Январ 18, 2023 11:48 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (989)

Муборак Ҳадид сурасининг 16-20-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал муборак Ҳадид сурасининг 16 ва 17-оятлари қироатига қулоқ тутамиз:

أَلَمْ یَأْنِ لِلَّذِینَ آمَنُوا أَنْ تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِکْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلَا یَکُونُوا کَالَّذِینَ أُوتُوا الْکِتَابَ مِنْ قَبْلُ فَطَالَ عَلَیْهِمُ الْأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَکَثِیرٌ مِنْهُمْ فَاسِقُونَ، اعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ یُحْیِی الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا قَدْ بَیَّنَّا لَکُمُ الْآیَاتِ لَعَلَّکُمْ تَعْقِلُونَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

16 - Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?! (Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган.) 17 - Билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар.

Бу оятларга кўра, иймон аҳлини хавф остига қўювчи хавф-хатарлардан бири ғафлат ва унутувчанликдир: Аллоҳ таолонинг зикрига бепарволик қилиш ва Унинг китоби оятларини унутишдир. Тарихда илк бор Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирганлар кўп бўлган, лекин вақт ўтиши билан улар дунё ва дунё ишлари билан шунчалик банд бўлиб, қизиқиб қолганларки, улар ҳаққа бўйсуниш руҳини йўқотиб, қалблари Аллоҳнинг амрига нисбатан тошдек қотади.

Бу ҳол иймон руҳи Аллоҳга ва Унинг китоби оятларига бўйсуниш ва тавозедан иборат бўлиб, вақт ўтиши инсонни Аллоҳни зикр қилишни эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Исломдан олдинги халқларда шундай бўлган. Шундай экан, мусулмонлар ибрат олишлари, Аллоҳ таолонинг китоби ва унинг таълимотларини сақлаб қолишда суст ва бепарво бўлмасликлари керак.

Оятларнинг давоми очиқ-ойдин ҳақиқатга ишора қилиб, шундай дейди: Аллоҳ таоло ёмғир билан ўлик ерни тирилтиргани каби, Аллоҳни зикр қилиш ва ҳамд айтиш ва Унинг каломига таслим бўлиш ҳам инсон қалбини жонлантиради ва уйғотади; Унинг зангини олиб ташлайди ва унга ёруғлик ва маънавият бағишлайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон оятларини тиловат қилиш инсон қалбини юмшатади, қалб қотиб қолишидан сақлайди.

2. Вақтнинг ўтиши, умрнинг кўпайиши дунёга боғланиб қолиш, Аллоҳ таълимотларини менсимаслик сабабларидан биридир. Аллоҳни зикр қилиш билан бундай хавфдан сақланайлик.

3. Илоҳий урф-одатлар барча халқлар ва миллатлар учун бир хил, шунинг учун ҳеч бир миллат, жумладан, мусулмонлар ҳам ўзларига алоҳида имтиёзлар бермаслиги керак.

4. Инсоннинг қалби Аллоҳ ва Унинг сўзлари олдида тавозели бўлиши, инсон ҳам табиатдаги Аллоҳнинг оятлари ва оятларида ақли билан фикр юритиши керак.

Энди муборак Ҳадид сурасининг 18 ва 19-оятлари қироатига қулоқ тутамиз:

إِنَّ الْمُصَّدِّقِینَ وَالْمُصَّدِّقَاتِ وَأَقْرَضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا یُضَاعَفُ لَهُمْ وَلَهُمْ أَجْرٌ کَرِیمٌ، وَالَّذِینَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ أُولَئِکَ هُمُ الصِّدِّیقُونَ وَالشُّهَدَاءُ عِنْدَ رَبِّهِمْ لَهُمْ أَجْرُهُمْ وَنُورُهُمْ وَالَّذِینَ کَفَرُوا وَکَذَّبُوا بِآیَاتِنَا أُولَئِکَ أَصْحَابُ الْجَحِیمِ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

18 - Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор. 19 - Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар, ана ўшалар, сиддиқлардир. Ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, дўзах эгаларидир. (Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар, сиддиқлар, деб аталмоқда. «Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада Пайғамбарлардан кейин турадилар. Уларнин ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир. Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.)

Аввалги оятларда Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳ ҳузурида қалбда юмшоқ бўлиш ҳақида эди. Бу оятлар шу иккисининг аломати ва таъсирига ишора қилиб, шундай дейилади: Муҳтожга садақа бериш Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги тавозенинг белгисидир. Бу дунёда нафақа қилган нарсангиз худди Аллоҳга қарз бергандек бўлади ва охиратда муҳтож бўлганингизда, Аллоҳ сизга кўп марта қайтаради.

Кўриниб турибдики, бундай бўлган мўминлар Аллоҳнинг наздида солиҳлар ва шаҳидлар мақоми каби мавқега эга бўлиб, Аллоҳ таоло уларга солиҳ ва шаҳидларнинг ажридек ажр беради. Албатта, очиқ-ойдин ҳақиқатларни инкор этиб, қабул қилмаганлар қиёмат кунида қаттиқ жазоланадилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Муҳтожларга садақа бериш иймон даъвосидаги ихлосдан далолатдир. Хайр-эҳсон қилувчилар иймонида содиқ бўлган солиҳлар даражасига эришадилар.

2. Аллоҳнинг бандаларига садақа ёки қарзулҳасана шаклида қилинган ҳар қандай ёрдам Аллоҳга қарз бергандекдир. Қарз бериш ва сарфлаш, юзаки қараганда, бойликнинг камайишига сабаб бўлади, лекин аслида у кўпайишига олиб келади.

3. Дунё охири эмас ва одамларни дунёвий ҳаётига қараб солиштирманг. Ҳар кимнинг ишининг охири қиёматда билинади. Солиҳлар қилган яхшиликлари ва абадий тинчликлари учун мукофот оладилар, фосиқлар эса азобланади.

Сўнгда муборак Ҳадид сурасининг 20-оятлари қироатига қулоқ тутамиз:

اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَیَاةُ الدُّنْیَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِینَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَیْنَکُمْ وَتَکَاثُرٌ فِی الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ کَمَثَلِ غَیْثٍ أَعْجَبَ الْکُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ یَهِیجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ یَکُونُ حُطَامًا وَفِی الْآخِرَةِ عَذَابٌ شَدِیدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَیَاةُ الدُّنْیَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

20 - Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас.

Бу оятда инсон ҳаётининг турли даврларига хос хусусиятлар зикр қилинган. Демак, у ҳаётининг ҳар бир даврида дунёнинг кўринишларидан бири билан шуғулланади. Ўйин ва ўйин-кулги болалик ва ўсмирлик даврининг ўзига хос хусусиятидир. Ёшликда одамлар гўзаллик ва безак ҳақида кўпроқ ўйлашади. Кекса ёшда одамлар ўз бойлиги, мавқеи, ўтмиши билан фахрланадилар, кейинги босқичда эса умрининг охирига яқинлашиб қолган бўлсалар ҳам, хасис бўлиб, бойлик тўплашга, уни кўпайтиришга кўпроқ интиладилар.

Инсон умри 60 йил, 70 йил ёки ундан кўп ёки ундан озроқ бўлса-да, бироқ бир қарашда баҳорда гуллаб, яшил ва янги бўлиб, ҳосил бергандан кейин сарғайиб кетган уруғга ўхшайди. Ниҳоят, у сарғаяди ва қурийди ва кузда парчаланади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Дунё ҳақиқатини ва унинг хусусиятларини билиш инсонни бепарволик ва оғиш хавфидан сақлайди ва бу дунё ҳаётига муносабатини ўзгартиради.

2. Дунёга ҳаддан ташқари боғлиқлик ва қарамлик инсонни алдаб, мағрурлик ва эътиборсизлик ҳиссини уйғотади. Албатта, одам хатосини англаб етса, иш битади.

3. Аллоҳсиз ва маънавиятсиз ҳаёт болаларча ўйин ва ўйин-кулгидан бошқа нарса эмас, гарчи актёрлар катталар бўлса ҳам.

4. Бутун инсонлар дунё ҳаётидан озми-кўпми манфаат кўрадилар, лекин муҳим масала дунё неъматларидан тўғри фойдаланишдир. Кимлар учун дунё ўсиш ва ривожланиш ва жаннатга кириш воситаси бўлса, кимдир учун эса эътиборсизлик ва ғурур ва охир-оқибат дўзах тубига тушиш воситасидир.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз.

Ёрлиқ