Наркотик сифатида фойдаланиш мумкин бўлган дорилар қаттиқ назорат остига олинади
(last modified Sun, 08 Sep 2019 08:41:57 GMT )
сентябр 08, 2019 13:41 Asia/Tashkent
  • Наркотик сифатида фойдаланиш мумкин бўлган дорилар қаттиқ назорат остига олинади

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб барча дорихоналарда видеокамералар ўрнатилади.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб наркотик сифатида фойдаланиш мумкин бўлган дори-воситаларнинг айланиши қаттиқ назорат остига олинади, ЎзА хабарига асосан.

Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг 6 сентябрда имзоланган “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисидаги”, қарорида айтиб ўтилган.

Қарорда айтилишига кўра, 2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб кучли таъсир қилувчи дори воситалар рўйхатига киритилган дорилар миқдори назорат остига олинади ва уларнинг чакана савдоси фақатгина ижтимоий дорихоналар ёки гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш лицензиясига эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Шунингдек,  2020 йил 1 январдан бошлаб барча дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш тартиби жорий этилади.

Агар дорихоналарда мазкур талаб мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилса, бу ҳолат лицензиянинг амал қилишини ўрнатилган тартибда тугатиш учун асос бўлади.

Фақат қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиалларида ҳозирча камера ўрнатиш талаб этилмайди.

Ундан ташқари, Тошкентда 2021 йилнинг  1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда электрон рецепт бериш тизими ишга туширилади. 2022 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса ушбу тизим бутун Ўзбекистон бўйлаб ишга тушади.

Ушбу тизим дорилар айланиш соҳасида шаффофликни, шунингдек белгиланган ва сотилган дори восталарининг миқдори ва ҳисобини назорат қилишни, дорилардан наркотик сифатида фойдаланишни олдини олишни таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдин маҳаллий матбуотда Тошкентда аптекаларда сотилаётган дорилардан наркотик сифатида фойдаланиш авжига чиқаари ҳақидаги маълумотлар кўпчилликни ҳайратга солган эди.