Ўзбекистон ва Тожикистон йирик шаҳарлар ўртасида автобус қатнови тикланиши кутилмоқда
Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Панжакент шаҳарлари ўртасида автобус қатнови қайта тикланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари икки мамлакатнинг шаҳарлари ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболларини муҳокама қилди.
Гап Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Панжакент ва бошқа йирик шаҳарлар ҳақида бормоқда.
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболларини кўриб чиқди.
Икки мамлакатнинг юқори мартабали раҳбарлари томонидан имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқишнинг боришини муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.