Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига умрбод бошчилик қилиши мумкин
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига умрбод бошчилик қилиш ҳуқуқини олиши мумкин. Бу ҳақда “Қозоғистон Руспубликаси Хавфсизлик кенгаши тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айтилган.
“Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Елбасига Хавфсизлик кенгашига умрбод бошчилик қилиш ҳуқуқи тегишли”, дейилган қонун лойиҳасининг “Хавфсизлик кенгаши таркиби” деб аталган 4-моддасида.
Қонун лойиҳасига кўра қуйидаги шахслар Хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳисобланади:1) Қозоғистон президенти;2) парламент сенати раиси;3) парламент мажлиси раиси;4) бош вазир; 5) давлат котиби;6) президент маъмурияти бошлиғи;7) Хавфсизлик кенгаши котиби;8) бош прокурор;9) Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси;10) ташқи ишлар вазири;11) мудофаа вазири;12) ички ишлар вазири.
Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлиш юқори мавқени белгилайди. Хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳисобланувчи мансабдор шахслар гувоҳномаларида эгаллаб турган асосий лавозими ҳақидаги ёзув олдида “Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши аъзоси” ёзуви бўлади.
Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши Қозоғистонда ички сиёсий барқарорликни сақлаш, конституцион тузум, давлат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва мамлакатнинг халқаро майдонда миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистоннинг миллий хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати олиб борилишини мувофиқлаштирувчи конституцион орган ҳисобланади.