Олимлар сунъий қиш яратиб Ерни совитмоқчи
(last modified Sat, 26 Jan 2019 10:03:07 GMT )
Январ 26, 2019 15:03 Asia/Tashkent
  • Олимлар сунъий қиш яратиб Ерни совитмоқчи

Дунё олимлари сайёра ҳароратини пасайтиришга жиддий киришган

Ҳеч кимга сир эмаски, Ер сайёраси глобал исиш исканжасида. ХХ асрнинг аввалидаги ҳолатга қараганда ҳозирда ҳаво ҳарорати ўртача 0.74 даражага ортган. Турли тахминларга кўра, ХХI асрнинг охирларига келиб, агар енгил чоралар кўрилса (саноат чиқиндиларини камайтириш, ўрмонлар ҳажмини ошириш) ҳаво ҳарорати яна 2 даражага, агар ҳолат шу тарзда давом этаверса, 4 даражага кўтарилади. Бунинг оқибатида эса бир қанча глобал муаммолар келиб чиқиши, хусусан музликлар эриб, океанларнинг сатҳи кўтарилиши ҳажми соҳил бўйидаги шаҳарлар сув остида қолиши, ўлим кўрсаткичлари ортиб, табиий офатлар сони кўпайиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, кўпчилик ўйлаганидек буғ-газлари чиқиндиларини қисқартириш сингари енгил-елпи чоралар орқали катта натижага эришиб бўлмайди. Хавфнинг олдини олувчи чора сайёрани сунъий йўл билан совитиш ҳисобланмоқда. Бунинг учун ҳозирга қадар бир қанча лойиҳалар тақдим этилмоқда.

Энг кўп ишонч билдирилаётган лойиҳа Гарвард университети тадқиқотчиларига тегишли. Улар сўнгги икки йилда сайёрани совитишга ва озон туйнукларини ямашга қурби етадиган аэрозоль яратишди. Ичида кальций карбонади (бўр) сақловчи аэрозоль баллонлари ҳаво шарлари ёрдамида стратосферага учирилади. 20 км баландликда кимёвий бирикма сочилиб кетади, зонд эса ерга қайтиш чоғида ҳосил бўлган булутлар орасидан ўтади ва натижанинг қандай бўлганлигини қайд этади. Кальций карбонати қуёш ёруғлигини қайтаради, озон қатламини шикастламайди, аксинча, ундаги туйнукларни тортиб беркитиш хусусиятига эга. Бироқ 3 млн долларга баҳоланаётган бу тажриба бошқа мутахассисларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда — улар мазкур унсур дунё океанлари ҳароратни ошириши ва ҳосилдорликка жиддий зарар етказиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Вашингтон университети олимлари денгиз сувидан сунъий булут ҳосил қилишни режалаштиришган. Улар махсус ускуна ёрдамида сониясига бир неча триллион тезликда учадиган заррачаларни атмосферанинг юқори қатламларига пуркашни мақсад қилишган. Ҳисоб-китобларга кўра, сунъий ҳосил қилинган булутлар қуёш нурларини қайтаради, бу эса ўртача иссиқликнинг пасайишига сабаб бўлади.

Яна бир лойиҳа Арктика музларининг эриш тезлигини камайтиришга қаратилган. Арктиканинг муз «қалпоғи»​ ўзига хос улкан кўзгу бўлиб, у океанларнинг қизиб кетмаслиги учун қуёш нурларни қайтариб туради.

Шимолий муз океани устида чучук сув пуркашни назарда тутувчи лойиҳа ҳам мавжуд. Бунинг моҳияти шундаки, чучук сув шўр сувга қараганда юқорироқ ҳароратда музлаб қолади. Ана шундай усул билан улкан сунъий муз қатламини яратишга умид қилишмоқда.

Олимлар муаммога коинотдан ҳам таъсир кўрсатишга уриниб кўришмоқчи. Америкалик астроном Рожер Энжелнинг ғоясига кўра, коинотда 16 трлн кремний доираларидан иборат жуда катта соябон очиш керак. Бу соябон сайёрамизга келаётган қуёш нурларининг бир қисмини бошқа томонга йўналтириб юборишга хизмат қилиши лозим.Энжелнинг яна бир таклифи Ер орбитасини сунъий йўлдошларнинг катта гуруҳи билан қамраб олишни кўзда тутади. Яъни сунъий йўлдошлар зич жойлашиб, Ер юзида 300 миллион гектарлик соя ҳосил қилади ва бу ўртача ҳароратнинг пасайишига хизмат қилади.Лойиҳалар орасида ақлга сиғмайдиган «телбанамо»​лари ҳам бор. Шулардан бири ернинг одамлар яшамайдиган ҳудудларида катта қувватга эга термоядро бомбасини портлатишни назарда тутади. Бу портлашлар атмосферага улкан миқдордаги чанг-тўзонни чиқаради ва бу иқлимнинг совишига олиб келади, дейди лойиҳа муаллифлари.Юқорида билдирилган таклифларнинг барчаси ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, қанча харажатга тушиши ҳам ҳисоблангандан кейин муқобил вариант танланади.