июл 21, 2021 10:05 Asia/Tashkent
  • Иммунитетни кўтаришнинг кўпчилик билмайдиган 10 та усули

Шамоллаш ва кўп касал бўлиш иммунитетнинг сустлиги билан боғлиқ бўлиб, бунинг оқибатида организм касаллик билан кураша олмайди.

Мавжуд коронавирус инфекцияси даврида эса иммун тизимининг мустаҳкамлиги ҳар қачонгидан ҳам зарур ҳисобланади. Иммунитет мустаҳкам бўлиш учун қандай тавсияларга амал қилиш керак? Қуйида ушбу саволга жавоб берамиз.

Ичак ҳазм фаолиятига эътибор қаратинг.

Мустаҳкам иммунитет ичаклар микрофлораси билан боғлиқ бўлади. Ичакларда муаммолар кузатилиши организмнинг ҳимоя кучига салбий таъсир кўрсатади. Ичаклар фаолияти яхши бўлиши учун таркибида табиий пробиотиклар бўлган — кефир, йогурт сингари маҳсулотларни истеъмол қилиш керак.

Рационингизга дуккакли маҳсулот ва ёнғоқлар киритинг.

Табиий антиоксидантларга бой бўлган писта ва ёнғоқлар иммунитетни кўтариш ва организмдан токсинларни чиқариш хусусиятига эга. Аммо калорияси кўп бўлгани учун ҳам ёнғоқларни меъёрида истеъмол қилиш кераклигини ёддан чиқарманг ва иложи бўлса, салат ёки смузига қўшиб истеъмол қилинг.

Ичимлик тайёрланг.

Иммунитетни яхшилайдиган шифобахш ўтлардан ичимлик тайёрланг. Ялпиздан чой дамланг. Лимон, занжабил, долчинга асал қўшинг. Аралашмани чойга қўшиб истеъмол қилинг. Мазаси ва натижасига ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Шарқ яккакураши машқларидан бирини бажаринг.

Исталган спорт тури, хусусан, шарқ якка кураши машқлари иммунитетни мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Ушу, каратэ машқлари бажарилганда метаболизм ва қон айланиши яхшиланади. Бунинг учун ушбу спорт тури билан буткул шуғулланиш шарт эмас, интернетдан ўрганиб маълум техникаларни бажаришингиз мумкин.

Эфир мойидан фойдаланинг.

Эфир мойи, таркибидаги фитонсид сабаб ҳам турли инфекциялардан сақланишда аҳамиятли ҳисобланади. Эвкалипт мойига, ялпиз, долчин, лимон ва қарағай ёғи қўшиб аралаштиринг ва аромалампага солинг. Иссиқлик таъсирида аралашмадан эфир ажралиб чиқиб вирусларни ўлдиради. Бундан ташқари оддий кремга эфир ёғидан бир-икки томчи томизиб, билакка суркаш мумкин, аммо аллергияси борларга эҳтиёт бўлиш тавсия қилинади.

Ёга билан шуғулланинг.

Ҳаддан ортиқ жисмоний ва руҳий зўриқиш кишида сурункали чарчоқ пайдо бўлиши, организм ҳолдан тойишига сабаб бўлади. Шу боисдан ҳам 15-20 дақиқа ёга машқларига вақт ажратиш, медитация билан шуғулланиш тавсия қилинади.

Оддий туз ўрнига ҳимолай тузидан фойдаланинг.

Пушти рангдаги ушбу туз таркибида 80 дан ортиқ фойдали минераллар бўлади ва айнан улар сабаб ҳам шифобахш ва даволовчи хусусиятга эга. Мазкур тузни таомларга қўшиш саломатлик ва иммун тизимига фойда келтиради.

Массаж

Массаж қилинганда барча мушаклар ишлаб, аъзо ва ҳужайраларда қон айланиши ва гормонал баланс яхшиланади.

Қизил булғори қалампирини истеъмол қилинг.

Таркибида C витамини, бета-каротин ва микроэлементлар мўл бўлгани сабаб ҳам ушбу маҳсулот иммунитет мустаҳкамлиги учун самараси юқори ҳисобланади. Шу боис ҳам қизил булғори қалампиридан салат қўшиб тайёрлаш тавсия қилинади.

Совуқ душ қабул қилиш.

Совуқ душ қабул қилганда организмда оқ қон таначалари ажралиб чиқади ва бу иммунитет мустаҳкамлигида аҳамиятли саналади. Бироқ бирданига совуқ сувга ўтмаслик, илиқдан секин-секин совуқ сувга ўтиб бориш тавсия қилинади. Контраст — биринчи иссиқ кейин эса совуқ душ қабул қилиш эса ундан ҳам самаралироқ фойда беради.

Ёрлиқ