Нур томон йўл (939)
Фатҳ муборак сураси 1-4 - ояти карималарининг шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Олдинги дастурда муборак Муҳаммад сураси тугаши билан бу дастурда муборак Фатҳ сураси оятларини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз.
Бу сура ҳижрий олтинчи йили бўлган Ҳудайбия сулҳидан кейин нозил бўлган. Ўша йили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Мадинанинг кўп сонли мусулмонлари умра амалларини бажариш учун Маккага боришди, лекин мушриклар Макка яқинидаги Ҳудайбия ҳудудида Макка йўлни тўсиб, Маккага киришга рухсат бермадилар.
Мусулмонлар ва бутпарастлар ўртасидаги музокаралар охир-оқибат Пайғамбар ва мушрикларнинг раҳбарлари ўртасида мусулмонларга кейинги йилларда Маккага Ҳажга боришларига рухсат бериш учун тинчлик сулҳига олиб келди. Мадинага қайтишда ҳазрати Расули Акрамга ушбу сура нозил бўлди ва у зот ғалабани башорат қиладилар.
Аввал муборак Фатҳ сурасининг 1-3 ояти карималарининг қироатига қулоқ тутамиз:
«بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ»
«إِنَّا فَتَحْنا لَکَ فَتْحاً مُبِینًا»، «لِیَغْفِرَ لَکَ اللَّهُ ما تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِکَ وَ ما تَأَخَّرَ وَ یُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَیْکَ وَ یَهْدِیَکَ صِراطاً مُسْتَقِیماً»، «وَ یَنْصُرَکَ اللَّهُ نَصْراً عَزِیزاً»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
"Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан"
Албатта Биз сенга равшан фатҳни бердик. Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиши, неъматини батамом қилиши ва сени тўғри йўлга бошлаши учун. Ва Аллоҳ сенга иззатли нусрат бериши учун.
Ҳудайбия сулҳидан кейин нозил бўлган бу ояти карималар бу сулҳни келажакдаги муҳим ғалабанинг дебочаси деб атади. Чунки бундан олдин мушриклар фақат мусулмонларни йўқ қилишни ўйлаб, уларга жой бермасдилар, лекин Ҳудайбия сулҳининг натижаларидан бири мусулмонларнинг тан олиниши ва ҳижрий саккизинчи йили Макканинг фатҳ қилиниши билан улар мушриклар устидан ҳал қилувчи ғалабага эришди.
Ислом пайғамбарининг келиши билан сохта ва хурофий жоҳилий урф-одатлар шубҳа остига олинди. Ислом таълимотига кўра, ижтимоий табақавий тузум ағдарилиб, ҳар бир миллат, ирқ ва қабиладаги барча инсонлар Аллоҳ таолонинг бандаси, бир-бирига биродар ҳисобланди. Албатта, пайғамбар алайҳиссаломнинг бутпарастлик ва жоҳиллик урф-одатларига қарши қатъий кураш олиб бориши мушриклар етакчилари учун жуда ёқимсиз бўлиб, улар учун шунчаки эътибордан четда қоладиган нарса эмас эди. Шу маънода улар Ислом пайғамбарини сохта жоҳиллик қадриятлари ва урф-одатларини йўқ қилишда, жамиятда туб ўзгаришларга олиб келганликда айбладилар.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳудайбия сулҳи ва ундан кейин Макка фатҳ этилишининг муҳим ютуқларидан бири сохта жоҳиллик урф-одатларига барҳам бериш эди. Расулуллоҳ Макка ва Мадинада исломий тузумни ўрнатдилар, қабилавий низоларга барҳам берилди, жамият аъзолари ўртасида биродарлик ва бирдамлик руҳи қарор топди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Мавжуд фактлар асосида режалаштириш ва қарорлар қабул қилиш муваффақият учун асос бўлади. Душманлар устидан ғалаба қозониш ҳар доим ҳам уруш ва жиҳод соясида эмас; Баъзида тинчлик ва ярашув ҳам душманлар устидан ғалаба қозониш учун замин яратади.
2. Агар биз ўз бурчимизни бажаришга интилсак ва унинг оқибатларидан қўрқмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи нарсаларни шундай қадрлайдики, бу оқибатлар бартараф қилинади ва керакли натижага эришилади.
3. Пайғамбар (с.а.в.)нинг тинчлик ёки душманлар билан уруш қилиш ҳақидаги қарорлари Аллоҳнинг раҳнамолигида қабул қилинади ва у шахсий ҳавойи нафсига кўра ҳаракат қилмайди.
Энди Фатҳ сурасининг 4-ояти каримасининг қироатига қулоқ тутамиз:
«هُوَ الَّذِی أَنْزَلَ السَّکِینَةَ فِی قُلُوبِ الْمُؤْمِنِینَ لِیَزْدادُوا إِیماناً مَعَ إِیمانِهِمْ وَ لِلَّهِ جُنُودُ السَّماواتِ وَ الْأَرْضِ وَ کانَ اللَّهُ عَلِیماً حَکِیماً»
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун мўминлар қалбига сокинликни нозил этган зотдир. Ва осмонлару ернинг лашкари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Ҳудайбия сулҳи қиссасида кўпчилик мусулмонлар Маккага ташриф буюриб, умра амалларини адо эта олмагани учун ўзларини мағлубиятга учраган деб ҳисоблаб, қайғуга ботганлар. Бироқ бу суранинг нозил бўлиши ва мусулмонларнинг келажакдаги ғалабаси ҳақидаги хушхабар уларни тинчлантирди, Расулуллоҳ сўзлари ва илоҳий ваъдаларга бўлган иймонларини мустаҳкамлади.
Оламни илоҳий ирода билан билган, осмону ердаги барча табиат ҳодисаларини Аллоҳнинг лашкари деб билган инсон ўзини ҳеч қачон мағлубиятга учрамаслиги, душманларнинг кучи ва даҳшатидан қўрқмаслиги табиийдир.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Мўминларга берилган Илоҳий неъматлардан бири бу уларнинг қалбларига хотиржамлик келтиришдир, чунки кофирларнинг жазоларидан бири қалбларига қўрқув уйғотишдир.
2. Иймоннинг даражалари бор ва ҳар доим ортиб ёки камайиши мумкин. Дарҳақиқат, турли воқеа-ҳодисалар, муаммоларнинг юзага келиши кишиларнинг иймон-эътиқодини ўлчаш учун бир синовдир.
3. Илоҳий қудрат, илм ва ҳикматга эътибор қаратиш, барча табиат ҳодисалари Аллоҳ таолонинг ҳукми ва амри остида эканлигига эътибор қаратиш мўминларнинг қалбига хотиржамлик бахш этади.
Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.