феврал 26, 2023 12:21 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (1007)

Муборак Мунофиқун сурасининг 7-11-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал муборак Мунофиқун сурасининг 7 ва 8-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

هُمُ الَّذِینَ یَقُولُونَ لَا تُنْفِقُوا عَلَى مَنْ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ حَتَّى یَنْفَضُّوا وَلِلَّهِ خَزَائِنُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَکِنَّ الْمُنَافِقِینَ لَا یَفْقَهُونَ، یَقُولُونَ لَئِنْ رَجَعْنَا إِلَى الْمَدِینَةِ لَیُخْرِجَنَّ الْأَعَزُّ مِنْهَا الْأَذَلَّ وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِینَ وَلَکِنَّ الْمُنَافِقِینَ لَا یَعْلَمُونَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

7 - Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, токи тарқаб кетсинлар, дерлар. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидир. Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар. 8 - Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар. (Ушбу ояти карима мунофиқлар бошлиғининг Пайғамбар алайҳиссаломни Мадинадан хорларча қувиб чиқараман, деб қилган дўқ-пўписасига раддия беради. «Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб Мадина шаҳрига борсак, деганидир. Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар.)

Олдинги дастурда мунофиқларнинг нутқи ва хулқ-атвори нуқтаи назаридан баъзи хусусиятлар айтиб ўтилган эди. Бу оятлар улар ҳақидаги бошқа фикрларга тўхталиб, шундай дейилади:

Мунофиқлар нафақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадларига ёрдам беришдан бош тортадилар, балки бошқаларни ҳам турли баҳоналар билан Пайғамбар (с.а.в.)нинг саҳобаларига ёрдам беришларига тўсқинлик қиладилар ва шу сабабли Расулуллоҳнинг атрофидан тарқалиб кетишади.

Маккадан Мадинага ҳижрат қилган мусулмонлар уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат борасида жуда қийин аҳволда эдилар, шунинг учун Мадинадаги ҳар бир мусулмон уларга қандайдир ёрдам берди. Аммо ўзларини муҳожирлардан устун кўрган Мадиналик мунофиқлар Мадинанинг бошқа мусулмонларига маккаликлар ўз шаҳарлари ва юртларига қайтиб кетишлари учун ёрдам бермасликларини айтдилар.

Мунофиқлар, бойлик ва мулкка эга бўлиш шараф ва ҳокимият белгиси, камбағаллик ва йўқлик эса хўрликка сабаб, деб ўйлардилар, аслида эса бойлик ва мол-мулк бойларда Аллоҳ таолонинг омонатидир, токи улар муҳтож ва ночорларга ғамхўрлик қиладиларми ёки йўқми аниқ бўлсин. Дарҳақиқат, инсоннинг ҳақиқий қадр-қиммати ва хорлиги бор ёки йўқлигига эмас, балки Аллоҳга бўлган иймони ва амрларига итоат этишига боғлиқдир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Моддий чекловлар ва иқтисодий тазйиқлар мусулмонларнинг диний етакчилар атрофидан тарқалиб кетишига сабаб бўлмаслиги керак, бу эса ташқи душманлар ва ички мунофиқларнинг талабидир.

2. Ҳамма нарсани куч, бойлик ва моддий имкониятларга қараб таҳлил қиладиганлар транссендентал ва юксак ҳақиқатларни тушуна олмайдилар.

3. Кимки ўзини азиз, ўзгани хор деб билса, аслида унинг борлиғига мунофиқлик излари кириб келган.

4. Агар мўминлар иймонларида мустаҳкам ва барқарор бўлсалар, уларнинг қадр-қиммати ва шарофати Аллоҳ томонидан кафолатланган.

Энди муборак Мунофиқун сурасининг 9 ва 11-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

یَا أَیُّهَا الَّذِینَ آمَنُوا لَا تُلْهِکُمْ أَمْوَالُکُمْ وَلَا أَوْلَادُکُمْ عَنْ ذِکْرِ اللَّهِ وَمَنْ یَفْعَلْ ذَلِکَ فَأُولَئِکَ هُمُ الْخَاسِرُونَ، وَأَنْفِقُوا مِنْ مَا رَزَقْنَاکُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ یَأْتِیَ أَحَدَکُمُ الْمَوْتُ فَیَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِی إِلَى أَجَلٍ قَرِیبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَکُنْ مِنَ الصَّالِحِینَ، ‎وَلَنْ یُؤَخِّرَ اللَّهُ نَفْسًا إِذَا جَاءَ أَجَلُهَا وَاللَّهُ خَبِیرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

9 - Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир. 10 - Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг. (Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У одамларга Ўзи хоҳлаганича бериб қўйган ва унинг нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади.) 11 - Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Зеро, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Оқил киши бошига ўлим келмасидан хайрли ишларни кўпроқ қилиб қолишга интилади ва шундай бўлиши ҳам лозим. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир гапу ишдан хабардор зотдир.

Бу оятлар одамларнинг борлигидаги риёкорликнинг илдизларига ишора қилиб, шундай дейилади: бир томондан хотин ва болаларга боғланиш, иккинчи томондан, мол ва бойликка кўп қарамлик Аллоҳнинг зикрини эътиборсиз қолдиришга ва унинг амрларини унутишга сабаб бўлади, шундай қилибки, инсон ташқаридан мўминдек кўринса-да, ич-ичида куфр ва ширкга илинади.

Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ҳақиқат йўлидан оғишган, дунё ва охиратда зиён кўрадиган дунёга боғлиқлик ва қарамлик тузоғига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишни тавсия қилади. Ҳеч нарса ва ҳеч ким инсонни Аллоҳ ва унинг пайғамбари амрларига итоат қилишга тўсқинлик қилмаслиги керак, ҳатто хотини ва фарзандлари, мақом, ҳокимият ва бойликка эришиш истаги ҳам.

Хўш, бу ёвуз тузоқнинг ечими нима? Аллоҳ таоло нажот йўлини умри давомида мол-мулкнинг бир қисмини инъом қилиш эканини билади, токи инсон ўлгандан кейин пушаймон бўлмасин, дунёга қайтиб садақа бериб, яхши амаллар қилишни истамасин. Чунки бундай сўровни бажариб бўлмайди; Чунки ўлим вақти ҳеч қачон кечиктирилмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Мўмин киши Аллоҳни ҳамма нарсадан устун ва улуғ деб билади, агар керак бўлса, Аллоҳ йўлида ҳамма нарсадан, хоҳ бойлик бўлсин, хоҳ хотин ва болалардан воз кечади.

2. Барча йўқотишлар манбаи бўлган ҳаётда инсоннинг энг катта йўқотиши Аллоҳни унутиш ва унинг зикрига эьтиборсизликдир.

3. Аллоҳ таоло мўминларни бошқаларга ёрдам беришдан тўсаётган мунофиқларга қарши мўминларнинг қалбларидан риёкорликнинг асосий манбаи бўлган дунёвийлик руҳини олиб ташлаш учун мўминларга садақа ва эҳсон қилишни тавсия қилади.

Бу сурани ниҳоясига етказиш билан сиз азизларни буюк Оллоҳга ҳавола қиламиз ва сизларнинг фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ