зухруф" муборак сураси 79-84-ояти карималарининг шарҳи
Дастлаб "Зухруф" муборак сураси 79-80-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
لَقَدْ جِئْنَاكُم بِالْحَقِّ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَكُمْ لِلْحَقِّ كَارِهُونَ ﴿٧٨﴾ أَمْ أَبْرَمُوا أَمْرًا فَإِنَّا مُبْرِمُونَ ﴿٧٩﴾ أَمْ يَحْسَبُونَ أَنَّا لَا نَسْمَعُ سِرَّهُمْ وَنَجْوَاهُم ۚ بَلَىٰ وَرُسُلُنَا لَدَيْهِمْ يَكْتُبُونَ ﴿٨٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ёки улар бирон ишга қарор қилдиларми? Бас, Биз, албатта, қарор қилгувчимиз. (79) Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмайди) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмайди деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар. (80)
Ӯтган суҳбатимизнинг охирида Ҳақни қабул қилишдан бош тортган кофирлар ва мушриклар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Улар Ҳақни эшитишни истамас, ҳатто унга қарши курашга отланишган эди. Улар Ҳақ нурини сӯндириш учун ҳийла-найранглар ӯйлаб топишди. Улар ҳақни нобуд айлашга батамом киришишганди. Аммо муқобил тарафлари Худо эканлигини, Худонинг иродаси эса уларнинг иродасидан устунлигини билишмасди.
Ҳийла-найранг йӯлини тутган мухолифлар яширинча маслаҳатлари Худодан пинҳон қолади, У уларни кӯрмайди, сӯзларини эшитмайди,деб ӯйлашарди.Ваҳоланки, Аллоҳ қулоққа айтилган энг махфиёна сӯзларни ҳам эшитади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳар бир қарор, қанчалик махфий ва жиддий бӯлмасин, Аллоҳ истамаса, амалга ошмайди.
- Мухолифлар Худони ӯзларининг яширин амалларидан бехабар, деб ӯйлашади. Ваҳоланки, инсоннинг барча ошкор ва ниҳон амаллари Илоҳий девонда қайд қилинади. Аллоҳнинг маъмурлари бӯлган фаришталардан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Энди "Зухруф" муборак сураси 81-82-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
قُلْ إِن كَانَ لِلرَّحْمَـٰنِ وَلَدٌ فَأَنَا أَوَّلُ الْعَابِدِينَ ﴿٨١﴾ سُبْحَانَ رَبِّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبِّ الْعَرْشِ عَمَّا يَصِفُونَ ﴿٨٢﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Агар Роҳманнинг боласи бўлганида, мен унга ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлар эдим», деб айт. (81) Осмонлару ернинг Робби, Аршнинг Робби улар қилаётган васфдан покдир. (82)
Ушбу муборак суранинг илк оятларида мушрикларнинг фаришталарни Худонинг қизлари деб эътиқод қилишлари, кейинги оятларда эса масеҳийларнинг Ҳазрат Исони Худонинг ӯғли деб ботил эътиқод қилишлари ҳақида гапирган эдик. Бу ояти карималарда бу ботил эътиқодлар рад қилиниб, буюрилади: Биринчидан, Худо уйланиш ва фарзандли бӯлиш эҳтиёжидан покдир. Иккинчидан, Худо фаришталар ва инсон каби бирор-бир махлуқотга сиғиниш кӯрсатмасини бермаган.
Оятнинг давомида келтирилади: Осмонлар ва заминнинг тадбири илкида бӯлган, улуғ Аршнинг Парвардигори бӯлган Худонинг фарзандга эҳтиёжи йӯқ. У бутун оламларни қамраб олган муҳитдир.
Аслида фарзанд насл қолдиришга эҳтиёж сезган одамизод учун лозим. Одамизод куч-қувватдан қолиб, заифлашган чоғи фарзандига суянмоқни ният қилади.
Яна бир нукта шулким, фарзанд кӯриши лозим бӯлган зотда жисм бӯлиши ва у макон ва замоннинг маълум бир ҳудудида бӯлиши лозим. Бутун оламларни яратган ва бутун оламлар унинг фармонига бӯй сунадиган Худо юқоридаги мавридлардан пок ва муназзаҳдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Мухолифлар билан мунозара қилган пайти муроса қилиб, уларнинг эътиқодларидаги хатоликларни англаб олишларига имконият яратиш лозим.
- Шаксиз, Аллоҳ нуқсон, эҳтиёж ва инсон билан қиёслашдан покдир. Шу сабабли инсонга ӯхшаш худодан узоқлашиш керак, зеро, бундай худо аҳли башарнинг қодир ва мисл-монандсиз муқтадир Худо ҳақидаги жоҳилона тасаввури ҳосиласидир.
- Шунчалик чексиз ва улуғвор осмонлар ва замин Аллоҳнинг тадбири ва иродасига бӯй суниб, марказлашган ҳолда бошқарилади.
Энди "Зухруф" муборак сураси 83-84-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَذَرْهُمْ يَخُوضُوا وَيَلْعَبُوا حَتَّىٰ يُلَاقُوا يَوْمَهُمُ الَّذِي يُوعَدُونَ ﴿٨٣﴾ وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَـٰهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَـٰهٌ ۚ وَهُوَ الْحَكِيمُ الْعَلِيمُ ﴿٨٤﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, уларни қўйиб бер, ўзларига ваъда қилинаётган кунга рўбарў бўлгунларича (ёмонликка) шўнғийверсинлар, ўйнайверсинлар. (83) У зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир. У зот ўта ҳикматли, ўта илмлидир. (84)
Пайғамбарлар аҳли башарни ҳидоят қилишга масъулдирлар. Улар одамларга нажот бағишлаш учун дилсузлик билан ишга киришадилар. Бу ояти карималарда буюрилади: Хайрхоҳликнинг ҳам ҳад-ҳудуди бор. Киши ӯзи ҳидоят топишни истамаса, уни мажбурлаб саодат манзилига элтиб бӯлмайди. Бундайларни танлаган йӯлларининг ачинарли натижасини татиб кӯришлари учун ӯз ҳолига қӯйиш керак. Эҳтимол, бу йӯлнинг хато эканлигини англаб, ортга қайтарлар... Улар умрларининг охиригача бу йӯлдан қайтмай, қиёмат куни ножӯя амалларининг аччиқ таъмини татиб кӯришар, эҳтимол...
Ояти карималарнинг давомида Аллоҳ одамларнинг иймон келтиришига эҳтиёж сезмаслиги таъкидланиб, буюрилади: кофирлар Худо бизнинг иймон келтиришимизга муҳтож, гуноҳимиз унга азият беради, деб ӯйлашмасин. У осмонлар ва ернинг Худоси, барча мавжудотнинг маъбудидир. Бошқача қилиб айтганда, сиғинишга лойиқ зот оламларнинг бошқарувчиси ва тадбир қилувчиси бӯлган зотдир. Шу сабабли фаришталар, бутлар ва ой, қуёш, юлдузлар каби табиий воқеаларнинг ҳеч бири сиғинишга арзимайди. Улар Аллоҳнинг махлуғи ва бутун вужудлари билан Ул зотга боғлиқдирлар.
Бу ояти карималарнинг сӯнгида келтирилишича: Аллоҳ барча нарсадан хабардор ва оламни ӯзининг чексиз илм ва ҳикмати асосида бошқаради.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Пайғамбарлар одамларни даъват қилиш масъулидирлар, одамларни мажбурлаш уларнинг вазифасига кирмайди.
- Эътиқодий масалада одамларга далил ва ҳужжат асосида тушунтирилгач, уларга босим ӯтказмаслик керак. Ӯзлари тӯғри йӯлни танлашлари учун уларни эркин қӯйиш лозим.
- Аллоҳ инсоннинг на ӯзи, на унинг ибодатларига муҳтож эмас.
- Биз бӯлмаган замонларда У Худо эди. Биз оламдан ӯтганда ҳам У Худодир. У осмонлар, замин ва оламдаги барча мавжудотларнинг Худосидир.
- Чексиз илм ва ҳикматга эга бӯлган зотгина сиғинишга лойиқ.