Қозоғистон сенатига сайловлар ўтказиладиган сана белгиланди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламентнинг юқори палатаси – Сенатга сайловлар 12 августда ўтказилиши ҳақидаги фармонни имзолади.
“Қозоғистон Республикаси парламент сенати депутатлари ваколатлари 2020 йил октябрда тугаши сабабли 2020 йил 12 августга сенат аъзолари сайловларини белгилашни буюраман”, дейилган фармон матнида.
Бундан ташқари, мамлакат ҳукумати, пойтахт Нур-Султон, Олмаота ва Чимкент шаҳарлари ва вилоятлар маъмуриятларига сенаторлар сайловларини ташкилий, моддий-техник ва молиявий таъминлаш бўйича чоралар кўриш вазифаси топширилган.
Сенатга 14 та вилоятнинг ҳар биридан, республика аҳамиятидаги икки шаҳар – Олмаота ва Чимкентдан ҳамда пойтахт Нур-Султондан 2 нафардан киши киради. Бундан ташқари, 15 сенатор сенатда миллий-маданий ва жамият манфаатларини билдирувчи бошқа элементлар вакиллигини таъминлаш учун давлат раҳбари томонидан тайинланади. Сенат депутатлари ваколатлари 6 йилни ташкил қилади.
Қозоғистон қонунчилигига кўра, сенат аъзолари сайловларида маҳаллий вакиллик органлари – маслиҳатлар депутатлари иштирок этади. Сенаторларнинг ярми ҳар 3 йилда қайта сайланади. Ушбу сенаторларнинг қайта сайланиши уларнинг ваколатлари якунланишига камида 2 ой қолганда ўтказилади.