Кўзлар нима учун қурийди ва бу қандай оқибатларга олиб келади?
(last modified Mon, 14 Jun 2021 06:23:44 GMT )
июн 14, 2021 11:23 Asia/Tashkent
  • Кўзлар нима учун қурийди ва бу қандай оқибатларга олиб келади?

Кўзларнинг қуриш синдроми қуруқ кератоконюктивит ёки қуруқ кератит касаллиги ҳисобланади ва сурункали ёки узоқ вақт кўзларнинг қуриши, енгил ёки оғир кечиши билан намоён бўлади.

Кератоконюктивит симптомлари

Асосий белги кўзларга худди қум кириб қолгандек туйилади. Аломатлар доимий бўлиши ёки кўз зўриққанда кучайиши мумкин.

Умумий симптомлар:

  • кўзларнинг қичиши;
  • кўзлар сезувчанлигининг ошиши;
  • оғриқли ҳис;
  • ёруғликка сезувчанлик;
  • қизариш;
  • тиниқ кўрмаслик;
  • кўзга зарралар кириб қолгандек туйилиши.

Асоратлари

Кўпчиликда узоқ муддатли асоратлар кузатилмаслиги мумкин, аммо даволанмаса ёки аҳвол сезиларли даражада ёмонлашса, кўз билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқиши, ҳатто кўрмай қолишга ҳам олиб келиши мумкин.

Жиддий кератоконюктивитнинг эҳтимолий оқибатлари:

  • яллиғланиш;
  • кўз пардаси эрозияси;
  • инфекция тушиши;
  • кўз олмасида чандиқ пайдо бўлиши;
  • кўриш қобилиятининг йўқолиши.

Сабаби нимада?

Кўз ёшлари намликни таъминлаб, ҳимоя қатлами вазифасини ўтайди. Кўз ёши плёнкаси —кўз саломатлиги учун ҳар бири муҳим бўлган сув, ёғ ва шилимшиқдан иборат бўлади. Қуруқ кўзлар синдроми етарли даражада кўз ёш ишлаб чиқарилмаганида ёки кўз ёши таркиби нотўғри бўлганда ривожланади.

Келиб чиқишига таъсир қилувчи омиллар:

Атроф-муҳит

Шамол, жазирама, чанг, кондиционер ҳавоси, сигарет тутуни ҳам таъсир қилиши мумкин.

Қариш

Ёш ўтиши билан кўз ёш ишлаб чиқарилиши камаяди. Айнан шу сабаб ҳам ушбу синдром аксарият ҳолларда кексаларда кўпроқ ривожланади.

Контакт линзалар

Линзадан фойдаланадиган кишиларнинг деярли ярми кўзларининг қуришидан шикоят қилади.

Лазерли коррексия ёки бошқа муолажалар

ЛАСИК ёки кўз пардаси нервларини таъсирлантирадиган бошқа жарроҳлик амалиётлари ҳам синдромни ривожлантириши мумкин.

Айрим дори воситаларини қабул қилиш

Антигистамин воситалар, антидепрессантлар, спрейлар ва ҳуснбузарларни бартараф қилишга мўлжалланган айрим препаратлар ҳам синдромнинг келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Кўз касалликлари

Блефарит, қовоқлар яллиғланиши ва шунга ўхшаш бошқа касалликлар ҳам қуруқ кератоконюктивитни келтириб чиқариши мумкин.

Аутоиммун касалликлар

Волчанка, ревматоид артрит, Шегрен синдроми сингари аутоиммун касалликлар ҳам кўзларнинг қуриш синдроми ривожланишига ҳисса қўшади.

Қандай ташхис қўйилади?

Интернетдан ўзбошимчалик билан даво қидирмасдан, симптомларни сезиш билан кўз шифокорига мурожаат қилинг. Мутахассис махсус текширув орқали аниқ ташхис қўйиши мумкин. Ушбу синдромдан азият чекмаслик учун эса профилактикага эътибор қаратиш керак.

Даво усули

Шифокор даво сифатида амалиётда яхши натижа берадиган сунъий кўз ёш даво усулини таклиф қилиши мумкин. Ушбу усул яхши самара бериши мумкин.

Препаратлар

Қуруқликни камайтириш учун маҳаллий ёки умумий дори воситаларидан фойдаланиш мумкин. Аммо бу борада ҳам шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

Бошқа усуллар

Олимлар аллақачон синдромга қарши курашиш учун намлантирувчи камера, махсус линза ва протезлар ўйлаб топган. Омега-3 ёғ кислоталарини муолажада қўллаш ҳам яхши самара бериши мумкин.