Эрон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот қилди
Эрон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари икки томонлама муносабатларнинг сўнгги ҳолати ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-абдуллоҳиён якшанба куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи билан телефон орқали суҳбатда уни ташқи ишлар вазири этиб қайта тайинлангани билан табриклаб, Эрон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни ижобий ва олдинга силжувчи деб баҳолаган.
Эрон ташқи ишлар вазири, шунингдек, Эрон ва Хитой президентлари ўртасидаги келишувларни амалга оширишда эришилган яхши ютуқларга ишора қилиб, 25 йиллик кенг қамровли ҳамкорлик дастурининг илгари сурилишига урғу берди.
Хитой ташқи ишлар вазири Пекин ва Теҳрон ўртасидаги стратегик муносабатларга ижобий баҳо бериб, Хитойнинг Жанубий Африкадаги БРИКС саммити ва аьзоларни кенгайтириш билан боғлиқ масалаларга қарашини тилга олди.
Ван Йи “Бир камар, бир йўл” ташаббусига ишора қилиб, Эронни ушбу ташаббуснинг муҳим аьзоси деб атади ва Эрон Ислом Республикасининг бўлажак “Бир камар, бир йўл” саммитида иштирок этишини муҳим деб ҳисоблади.
Хитой ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-абдуллоҳиённинг Саудия Арабистонига ташрифи ва Эрон-Саудия Арабистони муносабатларининг ривожланишидан мамнунлигини билдирди.