Хитойда бурунга пуркаладиган COVID-19 вакцинаси синовлари бошланди
Бурунга пуркаладиган вакцинанинг устун жиҳати шундаки, у ҳам тизимли, ҳам бурун ва томоқда пайдо бўлиб, вирусга қарши дарҳол курашадиган локал иммунитет ҳосил қилади, дейди иммунолог Френсес Лунд.
Хитойда бурунга пуркаладиган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари бошланмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
9 сентябрь куни Хитой клиник тадқиқотлар идораси синовлар ўтказилишини маъқуллади. Вакцина Beijing Wantai Biological Pharmacy Enterprise фармацевтика компанияси билан ҳамкорликда Сямэнь ва Ҳонгконг университети олимлари томонидан яратилган.
Бу Хитойда одамларда синалаётган коронавирусга қарши ўнинчи, аммо спрей кўринишидаги биринчи вакцинадир, деб ёзади Bloomberg.
Бурунга пуркаладиган вакцинанинг устун жиҳати шундаки, у ҳам тизимли, ҳам бурун ва томоқда пайдо бўлиб, вирусга қарши дарҳол курашадиган локал иммунитет ҳосил қилади, дейди Бирмингемдаги Алабама университети иммунологи ва вакциналар ишлаб чиқувчи Френсес Лунд.
Ҳозирда дунё бўйича иккита вакцина – Гамалея номидаги миллий марказ ишлаб чиққан Россия вакцинаси ва Хитойнинг CanSino Biologics Inc компанияси вакцинаси рўйхатдан ўтказилган.