Организмда холестерин миқдорини меъёрида ушлаб туришнинг 19 усули
Юрак-қон томир касалликлари дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Унинг олдини олиш учун эса одатдаги турмуш тарзида оддий ўзгаришларни амалга ошириш кифоя.
Истеъмол қилинаётган маҳсулот таркибига эътибор беринг
Трансёғлар сунъий равишда синтез қилинган ёғлар бўлиб, улар кўпинча саноат пишириқларида, тезпишар овқатларда ҳамда қовурилган чипсларда ишлатилади. Маҳсулотни истеъмол қилишдан аввал ёрлиқни ўқиш ва трансёғ ёки гидрогенланган ёғлар бўлса, улардан воз кечиш керак.
Уй тозалашни фитнесга айлантиринг
Ёқтирган мусиқа ҳамроҳлигида пол, дераза ва идишларни ювишни ажойиб аэробик машққа айлантириш ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатда юрак уриши фаоллашади, калориялар сарфланади ҳамда уй тоза бўлади.
Шоколаддан завқланинг
Ушбу профилактика ҳар кимга ҳам ёқиши шубҳасиз. Какао доначаларига бой бўлган флованоидлар қон босимини пасайтиради. Асосийси меъёрни унутмаслик. Кунига 30 граммдан қора шоколад истеъмол қилиш тавсия этилади.
Кунига икки маротаба сайр қилишга чиқинг
Биринчидан, тинч ва осуда жой стрессни камайтиради. Иккинчидан, мунтазам жисмоний машқлар юрак саломатлигининг зарурий шартидир.
Туз миқдорини камайтиринг
Агар тузли маҳсулотларни истеъмоли рационда кўп бўлса, бу танада сув йиғилишига олиб келади ва юрак ва қон томирларни зўриқтиради. Шифокорлар тавсия этган миқдор − кунига 2-3 мгдан оширмасликка ҳаракат қилиш лозим. Бунинг учун ярим тайёр маҳсулотлардан воз кечиш ва тузнинг ўрнига лимон шарбати ҳамда зираворлардан фойдаланиш мумкин.
Ўрнингиздан туринг ва ҳаракатланинг
Агар иш жараёни куни билан компьютер қаршисида кечса, ҳар соатда ўриндан туриб, бироз ҳаракатланишни унутмаслик лозим. Ҳаракатсиз кечган узоқ соатлар қандли диабет ва юрак хасталиги хавфини оширади. Шунинг учун кун давомида бир неча маротаба танаффус қилиш муҳим.
Шунчаки нафас олинг
Медитация ва бироз дам олиш учун бор-йўғи уч дақиқа вақт ажратиш кифоя. Бундай вақтда атрофда безовта қиладиган инсон бўлмаслиги керак. Ёқимли бирор нарса ҳақида ўйлаш ва аста-секин нафас олиш лозим. Шундагина вужуд бўшашганини ҳис қилиш мумкин.
Атрофни томоша қилинг
Табиат бағрида кўпроқ вақт ўтказиш ва ишга ҳам иложи борича атрофни томоша қилган ҳолда бориш лозим. Албатта, шовқинли кўчалардан эмас, балки хиёбонлар кезиш орқали.
Табассум қилинг
Ҳар қандай инсон тез-тез табассум қилишни унутмаслиги керак. Шунингдек, ҳазилкаш дўстлар даврасида вақт ўтказиш ҳам керак. Кулги − стресс гормонлари секрециясини камайтиради, қон айланишини яхшилайди ва фойдали холестеринни оширади.
Вақтида ухланг
Агар дам олиш учун етарли вақт бўлмаса, ухлаш кундалигини юритиш керак. Унга ҳар куни қанча ухлаганлик вақти ёзиб борилади. 6-8 соат зарурий минимал соат бўлиб, ундан кам бўлса, тана заифлаша бошлайди.
Хобби билан шуғулланинг
Севимли машғулотларга тикиш, таом пишириш, китоб ўқиш ёки расм чизиш кабиларни мисол қилиш мумкин. Улар кундалик муаммолардан халос бўлишга ёрдам беради. Қўллар банд бўлганда, мия мўъжизавий равишда бўшашади.
Шуғулланиш учун шериклар топинг
Бу, албатта, дўстлар билан биргаликда яхши натижа беради. Айнан кўпчилик бир-бирини қўллаб-қувватлаши орқали севимли машғулотлар катта лойиҳаларга айланади.
Нонуштада донли маҳсулотлар истеъмол қилинг
Донли нон, макарон, гуруч, жўхори уни, киноа кабилар оқсилга бой бўлиб, қонда шакар ва холестерин миқдорини назорат қилишга ёрдам беради.
Ҳафтада икки маротаба балиқ тановул қилинг
Қизил икра, лосос, тунец, сардиналар омега-3 ёғ кислоталарига бой бўлиб, улар юрак саломатлиги учун жуда фойдалидир.
Ўсимлик ёғи ва ёнғоқлар
Зайтун, кунжут, кокос, маккажўхори мойлари ва ёнғоқлар вазнни бир меъёрда ушлаб туришга ёрдам берадиган соғлом ёғлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни рационга қўшиш тавсия этилади.
Ярим тайёр маҳсулотлар
Колбаса маҳсулотлари ва кабоблардан иложи борича камроқ истеъмол қилиш керак. Чунки улар холестеринни ичакка сингишига халақит беради.
Мева ва сабзавотлар
Кунига сабзавот ва мевалардан 5 порция истеъмол қилган инсонларда юрак қон-томир касалликлар хавфи уларни бир маҳал тановул қилганларга нисбатан 31 фоизга камаяди.
Фойдали егуликлар
Барча турдаги уруғ ва ёнғоқлар юракнинг фаол ишлаши учун зарур бўлган соғлом ёғларга бой. Шунингдек, улар туфайли инсон ўзини тўқ ҳис қилиб, ортиқча вазнга эга бўлмайди.
Текширувлардан ўтинг
Юрак қон-томир касалликларининг олдини олишнинг асосий босқичи бу − мунтазам равишда текширувлардан ўтишдир. Бунинг учун холестерин, қанд ва қон босими ўлчанади. Маълумотлар орқали шифокор тавсиясига амал қилинади. Олти ойдан сўнг ҳолатни баҳолаш учун яна қайта текширувлар ўтказилади.