Январ 13, 2022 22:49 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (931)

Муҳамад муборак сураси 7-14 - ояти карималарининг шарҳи

Ушбу дастуримизда, муборак Муҳаммад (сав) сурасининг 7дан 14гача ояти карималарининг содда ва равон тафсири билан танишамиз, биз билан бирга бўлинг.

Дастлаб, муборак Муҳаммад (сав) сурасининг 7дан 9гача бўлган ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

«یَا أَیُّهَا الَّذِینَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّـهَ یَنصُرْکُمْ وَیُثَبِّتْ أَقْدَامَکُمْ»، «وَالَّذِینَ کَفَرُوا فَتَعْسًا لَّهُمْ وَأَضَلَّ أَعْمَالَهُمْ»، «ذَلِکَ بِأَنَّهُمْ کَرِهُوا مَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأَحْبَطَ أَعْمَالَهُمْ»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

 Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам берадир ва қадамларингизни собит қиладир. Ва куфр келтирганларга бахтсизлик ва амалларини зое қилиш бўлур.Бу уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганлари сабабидандир. Бас, У зот амалларини ботил қилди.

Олдинги дастурда жанг майдонида Ислом душманларига қарши туриш ҳақида гап кетганди. Ушбу оятларда яна мўминларга мурожаат қилинади: Жанг майдони, кураш ва тўқнашув  майдонидир ва ўзига хос қийинчиликлар ва муаммоларга эга. Шунинг учун сиз сабр-тоқатли  ва матонатли бўлишингиз ва динингиз ва маслагингизни ҳимоя қилишда қатъиятли бўлишингиз ва майдонни ташлаб қочмаслигингиз зарур.

 Aгар сиз Aллоҳнинг дини душманларига қарши матонат билан курашсангиз,  ишончингиз комил бўлсинки, Aллоҳ сизга ёрдам беради ва сизни душман устидан ғолиб қилади . Чунки Aллоҳ таоло ислом душманларнинг йўқ қилиниши ва ер билан яксон этилишини ирода қилган ва уларнинг режаларини чиппакка чиқаради.

Aммо Aллоҳ ва унинг расулининг ҳаётбахш таълимотларига бўйсуниш ўрнига, улар унга қарши курашга киришдилар. Шунинг учун, охир-оқибат, улар ҳалокат ва вайронагарчиликдан бошқа нарсага эга бўлмайдилар ва уларнинг ҳаракатлари  ўзлари истаган натижани бермайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Фақатгина иймонга эга бўлиш этарли эмас, балки Aллоҳнинг динини ёйиш ва тарқатиш учун ҳаракат қилиш ва жамиятни дин йўлидан четга чиқишига сабаб бўладиган омилларга қарши курашиш керак. 

2. Aллоҳнинг динини қўллаб-қувватлаш  турли вақтларда қандай ёрдам беришига қараб, турлича бўлади. Баъзида диний ҳақиқатларни тарқатиш  ва оғзаки  тарғибот, баъзида моддий ёрдам, баъзан эса фидойилик ва жафокашлик орқали  бўлади.

 3. Илоҳий таълимотларга нисбатан қалбан нафратланиш,  инсондаги куфрнинг белгисидир ва бу унинг эзгу ишларини йўққа чиқишига сабаб бўлади. 

4. Ҳаққа қарши адоватда бўлиш, ҳалокатдан бошқа нарса билан тугамайди ва инсонни ҳаётнинг хавфли жарликларида  қулаб тушишига олиб келади.

Энди муборак Муҳаммад (сав) сурасининг 10 ва 11 ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

«أَفَلَمْ یَسِیرُوا فِی الْأَرْضِ فَیَنظُرُوا کَیْفَ کَانَ عَاقِبَةُ الَّذِینَ مِن قَبْلِهِمْ دَمَّرَ اللَّـهُ عَلَیْهِمْ  وَلِلْکَافِرِینَ أَمْثَالُهَا»، «ذَلِکَ بِأَنَّ اللَّـهَ مَوْلَى الَّذِینَ آمَنُوا وَأَنَّ الْکَافِرِینَ لَا مَوْلَى لَهُمْ»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ер юзида юриб, ўзларидан аввалгиларнинг оқибати қандоқ бўлганлигига назар солмасларми? Аллоҳ уларни вайрон қилди-ку! Кофирларга ҳам шунга ўхшаш бўлур.

Шундоқ бўлиши, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларга дўст эканлигидан ва албатта, кофирларга дўст йўқлигидандир.

Олдинги оятларнинг давомидан, ушбу ояти карималарда Aллоҳ мусулмонларга душман бўлган кофир ва мушрикларни огоҳлантиради: агар сиз саёҳат қилиб, атрофга назар ташласангиз, аввалги қабилаларнинг харобалари ва қолдиқларини, улар қандай йўқ қилинганлигини ва  уларнинг ном-у нишонсиз йўқ бўлиб кетганликларини кўрасиз. 

Бундай якун фақатгина улар учун бўлган  ва сизни ўз ичига олмайди, деб ўйламанг. Aгар уларнинг йўлига эргашсангиз, худди шундай тақдирга дучор бўласиз ва йўқ бўлиб кетасиз. Aслида сизга ёрдам берадиган ва қутқарадиган ҳеч ким йўқ, чунки Aллоҳ душманларини қўллаб-қувватламайди ва уларга ёрдам бермайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Ўтмиш тарихини ўрганиш ва уларнинг ерларини диққат билан кўздан кечириш Исломда саёҳат ва туризм мақсадларидан бири бўлиб,  мақсад - ўтмишдаги қавмлар тақдиридан сабоқ олишдир. 

2. Бугунги кофирларнинг фаровонлиги ва дабдабали турмуш тарзи жилваларига алданиб қолманг. Чунки уларнинг охири яхши эмас. 

3. Aллоҳга иймон келтириш,  бу дунёда ва охиратда илоҳий раҳм-шафқат ва мададга эга бўлиш воситасидир, куфр эса уларни йўқотиш сабабидир.

Энди муборак Муҳаммад (сав) сурасининг 12 ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:

«إِنَّ اللَّـهَ یُدْخِلُ الَّذِینَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِی مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَالَّذِینَ کَفَرُوا یَتَمَتَّعُونَ وَیَأْکُلُونَ کَمَا تَأْکُلُ الْأَنْعَامُ وَالنَّارُ مَثْوًى لَّهُمْ»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Аллоҳ иймон келтирганлар ва яхши амал қилганларни тагидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир.}

Дунёда мўмин ва кофирларни таққослашдан сўнг, ушбу ояти каримада уларнинг охиратдаги мавқеини таққослаб, шундай дейилади: Дунёда ўз вазифаларини тўғри бажарган ва яхши ва муносиб амаллар қилишга интилган мўминлар,  қиёматда ям-яшил,  неъматларга тўла,  қувонч ва шодлик маконидан баҳраманд бўладилар. Aммо ҳаққа қарши курашувчилар жойи дўзахдир. Чунки улар ўткинчи дунёвий лаззатларни ортидан қувиб,  худди моллар каби фақат ошқозонлари ва шаҳватлари ҳақида ўйлашди ва охиратлари учун ҳеч қандай амал бажармадилар .

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 1. Бу дунёдаги манфаатлар ва муваффақиятлар, озми-кўпми, ўткинчи ва фонийдир, келинг, абадий бўлган охират юки ҳақида фикр юритатлик. 

2. Қуръон инсонга бу дунёда ва унинг неъматларида муваффақиятга эришишга изн беради, лекин у инсоннинг ҳайвон каби яшашига қарши.

 3. Ҳаёт йўлини танлашда, жуда тез ўтадиган  йўл бўйидаги гўзал манзараларга эмас, балки сўнгги мақсадга этибор берайлик.

Энди муборак Муҳаммад (сав) сурасининг 13 ва 14 ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:

«وَکَأَیِّن مِّن قَرْیَةٍ هِیَ أَشَدُّ قُوَّةً مِّن قَرْیَتِکَ الَّتِی أَخْرَجَتْکَ أَهْلَکْنَاهُمْ فَلَا نَاصِرَ لَهُمْ»، «أَفَمَن کَانَ عَلَى بَیِّنَةٍ مِّن رَّبِّهِ کَمَن زُیِّنَ لَهُ سُوءُ عَمَلِهِ وَاتَّبَعُوا أَهْوَاءَهُم»

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Кўпгина шаҳарлар сени чиқарган шаҳарингдан кўра қувватлироқ эди, уларни ҳалок қилдик. Бас, уларга нусрат берувчи йўқдир. Ўз Роббисидан (аниқ) ҳужжатга эга бўлган шахс ёмон амали ўзига зийнатли кўринган ва ҳавои нафсига эргашганларга ўхшаши мумкинми?!

 

Ушбу оятларда жангари кофирларнинг хунук хислатлари ҳақида сўз юритилиб, марҳамат қилинади: Улар ўз кучлари ва бойликлари билан мақтанишади ва ҳеч ким уларга қарши тура олмайди деб ўйлашади. Ўтмишдаги қавмларнинг тақдири шуни кўрсатадики, улар Худонинг иродаси билан йўқ қилинган ва уларни ҳеч ким қутқара олмаган.

 Кофирларнинг яна бир хунук хусусияти шундаки, ҳой-у ҳавас , шаҳват, лаззатланиш ва фойда қидириш уларни шунчалик ғофил қилганки, улар ўзларининг хунук ва ёмон ишларини чиройли кўрадилар. Улар,  ҳақ бўлган ва Aллоҳдан келган нарсани чиркин деб ўйлашади ва буни қабул қилишга тайёр эмаслар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 1. Мўмимлар Aллоҳнинг душманларининг зоҳирий қобилиятларидан қўрқмасликлари керак, чунки Aллоҳнинг қудрати барча инсоний кучлардан устундир.

 2. Душманлар мўминларни турли йўллар билан таъқиб қилишга уринадилар, аммо мўминлар ҳеч қачон ўз иймонларидан воз кечмайдилар ва курашларини давом эттирадилар.

3. Иймоннинг асоси ақл ва далилдир, аммо куфрнинг таянчи ёлғон тушунчалар ва нафсоний истаклардир.

 4. Инсон ўзининг илоҳий фитрати билан ишларнинг хунуклигини тушунади, лекин ўзининг нафсоний истакларига эришиш учун ёмон ишларни яширади ва уларни ҳар хил йўллар билан гўзал ва ёқимли қилиб кўрсатади.

Ёрлиқ