июл 04, 2021 11:15 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл – 923

“Аҳқоф” муборак сурасининг 1-5 – ояти карималари шарҳи

Бугунги суҳбатимизда муборак “Aҳқоф” сурасининг тафсирини бошлаймиз. Од қавми ўлкаси қумли ҳудуд бўлганлиги учун Aҳқоф деб аталарди. ИншаАллоҳ 21- оятда Од қавми можаросига тўхталамиз.

Дастлаб, муборак “Aҳқоф” сурасининг 1-3- ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِیمِ

حم﴿١﴾‏ تَنزِیلُ الْکِتَابِ مِنَ اللَّهِ الْعَزِیزِ الْحَکِیمِ﴿٢﴾‏ مَا خَلَقْنَا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَیْنَهُمَا إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَجَلٍ مُّسَمًّى ۚ وَالَّذِینَ کَفَرُوا عَمَّا أُنذِرُوا مُعْرِضُونَ﴿٣﴾‏

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан.

Ҳа мийм. (1) Китобнинг туширилиши  Ғолиб ва ҳикматли Аллоҳ тарафидандир. (2) Осмонлару ерни ҳамда улар ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва белгиланган муддат ила яратдик. Кофирлар бўлса, ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчилардир. (Қуръонни ҳикмат ила нозил қилган ғолиб ва қудратли Аллоҳ осмонлару ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ҳам ҳақ ила, ҳикмат ила яратган.) (3)

Ушбу сура ҳам Қуръони Каримнинг бошқа 28 сураси каби муқаттаъот ҳарфлар билан бошланади ва улардагидек ушбу ҳарфлардан сўнг, Қуръоннинг аҳамияти ва улуғворлиги ҳақида сўз боради. Гўёки Aллоҳ таоло бу билан айтмоқчи бўладики:  мен мана шу сиз кўриб турган ҳарфлардан бир китоб яратдимки, сизлар бу каби китоб ёзишга ожизсиз ва бу Қуръоннинг муъжиза эканлигига энг яхши далилдир.

Қуръони Каримнинг Aллоҳ таоло тамонидан туширилганини таъкидловчи кўплаб ояти карималар ушбу самовий китобнинг ўзига хос аҳамиятини кўрсатадики, ундаги таълимотларга амал қилиш орқали инсон иззат ва иқтидорга эришади. Чунки Қуръоннинг барча таълимотлари илм ва ҳикматга асосланган ва унда ҳеч қандай беҳуда сўз ёки буйруқ йўқ.

Фақатгина шариат китоби эмас, балки бутун табиат низоми ва тартиби ҳаққа асосланиб яратилган ва махсус режа асосида идора этилади. Бу низомдаги барча нарса ўзининг муайян ўрнига эга.

Шаксиз, самовий китобда ҳам, борлиқ низомида ҳам Ҳаққа зид бўлган ҳеч нарса йўқ. Ҳамма нарса ўлчанган ва Ҳақ билан биргадир. Бироқ яратилишнинг ибтидоси бўлганидек, муайян интиҳоси ҳам муқаррардир. Ўша белгиланган вақт етиб келгач, бу дунё йўқликка юз тутади.

Aлбатта,  Aллоҳнинг мавжудлиги ёки қайта тирилишни инкор қилувчилар, Aллоҳнинг Қуръондаги ва борлиқ низомидаги муъжизалари ҳамда ақлий ва руҳий огоҳлантиришларга эътибор бермайдилар. Улар Ҳақдан қочишади ва ундан юз ўгиришади. Натижада,  ўзларини Aллоҳнинг ҳидоятидан маҳрум қилишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ўрганамиз:

  1. Қуръон пайғамбар (с) қалбларига нозил ва тилларига жорий қилинган Aллоҳнинг каломидир.
  2. Табиат низоми ва шариат ҳукмлари, ҳар иккиси ҳақ ва ҳикмат асосидадир. Чунки ҳар иккиси ҳам ҳаким ва олим зот бўлмиш Aллоҳ таоло томонидан яратилган.
  3. Борлиқ низомида ҳеч қандай хилоф, хато ва беҳудаликка йўл йўқ.
  4. Еру осмон ва бутун борлиқ маълум вақт ва ҳисобланган замонга асосланган ва ҳеч қандай ҳаракат тасодифан юз бермайди.
  5. Бутун борлиқ Ҳақ йўлида ҳаракат қилади. Фақат инсонгина нотўғри йўлни танлаб, йўлдан озиб,  номақбул ишларни қилиши мумкин.

Энди муборак «Aҳқоф» сурасининг 4-5- ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ أَرَأَيْتُم مَّا تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ أَرُونِي مَاذَا خَلَقُوا مِنَ الْأَرْضِ أَمْ لَهُمْ شِرْكٌ فِي السَّمَاوَاتِ ۖ ائْتُونِي بِكِتَابٍ مِّن قَبْلِ هَٰذَا أَوْ أَثَارَةٍ مِّنْ عِلْمٍ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ ﴿٤﴾‏ وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّن يَدْعُو مِن دُونِ اللَّهِ مَن لَّا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَن دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ﴿٥﴾

Ушбу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Сен: « Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми? Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бундан (Қуръондан) олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг.»- деб айт. (4) Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар. (5)

Ушбу ояти карималарда ислом пайғамбари мушрикларга қуйидагиларни айтишга буюрилади: сиз сиғинаётган бу бутлар ер ва осмон яратилиши ва тадбирида қандай ўрин тутганлар? Сизлар ўзингиз ер-у осмонлар, қуёш, ой ва юлдузларни Aллоҳ таоло яратганига иқрорсизку, бас,  нега бу бутларга сиғинасизлар ва ўз муаммоларингизни ҳал этиш учун ушбу хосиятсиз ва ақлу шуурсиз мавжудотлар олдига борасиз?

Қуръондан олдин сизларга буларга сиғинишга рухсат берилган китоб келганми? Ёки донишмандларингиз томонидан Aллоҳдан ўзгага сиғиниш учун бирор илмий далил кўрсатилганми? Бутларга сиғиниш ё ақлий ва ё нақлий далилга асосланган бўлиши зарур, аммо сизларда ҳар иккиси ҳам йўқ. Демак,  маълум бўладики, сизнинг маслагингиз ботил ва ўйлаб топилган чўпчакларга асосланган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Оламларнинг Яратувчиси йӯлидан бошқа танланган ҳар қандай йӯл гумроҳликдан бошқа нарса эмас.
  2. Баъзида мухолифлар танлаган йӯлларининг асоссиз эканлигини исботлаш учун уларга саволлар билан мурожаат қилиш керак.
  3. Нафақат ёғоч ва тошдан ясалган бутлар, балки иқтидорли ва доно инсонлар ҳам ӯзлари ва ӯзгаларнинг истакларини амалга оширишдан ожиздирлар. Аллоҳнинг ӯрнига уларга юзланиш ва уларга суяниш ярамайди.
  4. Инсон бажарадиган ҳар бир амал ақлий ва илмий далилга ёхуд Аллоҳнинг каломи ва унинг пок ва маъсум пайғамбари сӯзларига асосланган бӯлиши керак.

 

Ёрлиқ