Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга қачон ташриф буюриши маълум бўлди
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга куз фасли бошида расмий ташриф билан келади деб хабар берди Sputnik Тожикистон Тожик ТАнинг ҳукуматдаги манбасига таяниб берган хабарига асосланиб.
Манбанинг айтишича, Раҳмоннинг ташрифи давомида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳсли чегара участкаси бўйича ҳал этилмай қолган масала ўз ечимини топади.
«Тожикистоннинг Сўғд ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятлари туташган чегарадаги мазкур участка бўйича Эмомали Раҳмоннинг куз фаслибошида Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давомида расман келишиб олинади», — деди у.
Тожикистон ҳукуматидаги манбанинг аниқлик киритишича, мазкур чегара участкасида ҳеч қандай иншоот ёки аҳоли пункти мавжуд эмас, у ердан чиқиндихона сифатида фойдаланилади.
19 апрел куни Тожикистон парламенти Ўзбекистон билан тожик-ўзбек давлат чегарасининг алоҳида участкалари ҳақидаги шартномани ратификация қилишни режалаштирган. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Душанбега амалга оширган ташрифи давомида имзоланганди.