Сочга оқ тушиши билан намоён бўладиган касалликлар
(last modified Wed, 03 Feb 2021 06:54:17 GMT )
феврал 03, 2021 11:54 Asia/Tashkent
  • Сочга оқ тушиши билан намоён бўладиган касалликлар

Агар сочлар сийраклашса, уларни мустаҳкамловчи шампунлардан фойдаланиш мумкин. Лекин соч толалари оқара бошласа, уни бўяш билан ҳаммаси яхшиланиб кетмайди. Бу соғлиқдаги жиддий муаммоларнинг белгиси ҳисобланади.

Қалқонсимон без фаолияти билан боғлиқ муаммолар

Агар сочлар эрта оқара бошласа, албатта, тиббий текширувлардан ўтиш зарур. Айниқса, бу қалқонсимон без билан боғлиқ бўлса, эндокринолог билан маслаҳатлашиб, гормон даражасини аниқлаш зарур. Қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолар уйқусизлик ва руҳий касаллик билан безовта қилиши мумкин ва бу айнан соч орқали белги беради. Улар жуда мўрт, ёғли бўлиб қолади ва уларда оқариш жараёни намоён бўла бошлайди.

Витаминлар етишмаслиги

Эрта оқарган сочлар B12 витамини етишмаслигини ҳам кўрсатиши мумкин. B гуруҳи витаминларининг етишмаслиги асаб ўтказувчанлигини сусайтиради ва кўпроқ стрессга мойил қилади. Аломатларнинг яна бири сочларнинг эрта оқаришидир. Витамин етишмаслиги билан боғлиқ муаммолардан қочиш учун кўпроқ қизил балиқ, мол гўшти ва тухум истеъмол қилиш керак. Сочлар айнан витаминлар етишмаслиги туфайли рангини йўқотиши мумкин. Витаминлар қабул қилишдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Стресс

2020 йилнинг муаммолари туфайли стресс кўпчиликнинг сочига оқ туширди. У соч пигментини ишлаб чиқарадиган ва эрта қаришни келтириб чиқарадиган илдиз ҳужайраларига таъсир қилади. Шунинг учун ҳам ўзгармайдиган нарсалар ҳақида қаттиқ ташвишланмаслик керак. Жиддий қийинчиликлар юзага келганда психолог ёки психотерапевт билан боғланиш зарур.

Сочлар учун зарарли маҳсулотлар

Соч учун парвариш етарли даражада бўлмаганида уларда оқариш ҳолатлари кузатилади. Шунингдек, баъзи бўёқ ва шампунлар зарарли кимёвий моддаларни ўз ичига олади, улар соч пигментидан маҳрум этади. Шунинг учун соч парваришида ишончли ҳамда сифатли маҳсулотлардан фойдаланиш керак.

Ирсий мойиллик

Агар сочлар орасида оқ толалар пайдо бўлса, бу ирсият билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Агар ота-она ёки бошқа оила аъзоларида сочга оқ эрта тушган бўлса, у ҳолда жиддий муаммо бўлмайди. Ҳозирда аввалгидек оқарган сочларни бўяш ёки кесиш шарт эмас, жамият ҳар кимни борича қабул қилишга мослашиб бўлган.

Шунингдек, сочларни кучли ва соғлом сақлаш ва эрта оқаришдан сақлаш учун яхшилаб парвариш қилиш зарур. Иссиқ ва совуқ об-ҳавода бош кийимсиз чиқмаслик зарур. Соч қуритгичдан камроқ фойдаланиш керак. Бош терисига мунтазам равишда кокос ёғи суриш ҳамда брокколи, бодом, сабзи ва карам истеъмол қилиш тавсия этилади.