Олимлар шакарнинг янги хавфли хусусиятини аниқлашди
Тадқиқотчилар фикрига кўра, шакар жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Йель университети олимлари шакар ичак микрофлораси кўпайиши учун зарур бўлган оқсил фаолиятига тўсқинлик қилади, деган хулосага келишди.
Олимлар Bacteroides thetaiotaomicron фойдали бактерияга шакарнинг таъсирини ўрганиш учун лаборатория сичқонларига таркибида кўп миқдорда глюкоза ва фруктоза бўлган маҳсулотларни озуқа сифатида бера бошлашди. Илгари шакар ингичка ичакда сўрилиб кетади деб ҳисобланарди, аммо тадқиқотлардан маълум бўлишича, у йўғон ичакка ҳам ўтар ва фойдали микрофлорага таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун олимлар бу таъсирнинг нақадар кучли эканлигини текширишга қарор қилишди.
Маълум бўлишича, шакар фойдали бактериялар учун жавоб берувчи Roc оқсили ишлаб чиқарилишини тўсиб қўяр экан. Бу эса ўз навбатида саломатлик билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлишига олиб келар экан. Бунда шакарнинг қандай турда (фруктоза ёки глюкоза кўринишида) бўлишининг аҳамияти йўқ экан.