феврал 04, 2021 21:02 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл – 915

"Духон" муборак сураси  37-50-ояти карималарининг  шарҳи

Дастлаб " Духон" муборак сураси 37-ояти каримаcининг  тиловатига қулоқ соламиз:

أَهُمْ خَيْرٌ أَمْ قَوْمُ تُبَّعٍ وَالَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ ۚ أَهْلَكْنَاهُمْ ۖ إِنَّهُمْ كَانُوا مُجْرِمِينَ ﴿٣٧﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, улар жиноятчи бўлган эдилар. (« Туббаъ» Яман подшоҳларининг лақабидир. Араблар ичида уларнинг довруғи кенг тарқалган эди.) (37)

Бу ояти каримада якравлик қилиб, Аллоҳнинг Расули билан мухолифат қиладиган Макка мушрикларига қарата буюрилади: Сиз қудратлимисиз ё Яман ӯлкасида яшаган қавмлар қудратлимиди? Улар гуллаб-яшнаган, обод ӯлкаларнинг ҳамда жуда улкан қудрат ва бойликнинг эгаси эдилар. Аммо зулм, фисқ-фасод ва туғёнга берилгач, ҳалок этилдилар. Сиз ҳам қӯшниларингиз ҳолига тушиб қолишдан қӯрқинг.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръоннинг одамларни ҳидоят қилишдаги услубларидан бири ибрат бӯлсин учун ӯтган қавмларнинг саргузаштини баён қилишдир.
  2. Айрим амаллар шу дунёдаёқ Илоҳий ғазаб ва жазога сабаб бӯлишлари мумкин. Жамиятда зулм, фисқ-фасод ва гуноҳнинг авж олиши ана шундай амаллар сирасига киради.

Энди "Духон" муборак сураси 38-39-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:

وَمَا خَلَقْنَا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا لَاعِبِينَ ﴿٣٨﴾ مَا خَلَقْنَاهُمَا إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٣٩﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ! (38) Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар. (39)

Ӯтган суҳбатимизда шарҳлаган оятларимизда ӯлгандан кейинги қайта тирилиш ҳақида гап борарди. Бу ояти карималарда қиёматнинг қоим бӯлиш далили ҳақида тӯхталиб, буюрилади: Осмон, ер ва бу улкан олам шунчаки мақсадсиз, беҳуда яратилганмиким, ӯлим билан поёнига етиб, йӯқ бӯлиб кетса.

Кофирлар ӯлимни инсон ҳаётининг сӯнгги нуқтаси деб билишади. Аммо қайта тиришлишни инкор қилувчиларнинг нуқтаи назарига қарама-қарши равишда Қуръон таълимоти бӯйича ӯлим бу дунёдан кӯра жуда улкан бӯлган абадий жаҳонга ӯтиш кӯпригидир.

Бу ояти карималарда осмон ва заминнинг яратилиши ҳақ эканлиги уқтирилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Инсон умри ӯлим билан тугайдиган бӯлса, инсон учун яратилган улкан олам пуч ва беҳуда нарса бӯларди.
  2. Борлиқ олам маълум мақсад асосида яратилган экан, биз инсонлар бу мақсадни англаб, ӯзимизни унга мутобиқлаштиришимиз лозим.
  3. Ӯлимдан кейинги тирилишни инкор қилишнинг сабаблиридан бири оламнинг яратилиш мақсадини англамасликдир.

Энди "Духон" муборак сураси 40-42-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ يَوْمَ الْفَصْلِ مِيقَاتُهُمْ أَجْمَعِينَ ﴿٤٠﴾ يَوْمَ لَا يُغْنِي مَوْلًى عَن مَّوْلًى شَيْئًا وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ ﴿٤١﴾ إِلَّا مَن رَّحِمَ اللَّـهُ ۚ إِنَّهُ هُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ ﴿٤٢﴾

   Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, ажратиш куни барчалари учун белгиланган вақтдир. («Ажратиш куни» қиёматнинг номларидан бири. У кунда ҳақ ботилдан, мўминни кофирдан, яхши ёмондан ажратилади. Шунинг учун ҳам « ажратиш куни « деб номланган. Ана ўша кун ҳамманинг қайта тирилиши ва тўпланиши учун белгиланган вақтдир.) (40) У кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. (41) Магар кимга Аллоҳ раҳм қилсагина (ёрдам берилур). Албатта, У азиз ва ўта раҳмли зотдир. (Азиз ва раҳимли сифати ила мўмин-мусулмон, тақводор бандаларига раҳм қилади, ёрдам беради.) (42)

Бу ояти каримада қиёматнинг айрим хусусиятларига ишора қилиниб, буюрилади: Қиёмат айрилиқ кунидир. У кунда инсон амалидан бошқа ҳамма нарсадан ажралади. Дунёда бир киши кулфатга тушса, унга дӯстлари ёрдамлашишлари мумкин. Аммо қиёматда оилавий ва ижтимоий пайвандлар узилади. Унда Аллоҳнинг лутфу марҳаматидан ӯзга ҳеч ким инсонга нажот бахш этолмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёмат инсонларнинг бир-биридан. Дӯстлари ва қариндош-уруғларидан  ажралиш кунидир. Шунинг учун ҳеч кимнинг кӯмагига умидвор бӯлмаслик керак.
  2. Қиёмат куни барча инсонлар бир жойда тӯпланишади. Аммо бу издиҳом ичра ҳар бир киши ёлғиз ва паноҳсиздир.
  3. Инсонлар қиёмат куни фақат Аллоҳ билан муомала қилишади. Аллоҳ кофирлар билан иззат ва қудрат, муминлар билан эса лутф ва раҳмат юзасидан муносабат қилади.

Энди "Духон" муборак сураси 43-50-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ شَجَرَتَ الزَّقُّومِ ﴿٤٣﴾ طَعَامُ الْأَثِيمِ ﴿٤٤﴾ كَالْمُهْلِ يَغْلِي فِي الْبُطُونِ ﴿٤٥﴾ كَغَلْيِ الْحَمِيمِ ﴿٤٦﴾ خُذُوهُ فَاعْتِلُوهُ إِلَىٰ سَوَاءِ الْجَحِيمِ ﴿٤٧﴾ ثُمَّ صُبُّوا فَوْقَ رَأْسِهِ مِنْ عَذَابِ الْحَمِيمِ ﴿٤٨﴾ ذُقْ إِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْكَرِيمُ ﴿٤٩﴾ إِنَّ هَـٰذَا مَا كُنتُم بِهِ تَمْتَرُونَ ﴿٥٠﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Заққум дарахти. (43) Гуноҳкорлар таомидир. (44) У худди эритилган маъдандек қоринларда қайнайдир. (45) Қайноқ сувнинг қайнашига ўхшайдир. (Дўзахилар қоринлари очса, нима ейишади? Уларга қоринлари очганида таом учун Заққум дарахтининг меваси берилади. Заққум аччиқлиги ва заҳарлилиги билан оғизларда зарбулмасал бўлиб кетган. Ана ўша заҳар гуноҳкорларга таом бўлади, қоринларида эритилган маъдан, темир ёки мисдек ёхуд доғ қилинаётган ёғдек қайнаб туради. У худди сувдек қайнайди.) (46) Уни тутиб, жаҳиймнинг ўртасига судраб олиб боринглар! (47) Сўнгра боши устидан қайноқ сув азобини қуйинглар! (48) Тотиб кўр! Албатта, сен ўзинг «азизу мукаррамсан»! (49) Албатта, бу сиз (бўлишида) шубҳа қилиб юрган нарсадир! (50)

Бу ояти карималарда ҳатто эшитиши инсоннинг вужудини титратадиган дӯзахда гунаҳкорларнинг даҳшатли равишда азобланиши саҳнаси тасвирланади.

Одамлар дӯзахни дунёнинг оловларига ӯхшаган олов билиб, у куйдириб, кулга айлантиради, қабилида тасаввур қилишади. Ваҳоланки, бу ояти карималарда келтирилишича, дӯзах аҳли олов ичида яшашади. Олов қаърида уларнинг ичимлик ва егуликлари ҳам бор. Аммо бу егуликлар уларнинг азобини кӯпайтиради. Сувлари   куйдиргувчи даражада иссиқ, овқатлари аччиқ ва қайноқ. Олов шуълалари бутун вужудларини қамраб, уларни шафқатсизларча куйдиради.

Дӯзахда қақшатқич жисмоний азобдан ташқари даҳшатли руҳий қийноқ ҳам мавжуд. Гунаҳкорга: “Сен дунёда ӯзини энг қудратли одам, деб ҳисоблаган, камбағал бечораларга чексиз зулм ӯтказган одамсан”,--дейилади.

Қайд қилиш жоизким, дӯзахда ҳар бир киши гуноҳига яраша жазоланади. Дунёда одамларга жабр-зулм ӯтказиб, ҳеч ким менинг пишагимни пишт, деёлмайди деб ӯйлайдиганлар унда бошқалардан кӯра кӯпроқ азобланадилар. Улар ҳақиқатда ӯз амалларининг натижасини тотиб кӯришади. Уларга хитоб қилинади: бӯ ӯша сиз дунёда инкор қилган ва шак келтирган нарсадир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Гуноҳлар қиёмат куни олов шаклига кириб, инсоннинг зоҳир ва ботинини куйдиради. Шундай экан, дунёдалигимиз пайтидаёқ гуноҳлардан воз кечиб,Аллоҳдан мағфират талаб қилиш билан ӯзимизни дӯзахдан қутқаришимиз лозим.
  2. Қиёматнинг азоблари ҳам жисмоний ва ҳам руҳий қийноқлардан иборат. Дӯзахийлар ҳам оловда ёнишади ва ҳам таҳқир ва масхара қилинадилар.