Январ 17, 2023 11:16 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (988)

Муборак Ҳадид сурасининг 10-15-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал муборак Ҳадид сурасининг 10 ва 11-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

وَمَا لَکُمْ أَلَّا تُنْفِقُوا فِی سَبِیلِ اللَّهِ وَلِلَّهِ مِیرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَا یَسْتَوِی مِنْکُمْ مَنْ أَنْفَقَ مِنْ قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ أُولَئِکَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِنَ الَّذِینَ أَنْفَقُوا مِنْ بَعْدُ وَقَاتَلُوا وَکُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَى وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِیرٌ، مَنْ ذَا الَّذِی یُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَیُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُ أَجْرٌ کَرِیمٌ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

10 - Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар?! Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмайдир. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилгандир. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир. (Оятдаги «Фатҳ» сўзи Маккаи мукаррамани Пайғмбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи мунавварадан келиб мушриклардан озод қилиш маъносида айтилган.) 11 - Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир. (Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни унга берилган «яхши қарз»га, яъни, орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда. Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг Унга муҳтожлиги бор зотдир. )

Аввалги дастурда Аллоҳга иймоннинг зарурий шартлари борлиги, улардан бири мол-мулкини тарк этиш ва Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш эканлиги айтилган эди. Бу оятларда икки жиҳатга урғу берилган:

Биринчидан, ўта оғир ва хавфли вазиятларда жон ва мол-мулкини қурбон қилиб, Ислом ва мусулмонларга ёрдам берадиганлар, мусулмонлар ҳокимият тепасида турган пайтда садақа ва жиҳод қилувчилардан Аллоҳнинг наздида устундирлар.

Иккинчидан, Аллоҳ йўлида нафақа қилган нарсангизни ҳақиқатда Аллоҳ ҳузурида мерос қилиб қўясиз ва Аллоҳ қиёмат куни унинг мукофотини кўп марта беради.

Ёки мискинга қарз қилиб берган нарсангизни Аллоҳ сиздан олади ва гўё мискинларга эмас, Аллоҳга қарз бергандек бўласиз.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Мусулмон жангчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, жиҳод ва золимларга қарши курашда қатнашиш Аллоҳ таолога иймоннинг зарурий шартларидан биридир.

2. Вазифаларни қийин ва хавфли шароитларда бажариш оддий шароитларга ўхшамайди ва шароитлар қанчалик қийин бўлса, ҳаракатнинг қиймати ва мукофоти шунчалик катта бўлади.

3. Ҳаракатнинг кўриниши Аллоҳнинг мукофотининг мезони эмас. Баъзида одамларнинг хатти-ҳаракатлари бир хил бўлиши мумкин, лекин улар тенг даражада мукофотланмайди. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг амалларини ният ва ғайратига қараб мукофотлайди.

4. Қарз ал-Ҳасна хайриядан ташқари, муҳтожларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун Исломнинг бошқа ечимларидан биридир. Қарз ал-Ҳаснада барака бор. шу жумладан, жамиятда бойликни тақсимлаш, жамият аҳли ўртасида ҳамкорлик ва ҳамдардлик руҳини ривожлантириш, халқ обрўсини сақлаш ва банкрот бўлишининг олдини олиш ва ҳоказо.

Энди муборак Ҳадид сурасининг 12 ва 13-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

یَوْمَ تَرَى الْمُؤْمِنِینَ وَالْمُؤْمِنَاتِ یَسْعَى نُورُهُمْ بَیْنَ أَیْدِیهِمْ وَبِأَیْمَانِهِمْ بُشْرَاکُمُ الْیَوْمَ جَنَّاتٌ تَجْرِی مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِینَ فِیهَا ذَلِکَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِیمُ، یَوْمَ یَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ لِلَّذِینَ آمَنُوا انْظُرُونَا نَقْتَبِسْ مِنْ نُورِکُمْ قِیلَ ارْجِعُوا وَرَاءَکُمْ فَالْتَمِسُوا نُورًا فَضُرِبَ بَیْنَهُمْ بِسُورٍ لَهُ بَابٌ بَاطِنُهُ فِیهِ الرَّحْمَةُ وَظَاهِرُهُ مِنْ قِبَلِهِ الْعَذَابُ 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

12 - Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир, (дейиладир). 13 - Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик», деган ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон уриладир. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида - олдида азобдир. (Қиёмат куни зулмат бўлиб, албатта, бу ўша кунда рўй берадиган ҳодисаларнинг бир босқичи, холос. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмай қолганда, мўминларга нур ато қилиниб, улар шодон ва шаҳдам юриб боришади. Шунда мунофиқлар: «Бизни ташлаб кетманглар, кутиб туринглар, бизга ҳам нурингиздан озгина беринглар», деб ялинишар экан. Уларга: «Ортингизга қайтиб, ўзингиз нур ахтаринг», дейиларкан. Улар қандай қилиб нур топишарди. Бу дунёда жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқишни хоҳламаган эдилар. Энди охират зулматларида хору зор бўлишлари турган гап.)

Бу оятлар ҳақиқий мўминларнинг қиёмат кунидаги ҳолатига ишора қилиб, шундай дейилади: Одамларнинг иймони қиёматда нур тимсолида мужассам бўлади. Бу нур имонлилар олдида тез ҳаракат қилади ва уларнинг жаннатга йўлбошчисидир.

Албатта, бу нур иймон ва солиҳ амаллардан вужудга келгани учун ҳар бир инсоннинг иймон даражасига, солиҳ амалларига қараб фарқ қилади. Кимнинг иймони кучли бўлса, уларнинг нури кўпроқ масофани ёритади, иймони заиф бўлганларнинг нури камроқ бўлади.

Аммо мутлақ зулмат бўлган куфр ва риёкорлик қиёмат кунида зоҳирий зулмат шаклида гавдаланади. Шунинг учун ҳам қалбида иймон бўлмаган, ташқи кўриниши ва тили билан ўзини мўмин сифатида кўрсатган мунофиқлар қиёмат кунида куфр ва мунофиқлик зулматида қолиб, нур излайдилар. Улар мўминлардан ўз нурларидан бир қисмини беришларини, нурлари нурида йўл топишларини илтимос қиладилар.

Лекин жавоб: йўқ. Уларга орқага ўгирилиб, нур қозонишлари айтилади.

Сиз бу ёруғликни ўзингиз қолдирган дунёдан олишингиз керак эди. Қиёмат амал ва нур олиш куни эмас, дейилади.

Бу вақтда эшикли бу икки гуруҳ ўртасида тўсатдан девор қурилади, лекин бу улкан девор ёки бу эшикнинг икки томони бир-биридан бутунлай фарқ қилади. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида эса жазо бор.

Бироқ у ерда одамларнинг дунёда қилган амаллари мужассам бўлиб, уларнинг бурчи дўзах ёки жаннатда бўлиш нуқтаи назаридан белгиланган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Ахлоқий ва маънавий камолотга эришишда ёки иккиюзламачилик, риёкорлик каби ахлоқий иллатлардан азоб чекишда эркак ва аёл бир хил бўлиб, шу сабабдан эркак ва аёл ўртасида фарқ йўқ.

2. Иймон нури қиёматда намоён бўлиб, мўминларни мангу жаннатга ҳидоят қилади.

3. Бу дунёда жаҳолат, ширк ва риёкорлик зулматидан чиқа олмаганлар охиратда зулматда қоладилар.

3. Мўминлар ва мунофиқлар бу дунёда ёнма-ён яшайдилар ва бир-биридан фарқланмайдилар, лекин қиёматда одамларнинг ички табиати ошкор бўлади ва улар ўртасида ажралиш бўлади.

Сўнгда муборак Ҳадид сурасининг 14 ва 15-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

یُنَادُونَهُمْ أَلَمْ نَکُنْ مَعَکُمْ قَالُوا بَلَى وَلَکِنَّکُمْ فَتَنْتُمْ أَنْفُسَکُمْ وَتَرَبَّصْتُمْ وَارْتَبْتُمْ وَغَرَّتْکُمُ الْأَمَانِیُّ حَتَّى جَاءَ أَمْرُ اللَّهِ وَغَرَّکُمْ بِاللَّهِ الْغَرُورُ، فَالْیَوْمَ لَا یُؤْخَذُ مِنْکُمْ فِدْیَةٌ وَلَا مِنَ الَّذِینَ کَفَرُوا مَأْوَاکُمُ النَّارُ هِیَ مَوْلَاکُمْ وَبِئْسَ الْمَصِیرُ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

14 - Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди. 15 - Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» - дерлар. (Мунофиқлар: «Ажаб эмас, Ислом мағлубиятга учраб, мусулмонлар енгилса», деган хом хаёлларга берилиб, ғурурга кетадилар. Мунофиқларни шайтон «Сизлар тўғри иш қиляпсизлар, мабода нотўғри бўлса ҳам, Аллоҳнинг ўзи кечиради», деб уларни алдаб қўяди. Қиёмат кунида уларга ҳеч қандай нажот йўқ.)

Мўминлар: «Биз сизлар билан бирга бўлмаганмидик?Нима бўлди, бирдан биздан ажралиб қолдингиз?!» деган мунофиқларга жавоб берадилар.  Улар айтадилар: Ҳа, биз ҳамма жойда, кўчада, бозорда, иш жойида ва бошқа жойларда бирга эдик, лекин сиз биздан ажралиб қолдингиз ва биз эътиқод ва амалда ўзаро фарқ қилардик.

Қуйидаги оятларда инсонларни дўзахга киргизувчи омилларнинг беш тоифаси ҳақида сўз боради: Биринчидан, инсоннинг куфр ва мунофиқлигига сабаб бўладиган замон васвасаларига тушиб қолиш. Иккинчидан, ўз вазифаларини бажармаслик, мўминлардан заифлик ва сустлик кутиш. Учинчидан, диний эътиқодларга шубҳа ҳолатида қолиш. Тўртинчидан, дунёвий ҳавасларга берилиб кетиш ва бешинчидан, Аллоҳ таоло олдида кибр ва ғурурга берилиш.

 Бу дунёда баъзи жиноятлар учун жазони ўзгартириш ва нақд пулг сотиб олиш мумкин, лекин қиёматда жазодан қутулишнинг иложи йўқ ва дунё бойлиги ва мол-мулки, боласи ва танишлари, инсон учун ҳеч нарса қила олмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Бу дунёда бир умр бирга бўлган кўплаб дўстлар, ҳамкасблар, қариндошлар қиёматда қилмишларига яраша жазо ёки савоб оладилар.

2. Дунёнинг васвасасига тушиб, узоқ орзуларга ёпишиб қолиш Аллоҳга ва қайта тирилишга шубҳа ва Аллоҳ олдида ўринсиз ғурурга сабаб бўлади.

3. Ким Аллоҳнинг васийлигини тарк этса, шайтоннинг васийлиги остида бўлади, унинг охири дўзахдир.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.

Ёрлиқ