Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини кескин оширди
2018 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси экспорти ҳажмини қарийб тўрт баробар оширди, деб хабар бермоқда Asia-Plus.
Чунончи, жорий йилнинг июлида қўшни мамлакатдан 417 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган. Бунгача Ўзбекистонга ҳар ойда 110—120 миллион киловатт-соат экспорт қилинарди.
Тожикистон Ўзбекистонга электр токи етказиб беришни шу йилнинг апрелида тўққиз йиллик танаффусдан кейин қайта тиклади.
Йил охиригача Тожикистондан камида 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси экспорт қилиниши кутилмоқда.
Икки мамлакат электроэнергетика компаниялари ўртасида эришилган келишувларга кўра, ёзги даврда Ўзбекистон Тожикистон электр энергиясини бир киловатти учун икки сент, қишда — 2,5 сент нархда сотиб олади.