Иситилган ва совитилган ҳолда ейиш тавсия этиладиган озиқ-овқатлар
Тўғри овқатланишни йўлга қўйиш учун, аввало, таомларнинг ҳароратини унутиб, уларнинг миқдорига ва нима эканига кўпроқ эътибор қаратамиз. Лекин овқатнинг осон ҳазм бўлиши ва вазнни назорат қилиш учун истеъмол қилаётган овқатимизнинг ҳарорати жуда муҳим роль ўйнайди.
Ўтган асрнинг 80 йиллари ўрталарида «совуқ парҳез» айниқса балерина ва модельерлар орасида урфга чиқди. Ушбу турдаги парҳез қоидаларига кўра, маҳсулотларни совуқ, баъзан музлатилган шаклда истеъмол қилиш назарда тутилган эди. «Совуқ парҳез» ортиқча вазндан халос бўлиш учун ёрдам беради, чунки организм нафақат овқат ҳазм қилиш учун, балки уни иситиш учун ҳам энергия сарфлайди, деган хулоса чиқди. Кейинчалик эса бундай овқатланиш режими ошқозон ичак-тизимининг бузилиши натижасида дисбактериознинг келиб чиқишига сабаб бўлиши аниқланди.
Биринчи навбатда, жуда совуқ озиқ-овқатлардан воз кечиш керак (ҳатто совуқ қизил икра, товуқ гўшти ва салатлардан ҳам). Тўғри, совуқ озиқ-овқатлар ошқозонга тезроқ етиб боради, аммо ошқозонда етарлича вақт турмайди. Натижада тўла ҳазм бўла олмайди.
Бу қандай зарарлар олиб келиши мумкин? Аввало, ошқозонда оғирлик сезила бошлайди, энг ёмони, дисбактериоз ривожланишига сабаб бўлади, бора-бора ошқозон ичак-тизимининг жиддий касалликларини келтириб чиқаради.