Олимлар COVID-19-нинг асосий тарқалиш манбасини аниқлади
(last modified Sat, 31 Oct 2020 08:38:48 GMT )
октябр 31, 2020 13:38 Asia/Tashkent
  • Олимлар COVID-19-нинг асосий тарқалиш манбасини аниқлади

Коронавирус кўпайиши ва тарқалиши учун энг қулай жойлардан бири оғиз бўшлиғи, шу жумладан, тил, сўлак безлари ва бодомсимон безлар ҳисобланади. Бундай хулосага АҚШ ва Буюк Британия олимлари келди, деб ёзади «РБК».

«Оғиз бўшлиғи COVID-19 учун ишончли жой ҳисобланади ва вируснинг сўлак орқали юқишига имконият яратади», — дейилади тадқиқот натижаларида.

Олимлар маълумотларига кўра, вирус сўлак безлари бўшлиғига кириб олиб, у ерда кўпая бошлайди. Бундан ташқари, сўлак ютиб юборилгач, коронавирус шу заҳоти ошқозон-ичак йўлига тушади.

Шу билан бирга, сўлак йўталиш, аксириш ёки гапириш пайтида вируснинг бошқа одамларга юқишини таъминлайдиган асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Аввалроқ олимлар коронавируснинг янги турини аниқлаган ва уни 20А.EU1 деб атаган эди. Вируснинг бу тури айни пайтда Европа мамлакатларида кенг тарқалмоқда. Олимларнинг аниқлашича, Европадаги пандемиянинг иккинчи тўлқини коронавируснинг Испания қишлоқ хўжалиги ходимларидаги мутацияси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мутацияга учраган коронавирус 20А.EU1 номини олган, унинг тарқалишидаги асосий ролни эса Испанияда таътил ўтказиб қайтган одамлар ўйнаган.