Октябрда Тошкентда тожик маҳсулотлари намойиш этилади
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматига 11-14 октябр кунлари Тошкентда тожик саноат маҳсулотлари кўргазмасини ўтказишни таклиф этди, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон.
Тожикистон ҳукуматидаги манбанинг билдиришича, кўргазма Ўзэкспомарказ ҳудудида ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон пойтахтида 64 тожик корхонасининг маҳсулотлари намойиш этилиши кутилмоқда. Ушбу рўйхатга қурилиш материаллари, тоғ-кон саноати, машинасозлик ҳамда енгил саноат маҳсулотларини киритиш таклиф қилинмоқда.
Ўтган йил охирида Душанбеда бўлиб ўтган Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисида кўргазма ташкил этиш ҳақида келишиб олинганди.
Илгарироқ кўргазмани сентябрда ўтказиш режалаштирилганди, бироқ тайёргарлик жараёнлари сабабли октябрга кўчирилди.
Кўргазма доирасида Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлик ҳамжамиятлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.