Қозоғистон президенти истеъфоси ортидан Олма-Ота банкларида доллар тугаб қолди
Президент Назарбаев истеъфосидан сўнг Қозоғистонда хорижий валюта сотиб олиш ҳажми кескин ошгани хабар қилинмоқда.
Бугун эрталаб Қозоғистон фонд биржасида америка валютаси курси 1,64 тангага ошиб 378,04 тангани ташкил қилди.
Курс ўсиши унчалик катта бўлмасада, лекин хорижий валюта сотиб олиш ҳажми кескин ошди. 19 март куни Қозоғистон валюта биржасида 72 миллион доллар алмаштирилган бўлса, бугун 255 миллион доллар алмаштирилган.
Маълум қилинишича, Қозоғистондаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар курси кескин кўтарилиб кетган. Баъзи шохобчаларда ажиотаж сабабли доллар тугаб қолган.
“2 соат олдин ҳамма доллар тугади. Назарбоев кетиши эълон қилингандан кейин ажиотаж бошланди, барча долларни харид қилиб бўлишди”, деб маълум қилинган Остонадаги шохобчалардан бирида.
Маҳаллий вақт билан соат 21:30да доллар 378,5 тангадан сотилган бўлса, 22:00 келиб унинг курси 385 тангагача кўтарилиб кетган.
Шу муносабат билан Қозоғистон миллий банкининг молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Александр Терентьев Facebook’даги саҳифасида аҳолини тинчланишга чақирган.
"Айни вақтда нақд валюта бозорида хавотир ва ажиотаж учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Миллий банк валюта айирбошлаш шохобчаларидаги вазиятни назорат қилмоқда. Валюта айирбошлашда курснинг атайлаб оширилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда тезкор чоралар кўрилиши учун миллий банк филиалларига мурожаат қилишни тавсия қиламиз”, деб айтилган хабарда.