Ҳар куни тухум истеъмол қилиш организмга қандай таъсир етказади?
(last modified Sat, 07 Nov 2020 06:23:26 GMT )
ноябр 07, 2020 11:23 Asia/Tashkent
  • Ҳар куни тухум истеъмол қилиш организмга қандай таъсир етказади?

Оқсил, витамин, минерал ва ёғларга бой тухумни деярли барча фойдали маҳсулотлар рўйхатида учратиш мумкин. Шунга қарамай, кўп мутахассислар тухумни кўп истеъмол қилиш организмга фақат фойда эмас, жиддий зарар етказиши мумкинлигини ҳам таъкидлайди.

Фойдаси

Тухум фойдали моддаларнинг кони. Тухумнинг оқи организмни аминокислоталар, А, D, E, К, шунингдек, B гуруҳи витаминларини ичига олади. Сариғи организмни турли зарарланишлар, яллиғланишдан сақлайдиган, эрта қаришнинг олдини оладиган, тери, соч ва тирноқлар мустаҳкамлигини таъминлайдиган антиоксидантларнинг манбайидир. Бундан ташқари, тухумда суяк ва бўғинларни мустаҳкамлайдиган ҳамда коллаген ишлаб чиқарилишини яхшилайдиган минераллар ҳам бўлади. Қолаверса, тухум парҳез қиладиганлар учун ҳам айни муддао. У қоринни тўқ тутади ва уни истеъмол қилган одам ортиқча овқатланишдан тийилади. Европанинг Nutrition журналининг 2013 йилдаги сонида ёзилишича, нонуштага тухум истеъмол қилиш 30 фоиз ортиқча овқатланиб юборишнинг олдини олади ва киши ўзини узоқ вақт тўқ ҳис қилади.

Зарари

Аммо уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш юрак қон-томир тизими учун хавфли. Гап шундаки, тухумда фойдали омега-3 ёғ кислотасидан ташқари, «ёмон холестерин» – липопротеин ҳам мавжуд. Бир дона тухумда 180 мг «ёмон холестерин» бўлади, кунлик меъёр эса 300 мг ташкил этади. Бу эса юрак фаолиятида муаммо келтириб чиқариши мумкин. Юрак касаллигини орттириб олишни истамасангиз, кунига бир мартадан кўп бўлмаган тухум истеъмол қилинг. Баъзида 2-3 дона ейиш ҳам мумкин, аммо буни одат тусига айлантирмаслик керак.