Тожикистондаги Россия ҳарбийлари тревога билан сафарбар қилинди
-
Тожикистондаги Россия ҳарбийлари
Россиянинг Тожикистонга жойлаштирилган 201-ҳарбий базаси ҳарбий хизматчилари жанговар шайлик бўйича машғулотларни бажариш учун 22 июль, жума куни тревога билан сафарбар этилди.
Дарё сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи маълум қилган.
Қўшилманинг бутун шахсий таркиби жалб қилинган жанговар шайлик машқлари Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган иккита гарнизонда бўлиб ўтмоқда.
«Бўлинмалар жанговар шайлик ҳолатининг олий даражасига келтирилди. Шахсий таркиб амалда шартли душманнинг муҳим объектларга ҳужум қилиши каби тўсатдан юзага келадиган вазифалар бўйича ҳаракатларни машқ қилмоқда», — дейилади хабарда.
Машғулотлар чоғида командир ва шахсий таркибнинг тревога билан сафарбар қилишдаги хатти-ҳаракатлари, шунингдек, Тожикистон Республикаси куч тузилмалари билан ҳамкорликни ташкил қилиш машқ қилинмоқда.