Қирғизистоннинг янги бош вазири лавозимга тасдиқланди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Муҳаммадкали Абилгазиевни республика бош вазири лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонига имзо чекди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берган.
«Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков Абилгазиев Муҳаммадкали Дуйшекеевични Қирғизистон Республикаси бош вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонини имзолади. Шу фармон билан у аввалги лавозимидан озод этилди», дейилган хабарда. Президент Абилгазиев томонидан таклиф этилган номзодларни Вазирлар Маҳкамаси аъзолари сифатида тасдиқлаган. Жума куни Қирғизистон парламенти Абилгазиевни мамлакат бош вазирлиги учун маъқуллади. Янги бош вазир таклифига кўра, ҳукуматнинг аввалги аъзоларининг кўпчилиги ўз ўрнини сақлаб қолган.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига Кубатбек Боронов (Собиқ ФВВ вазири) тасдиқланган. «Республика - Ата-Журт» партияси депутати Олтиной Омурбекова Чолпон Султонбекова ўрнига ижтимоий масалалар бўйича бош вазир ўринбосарига айланган.
Шунингдек, Мудофаа вазирлигига республика қуролли кучларининг собиқ бошлиғи Эрлис Тердикбаев раҳбар бўлган. Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ўз жойини сақлаб қолган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигига Космосбек Чолпонбаев келган, Иқтисодиёт вазирлигига Олег Панкратов қайтган, ИИВ раҳбарлигини бир неча ой олдин тарк этган Кашкар Жунушалиев қайта эгаллаган. Нурболот Мирзахмедов ФВВга раҳбар бўлган. Абилгазиев Сооронбай Жээнбеков бош вазирлигида унинг биринчи ўринбосари бўлган.
Жээнбеков президент бўлгач, 2017 йил кузида у президент маслаҳатчисига айланган, кейинроқ Қирғизистон президенти аппарати раҳбари бўлганди. У мустақилликка эришганига 27 йил бўлган республиканинг ҳисоб бўйича ўттизинчи бош вазири ҳисобланади. Ундан аввалги бош вазир Сапар Исаков (Қирғизистон тарихидаги энг ёш бош вазир) бу лавозимда 7 ойдан кўпроқ вақт бўлди.