МДҲ масъуллари: Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси ҳақидаги қарорни ижобийдир
Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси ҳақидаги хабарни барча кутилмаган янгилик сифатида қарши олди.
Россия Федерацияси кенгаши спикери Валентина Матвиенко, барча бу хабарни кутилмаган хабар тарзида қарши олгани, Назарбоев жуда мулоҳазали ва доно сиёсатчи эканлигини қайд этди.
У Назарбоев билан шахсан танишлигини таъкидлар экан, Қозоғистоннинг биринчи президенти Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил топиши учун кўп ишларни амалга оширгани, ҳамиша Россия билан иккитомонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тарафдори бўлганини қўшимча қилди.
Мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Қозоғистон сенати раҳбари Қосим-Жомарт Токаевни Валентина Матвиенко «зиёли, ўқимишли, давлат бошқарувига тайёр» инсон сифатида таърифлади.
«Қозоғистон ўтиш даврида ишончли қўлларда», — деди РФ кенгаши спикери ва бугуноқ (19 март куни) Токаевга қўнғироқ қилишини қўшимча қилди.
Россия Давлат Думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий ҳам Назарбоевнинг истеъфоси кутилмаган янгилик бўлганини таъкидлади.
«У — Евросиё интеграцияси патриархи, собиқ совет иттифоқи майдонида энг обрўли сиёсатчилардан бири», — деди Слуцкий журналистларга.
У Россия—Қозоғистон шериклиги ўн йилликлар давомида синовдан ўтганини қайд этди.
Ўрта Осиё институти МДҲ давлатлар бўлими раҳбари Андрей Грозин Назарбоевнинг истеъфоси сабабларига тўхталар экан, ушбу қарор ёш туфайли қабул қилинган, деган фикрни билдирди. Грозинга кўра, яъни форс-мажор ҳолатларда мамлакатда «шок» ҳолати юз бериши олдини олиш учун бу қарор қабул қилинган. Эксперт фикрига кўра, бунда Назарбоевнинг сиёсий аренани тарк этиши ҳақида гап бораётгани йўқ.
Ўзбекистон Фанлар Академияси тарих институтининг катта илмий ходими Равшан Назаровнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Нурсултон Назарбоев узоқ йиллар давомида барпо қилиб келган кўптармоқли сиёсатни сақлаб қолиши лозим. Қозоғистоннинг янги раҳбарияти Назарбоев томонидан тўпланган ташқи сиёсий багажни қўлдан бой бермаслигига умид билдирди. «Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим, Қозоғистон билан тарихан кўп нарса боғлаб туради», — деди эксперт.