Cтрессни енгишга ёрдам берувчи маҳсулотлар
(last modified Tue, 30 Mar 2021 04:56:35 GMT )
март 30, 2021 09:56 Asia/Tashkent
  • Cтрессни енгишга ёрдам берувчи маҳсулотлар

Замонавий дунёнинг замонавий одамлари доимий тарзда стрессга дуч келмоқда — ҳаётнинг тез суръати, ўзига бўлган ҳаддан ортиқ талаблар, катта ахборот оқими, пандемия.

Кўпчилик бундай муаммоларга дош беролмай, антидепрессантлар қабул қилишни бошлагани ажабланарли эмас. Бироқ психиатрлар фикрига кўра, бундай дорилар соғлиққа жиддий таъсир кўрсатади.

Антидепрессантлар нима учун керак?

Бу саволга жавоб беришдан олдин улар қандай ишлашини тушуниб олиш лозим. Одамларда тушкунлик миядаги бахт гормонлари — серотонин, эндорфин, дофамин ва окситоцин даражасининг пасайиши туфайли юзага келади. Антидепрессантлар ушбу моддаларнинг нормал даражасини тиклашга хизмат қилади.

Агар сиз вақти-вақти билан чарчоқ, бефарқлик ёки безовталикни ҳис қилсангиз, дорихонага шошилманг. Бунинг ўрнига фойдали маҳсулотлар — табиий антидепрессантлардан фойдаланинг.

Балиқ ва зиғир мойи

Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, таркибида омега-3 бўлган маҳсулотлар энг яхши табиий антидепрессантлардан бири ҳисобланади. Ҳафтада камида икки марта балиқдан таом тайёрлашга ҳаракат қилинг. Агар балиқни ёқтирмасангиз, кунгабоқар ёғи ўрнига фойдали ёғнинг муқобил манбаи бўлган зайтун ёки зиғир мойидан фойдаланинг.

Гўшт, гречка, сули ёрмаси

Таркибида B витамини кўп бўлган моддалар метаболизмни тартибга солади ва иммунитетни кучайтиради, лекин энг муҳими, бундай маҳсулотлар стресс таъсирини камайтиради. Бундан ташқари, улар кайфиятни яхшилайди ва асаб тизимини мустаҳкамлайди. Кўкатлар кўп миқдордаги B9 витамини ёки фолий кислотасини ўз ичига олади. B1 витамини ёки тиамин гречка ва сули ёрмаси, B12 витамини эса гўшт ва тухум каби маҳсулотлар таркибида бўлади.

Сут маҳсулотлари ва мевалар

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бахт гормони бўлган серотонин триптофан ва глюкоза аминокислоталаридан ажралиб чиқади. Триптофан сут маҳсулотлари (айниқса пишлоқ), хурмо, олхўри, анжир, помидор ва қора шоколадда мавжуд. Мева, сабзавот, резаворлар ва асал таркибида глюкоза жуда кўп. Шунингдек, гўшт, парранда гўшти (айниқса, курка) ва соя истеъмол қилиш орқали танага ўз триптофанини яратишда ёрдам бериш мумкин.

Денгиз маҳсулотлари ва карам

Мураккаб углеводларни ўз ичига олган денгиз маҳсулотлари ва карам асабни тинчлантиришга ёрдам берувчи таркибга эга. Рационингизга қисқичбақа, рангли карам, брокколи ва сули ёрмасини киритишга ҳаракат қилинг.

Шуни унутмангки, нафақат тўғри овқатланиш, балки жисмоний фаоллик, ижобий турмуш тарзи ҳам ҳиссиётларингизга таъсир қилади. Муаммоларга кўмилиб кетманг, ҳар куни янги нарсаларни кашф қилинг ва яқинларингизни тез-тез қучоқланг —  бу соғлиқ учун табиий ва хавфсиз тарзда бахт гормонлари даражасини ошириш ва стрессни енгишнинг энг яхши усули.