Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатган
(last modified Tue, 02 Feb 2021 07:20:37 GMT )
феврал 02, 2021 12:20 Asia/Tashkent
  • Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатган
    Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатган

Тожикистондан электр энергияси фақат Афғонистонга етказиб берилмоқда, Ўзбекистон ва Қирғизистонга етказиб бериш тўхтатилди.

Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жумага таяниб, Asia-Plusнинг бу ҳақдаги хабарини Дарё сайти хабар қилган.

«Ўтган йили мамлакатнинг барча дарёларида сув оқими камайди, натижада ҳукумат мамлакат аҳолисини куз ва қишда узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида экспортга чекловлар киритди», — дейди вазир.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, 2019 йилги экспорт 2020 йил билан таққосланса, пасайиш 48 фоизни ташкил этган.

«Ҳозирги кунда Тожикистондан қўшни мамлакатларга электр узатиш линиялари орқали минимал оқим узатилмоқда. Бу узатиш линияларини бир-бирига боғлаб туриш учун зарурдир», — дейди Далер Жума.

«Барки Тожик» АЖ вакили матбуот анжуманида «Қирғизистон ва Ўзбекистонга электр узатиш линиялари» уланган бўлса-да, электр энергияси на Ўзбекистонга ва на Қирғизистонга экспорт қилинмаётганини айтган.

Таъкидланишича, 2020 йилда Тожикистонда жами 19 миллиард 770,5 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан экспорт учун қиймати 56,4 миллион доллардан ортиқ бўлган 1 миллиард 528,4 миллион кВт/с электр энергияси сарфланган. Ишлаб чиқарилган электр энергияси 2019 йилга нисбатан 905,7 миллион кВт / соатга кам.

Ёрлиқ